Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

МЕВАЛИ ДАРАХТ КУЙДИРГИСИ

ушбу касаллик қўзғатувчисидан эҳтиёт бўлинг

Мевали дарахт куйдирги касаллиги, асосан, раъногулдошлар оиласига мансуб дарахт ва буталарга зарар етказади. Мевали дарахтлардан беҳи, нок, олма, бутасимон мевалилар, кам миқдорда малина, атиргулларда тарқалиши кузатилган.

Бу касаллик жуда тез тарқалиш хусусиятига эга бўлганлиги учун у бир йил ичида боғнинг 20-50 фоиз майдонида тарқалиши мумкин, бу эса умумий майдоннинг 10-20 фоиз дарахтларини нобуд бўлишига олиб келади. Айрим боғларда касаллик 90 фоиз дарахтларнинг зарарланишига олиб келиши мумкин. Манзарали дарахтлар етиштириладиган майдонлар мевали дарахтларнинг куйдирги касаллиги инфекцияси тарқалиши ва ривожланиши натижасида айрим олма, нок ва бошқа мевали дарахтлар ҳосилининг йўқолишига ва боғ майдонларини максимал даражада қуришига олиб келади. Айрим Европа мамлакатлари боғ майдонларида мевали дарахт куйдиргисининг тарқалиши натижасида боғ майдонларининг қисқариши кузатилган.
Касаллик, асосан, инфекция ҳолатида, бутасимон манзарали дарахтларда қишлайди. Мевали дарахтлар куйдиргиси касаллигининг бактериялари дарахтларнинг гуллари, кесилган, урилган жойлари орқали ўтади. Дарахтнинг пўсти, новдалари ва танаси орқали уни зарарлаб, нобуд қилади.
Касалликнинг асосий белгилари:
1. Дарахт гулларининг сўлиши ва қуриши. Қуриб қолган гулларнинг ранги қўнғир рангдан қора-қўнғир ранггача ва қора рангда бўлади.
2. Дарахтнинг шох ва янги новдалари қуриб қолиши, қуриб қолган янги новдалардан шира ҳамда суюқ модда ажралиб чиқади ва бутун дарахт танасига оқади. Кейин янги новдалар қўнғир рангга кириб, учи қайрилиб қолади.
3. Барглар қора рангда бўлиб, ўралиб қолади, лекин дарахтдан тушиб кетмайди.
4. Янги мевалар ҳам қўнғир ва қора рангда бўлади. Ўсишдан қолади, дарахтдан тушиб кетмайди.
5. Касаллик, асосан, дарахтнинг юқори қисмида бўлган новда ва шохларидан бошланади. Аста-секин касаллик дарахтнинг танаси орқали пастки қисмига қараб ўтади. Зарарланиш натижасида дарахтнинг пўстлари ёрилиб, ёрилган жойларидан сутсимон оқ шилимшиқ модда ажралиб чиқиши касалликнинг асосий белгиларидан ҳисобланади.
Касалликни назорат қилиш эрта баҳорда дарахтларни гуллаш давридан кеч куз ойларигача давом этади. Шу боис импорт қилинган кўчатлар обдон лаборатория текширувидан ўтказилиши тавсия этилади.
Карантин касаллик тарқалган ҳудудлардан кўчатлар олиб келиш ман этилади. Касаллик билан зарарланган кўчат, аниқланганда, зарарланган кўчат ва дарахт кесиб ташланиши ва лозим бўлган санитар ишлари олиб борилиши керак.
Профилактик қарши кураш ишларини олиб бориш учун боғ майдонлари эрта баҳорда дарахтларни гуллаш фазасида стрептомицин қўшилган бордос препарати билан ишланиши лозим. Яна бир қарши кураш йўли бу - мева куйдиргиси касаллигига чидамли бўлган кўчат ва дарахт навларини экишдир.

Абдуботир РАҲИМОВ,
агроном инспектор


Дата добавления: 08/03/2019 12:14;   Просмотров: 1114
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку