Юртбошимиз ташаббуси ва раҳнамолигида қишлоқларимиз қиёфасини тубдан ўзгартириш, барча қулайликларга эга бўлган намунавий лойиҳалар асосидаги замонавий уй-жойлар барпо этиш, қишлоқда бутунлай янги инфратузилмани қуриш ва шу асосда аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтириш устувор вазифалардан бири сифатида кун тартибига қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 15 ноябрдаги "Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қурилишининг 2014 йил дастури тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш учун "Қишлоққурилишинвест" масъулияти чекланган жамияти уй-жойларни сифатли қуриб битказаётир. "Обод маҳалла» лар барпо этиш ҳам шу мақсадга қаратилган.
Меҳробод туманимиздаги энг чекка қишлоқлардан бири бўлиб, туман ҳокими мутасадди идоралар раҳбарлари билан ушбу маҳаллага элтувчи Самарқанд-Қарши магистрал йўлининг Нуробод тумани чегарасигача бўлган қисми ва маҳалла кўчаларини пиёда кезиб, деярли барча уй-жойлар, фермер хўжаликлари, хонадонлар, ижтимоий соҳа объектлари аҳволи, аҳоли талаб-эҳтиёжини ўрганганлиги ва шу масканда навбатдаги сайёр қабулни ўтказганлиги ҳақида газетамизнинг ўтган сонларида хабар қилган эдик. Меҳрободда ҳам маҳалла ташқи қиёфасини тубдан янгилаш, хонадонларни обод этиш, аҳоли турмуш маданиятини юксалтириш, ёшлар таълим-тарбиясини кучайтириш борасида комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлиги ўша сайёр қабулда уқтирилганди. Туман захира фондидан 200 млн сўм маблағ ажратилиб, янги сув иншооти барпо этилиши, мактабгача таълим муассасаси қурилажаги, светофор ўрнатилиши, маҳаллада янги трансформатор ўрнатиш, қуёнчилик, гулчилик, паррандачилик, чорвачилик, қўзиқорин, ёнғоқ етиштириш борасида тадбиркорлик қилишга имконият яратиб бериш масалаларини ўрганиш ва таклиф тайёрлашга йўналтирилганди.
Хуллас, туман ҳокими Ш. Жамоловнинг саъй ҳаракати ва ташаббуси билан бу ерда "Обод маҳалла» бунёд этишга қарор қилинди. Янги маҳалла қурилиши қай тариқа олиб борилаётганлиги билан қизиқиб, яқинда шу масканга йўл олдик.
– Бугунги тинч ва осойишта, фаровон турмушимизга ҳар нафасда шукрона келтиришимиз керак, – дейди биз билан суҳбатда "Меҳробод" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Феруза Равшанова, – Вилоятимиз, туманимиз раҳбарларининг эътибори туфайли барпо этилаётган "Маҳалла маркази", мактаб, МТМ, 3 та ичимлик суви иншооти, масжид ва чойхона, 32 хонадонга мўлжалланган турар-жой биносининг қайта реконструкция қилиниши катта тарихий воқеа бўлди десак хато бўлмайди. Яна шуниси диққатга сазоворки, МТП биноси капитал таъмирланиб, мактабга мослаштирилиши учун лойиҳа-смета бўйича 430 миллион сўм маблағ ажратилмоқда. 100 ўринли мактаб биноси эса мактабгача таълим муассасасига айлантирилиши учун 1 миллиард сўм сарфланиши кўзда тутилган. Шунингдек ичимлик суви иншоотининг иккитасини таъмирлаш учун 100 миллион, битта янги қуриш учун 200 миллион сўм сарфланади. Маҳалла маркази ва маиший хизмат объектлари эса "Довуд" ва "Шаропов Усмон" фермер хўжаликлари сингари ҳомийлар маблағлари ҳисобидан бунёд этилади. Стадион қурилишини хусусий тадбиркор Заробиддин Фозилов ўз зиммасига олган. 32 хонадонга мўлжалланган тўрт қаватли турар-жой биноси учун канализация тармоғи қилиниб, қайта таъмирлаш ишлари қизғин олиб борилаяпти. Шундай обод масканлар бунёд этилаётганидан фуқароларимиз қувончларининг чеки йўқ. "Бундай ғамхўрлик ва эътибор учун муҳтарам Юртбошимиздан чексиз миннатдормиз" дейишмоқда улар.
"Меҳробод" маҳалласида қизғин давом этаётган қурилиш ва бунёдкорлик ишларидан мамнун бўлиб қайтар эканмиз, маҳалла аҳолисига замонавий ва мафтункор "Обод маҳалла» муборак бўлсин, дегимиз келди.
Хайрулла ҲАМРОЕВ,
"Гулобод тонги" мухбири
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.