1-сектор ҳудудига мансуб Меҳробод энг чекка қишлоқлардан ҳисобланиб, Миронқул маҳалласи таркибига киритилганлигига кўп вақт бўлган эмас.Туман ҳокими, мазкур сектор раҳбари Ш.Жамолов мутасадди идоралар раҳбарлари билан ушбу маҳаллага элтувчи Самарқанд-Қарши магистрал йўлнинг Нуробод тумани чегарасигача бўлган қисми ва маҳалла кўчаларини пиёда кезиб, деярли барча уй-жойлар, фермер хўжаликлари, хонадонлар, ижтимоий соҳа объектлари аҳволи, аҳоли талаб-эҳтиёжини ўрганди ва айнан ана шу масканда навбатдаги сайёр қабулни ўтказишга қарор қилди.
Кескин танқидий руҳда ўтган қабул жараёни барча сектор аъзолари, фаоллар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари учун ҳам катта сабоқ ва жиддий туртки бўлди. Қабулда 37 нафар кексаю ёш, эркаку аёл фуқаролардан тушган жами 43 та мурожаат-масала эшитилди ва ечим йўллари белгиланиб, мутасадди ташкилотларга ижро учун топширилди. Жумладан, меҳрободлик Ш.Робиева шу ердаги 35-мактабда фарзандининг таълим-тарбия олишидан қониқмаётганлиги, рус тили ўқитувчиси, спорт зали йўқлигидан эътироз билдирди. Мурожаат тўлалигича қисқа муддатда ижобий ҳал бўладиган бўлди.
Фуқаро М.Маъдиевнинг Меҳрободда маънавий-маърифий маскан, нуронийлар чойхонаси ва ичимлик суви муаммоси ҳақидаги мурожаати ҳам ўз ечимини топди. Туман захира фондидан 200 млн маблағ ажратилиб, янги сув иншооти барпо этилади, деди ҳоким. Фуқаро Р.Болтабоеванинг мактабгача таълим муассасаси йўқлиги, светофор ўрнатилиши зарурлигини билдиргач, мурожаат тегишли тартибда назоратга олинди ва ижрога қаратилди. А.Бурҳоновнинг маҳаллада янги трансформатор ўрнатиш, Г.Ахмедованинг санъат коллежини битираётган фарзандини иш билан таъминлаш ҳақидаги талаблари қондирилди.
Айтиш жоизки, бир неча шаҳарлик фуқаро ҳам қабулда навбат билан кириб, ер жой берилса, хусусий МТМ бунёд этиш, қуёнчилик, гулчилик, паррандачилик, чорвачилик, қўзиқорин, ёнғоқ етиштириш борасида тадбиркорлик қилишга тайёр эканликларини билдиришди. Масала ўрганиш ва таклиф тайёрлашга йўналтирилди.
Қабул маросими сўнгида туман ҳокими маъмурий идоралар раҳбарлари иштирокида маҳалла аҳли билан очиқчасига мулоқот ўтказди. Ҳудуднинг маиший чиқинди-ахлатга тўлиб кетганлиги, одамларнинг ўз она ватанига, муқаддас тупроғи, миллий қадриятларига беписандлиги, лоқайдлиги, коммунал хизмат идораларидан қарздорликлари, ерни талон-торож қилишлари, ҳужжатсиз эгаллаб олишлари, катта магистрал йўл ёқасини ноқонуний ўзлаштириш, молхона қуриш ҳолатлари хусусида батафсил тўхталиб ўтди. Маҳалла фаоллари, зиёлилар, тадбиркорлар, кекса отахонлар ва онахонларнинг бурч-масъулияти, ёшларнинг ғайрат-шижоати, юртпарварлиги, ўз яшаш жойига меҳр-муҳаббати, садоқати, афсуски, сезилмаяпти, деди у. Собиқ Мичурин номли техникумнинг кўпқаватли уйида 32 та оиладан 6 таси қаерда яшаётгани номаълум, 48 та ҳовли-хонадоннинг эгалик ҳужжати йўқ. Бу нима деган гап?
Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги энг шароити оғир Манас қишлоғи бугун бунёдкорлик, фидойилик майдонига айланган. Вилоятимизнинг Нуробод туманидаги Жом ва Гирдиқўрғон қишлоқларида ҳам бутун аҳоли оёққа турган, яшариш ва янгиланиш иштиёқи билан жасорат кўрсатишмоқда. Меҳрободликлар улардан камми? Нимага қодир эканликларини намоён этишларини, давлатимиз раҳбарларидан ибрат олишларини истардим. Туман ҳокимлиги сизларнинг барча эзгу сайъ-ҳаркатларингиз, қонуний талаб-хоҳишларингизни қўллаб-қувватлайди, амалга ошишига ёрдам беради, - якунлайди ўз сўзини туман раҳбари.
Шундан сўнг туман ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Шодиева, «Гулобод тонги» газетаси муҳаррири Н.Каримов, туман бош имом-хатиби Б.Шаропов, ИИБ бошлиғининг ёшлар масаласи бўйича ўринбосари Р.Ходжиев, маҳалла раиси Ф.Равшанова ва бошқалар маҳалла ҳаёт-фаолияти, ташқи қиёфасини қисқа муддатда тубдан янгилаш, хонадонларни обод этиш, аҳоли турмуш маданиятини юксалтириш, ёшлар таълим-тарбиясини кучайтириш, йўл қўйилган хато-камчиликларни бартараф этиш комплекс чора-тадбирларини амалга ошириш зарурлигини уқтирдилар. Баҳор ва Наврўз поклик, орасталик, жўшқинлик, нафосат билан ҳамоҳанг экан, Меҳробод обод бўлади, деган қатъий ишонч, ҳамжиҳатлик туйғуси қалбимизни асло тарк этмасин.
Н.МЕҲРАНГИЗ
Сурат муаллифи Б.ҚОДИРОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.