Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

МЕҲР - ОҚИБАТ БАЙРАМИ

Қадимги аждодларимиз илк баҳор шабадаси сабзаларни уйғотган дилрабо пайтда янги йил байрами - Наврўзни нишонлашган. Деҳқонлар махсус идишга етти хил дон экиб, унинг униб чиқишига қараб, кузда олинадиган ҳосил чўғини чамалашган. Шарқ халқларида 7 рақами муқаддас ва тилсимли саналгани учун "кўкламнинг етти кўкати" ҳақидаги қарашлар келиб чиққан.

... Миллий байрамимиз ҳақида юртимиздаги илк маълумотлар "Авесто"да ўз аксини топган. Маҳмуд Кошғарийнинг "Девони луғотит турк", Юсуф хос Ҳожибнинг "Қутадғу билиг", Абу Райҳон Берунийнинг "Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар" каби тарихий - бадиий асаларда Наврўзга оид қайдларни учратиш мумкин. Бироқ энг катта далил - асрлар оша авлоддан-авлодган, дилдан-дилга кўчиб келаётган халқ оғзаки ижодидир.
Наврўз айнан кўкламги тенгкунликда, қиш ва баҳорнинг алмашиш вақтида, бутун борлиқ уйғонадиган фароғатли дамда тантана қилинади. Халқимиз табиат уйғониш - орзиқиб кутилган Наврўзи оламни ариқ-зовурларни тозалаш, кўчатлар экиш, янги биноларнинг илк ғиштларини қўйиш каби эзгу амаллар билан кутиб олади. Байрам арафасида янги уй-жойлар, корхоналар, тиббиёт ва ўқув муассасалари, хизмат кўрсатиш шахобчалари ишга туширилади. Бу иншоотлар Ватанимиз чиройига-чирой қўшиш билан бирга, юртдошларимизнинг турмуш тарзини янада яхшилашга хизмат қилади.
Ўзбекистон Қаҳрамони, шоир Абдулла Орипов шундай ёзган:
Қизғалдоқ баргидай учар дилдан ғам,
Тошқинлар киради қалбимга маним.
Баҳоринг муборак бўлсин ушбу дам,
Менинг Ўзбекистон - дилбар Ватаним.
Ҳа, ушбу пайтда гўёки, олам гўзаллиги Наврўз чиройи ила янада гўзаллашади. Наврўз муҳаббат байрами, меҳр-оқибат байрами. Зеро, ушбу айём кунларида кўнгиллар сўралади, одамлар бир-бирларига фақат эзгулик тилайди. Минг йиллар давомида қон-қонимизга, онгимизга жойлашган бу улуғ одат инсон умри мазмунини белгиласа, не ажаб.
Йилбоши арафасида етти хил дондан наврўзий гўжа, етти хил кўкатдан кўк сомса тайёрланади. Сумалак ва ҳалиса тайёрлаш, арғимчоқ учиш, варрак учириш, хўроз, қўчқор уриштириш каби анъаналар байрамга ўзгача завқ ва шукуҳ бағишлайди. Буларнинг барчаси аждодларимизнинг эзгу қарашларидан сўзлайди. Сумалак ҳақида кўплаб ривоят ва афсоналар бор:
Сумалак - биби Фотиманинг ишлари экан. Бир куни у кишининг болалари оч қолишибди. Овқат пишириб берай десалар, уйларида қозонга солгудек ҳеч вақо йўқ экан. Ўшанда қиш чиқиб энди кўклам кўкатлари ер бағирлаб бош кўтараётган маҳал экан.
Биби Фотима ҳовлининг бир четига кузда бир ҳовуч дон сепган эканлар. Қарасалар, кўкариб, майсалаб қолибди. Дарров шу майсадан ўриб келиб, майдалаб қозонга солиб, супрадан қоқиштириб олинган бир сиқим унни ҳам қўшиб, яхшилаб аралаштириб, устидан сув қуйиб, қозон тагига ўт қалайдилар. Бироз қозонни ковлаб ўтирганларидан кейин ўғилларига қўшилиб биби Фотима ҳам ухлаб қолибдилар.
Эрталаб уйғониб қарасалар, қозонни ўттизта фаришта ковлаб пишираётган эмиш. Шунинг учун ҳам бу таомнинг номи сумалак - ўттиз малак бўлиб қолган экан.
Келди Наврўз байрами, бизда
достон сумалак,
Қўлда гуллар бойлами, азиз
меҳмон сумалак,
Ўзбекистон кўклами, тан ичра жон сумалак,
Таомларнинг кўрками, юртда
мезбон сумалак,
Дармон дори ўктами, танга дармон сумалак.
Халқимизнинг энг севимли миллий таомларидан бири - сумалак - буғдой дони кўкатидан тайёланади. Унинг сир-асрорини билгунча, фойда зарарини аниқлагунча қанча вақтлар ўтмаган. Кўп асрлар давомида уни тажрибада синаб, текшириб, сумалакнинг шифобахшлигига ишонч ҳосил қилинган. Буни ҳис этган барча, катта-кичик, соғ-бемор уни танавул қилишга шошилади. Хусусан, қишдан баҳорга чиқиш - дармонсизлик, илик узилди пайтга тўғри келади. Сумалакда шакар моддаси, оқсил, фойдали жавҳарлар (кислота), дармондорилар мўл бўлади. Карим Маҳмудовнинг фикрича, "сумалак ўта шифобахш таомдир" (Меҳмоннома. Тошкент , 1989, 212-бет).
Сумалакнинг шифобахшлигини замонавий тиббиёт илми ҳам аниқлаган. Унда айниқса дармондори кўп бўлиб, ўз қиммати жиҳатидан ҳаёт илдизи деб аталувчи женшенга тенгдир. Уни парҳез таом сифатида истеъмол қилинса шифобахшлиги янада ортади. У ширин уйқу бахш этади, асабларни тинчлантиради, тана ҳароратини мувозанатга келтиради. Кексаларнинг фикрича сумалакнинг кучи келгуси йилгача сақланади.
Тун бўйи қиз-жувонлар, кавлашади шодланиб,
Дуогўй меҳрибонлар, қўшиқ айтишар ёниб.
Гўзал, хушрўй жононлар, ўйнашади тўлғониб,
Барча дўстлар жам бўлиб, жўр
бўлишиб яллага,
Дошқозоннинг малҳами ғоят шодон сумалак.
Наврўз кунларини сумалак пишириш анъанасини олинг. Ҳамжиҳатлик ва аҳилликнинг бетакрор кўриниши! Бир-бирига суянчиқ бўлган одамларнинг қозон бошидаги лапарлари-ю эзгу ниятларини айтмайсизми! Шундай дамларда ҳар қандай гина-қудурат, ташвиш ва адоватлар унутилади. Буларнинг барчаси ҳамиша бир-биримизга керак эканлигимизни эслатади, ўзаро иноқлик ришталарини мустаҳкамлайди.
Она табиатнинг уйғониш фасли, фаслларнинг келинчаги бўлмиш баҳор, энг аввало, Наврўз айёми билан гўзал. Бу айём она халқимизнинг ҳаётга, табиатга, меҳр-муҳббати, орзу-ниятларининг беғубор ва буюклиги билан қадрли.
Куй-наво сеҳрли, ёқимли бирам -
Демак, сен келибсан, Наврўзи олам!

Холиқ ҲАКИМОВ


Дата добавления: 16/03/2018 15:04;   Просмотров: 1210
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку