13-умумий ўрта таълим мактабининг ҳовлисига қадам ранжида қилар экансиз ландшафт дизайни, ранг-баранг гулу райҳонлар, чиройли тартибда шакл берилган манзарали дарахтларни кўриб дилингиз яйрайди. Мактаб ҳовлисига кирдигу мактаб директорининг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Эрдон Рўзматов билан мактаб ҳудудини айланиб, бунга гувоҳ бўлдик.
Унинг таъкидлашича бундай манзаралар ташқаридан мутахассис ёки ишчи олиб келиб қилдирилмаган, мактаб жамоаси таълим масканининг тоза-озодалиги, гўзаллигига бирдек ўзи жавобгар ҳисоблашаркан. Қолаверса, ўқувчилар ҳам бундай эзгу ишларда камарбаста экан. Бунга "Ўқувчилар боғи" деб номланган махсус ҳудудни кўриб гувоҳ бўлдик.
Ҳовлини айланиб танишгунимизча таълим муассасаси директори Тўрақул Абдуллаев ҳам етиб келди. Ундан мактаб фаолияти, эришилаётган ютуқлар ҳақида сўрадик:
- Мактабимизда 24 нафар ўқитувчи ўқувчиларимизга таълим-тарбия беришади, - дея гап бошлади Т. Абдуллаев. - 12 та синфда 281 нафар ўқувчи ўқийди. Жамоа аҳил, гапимиз бир жойдан чиқади. Президентимиз томонидан чиқарилаётган қарор ва фармойишларни дастуриламал қилиб ишлаяпмиз. Ўқитувчиларнинг ойлик маошлари кўтарилмоқда, мактабнинг моддий базаси мустаҳкамланмоқда. Ўқувчиларимиз шунга жавобан олдинга интилмоқда. 2018-2019 ўқув йилида "Обод мактаб" кўрик танловига қатнашиб туман ва вилоят босқичида биринчи ўринни эгалладик. Республика босқичида эса фахрли иккинчи ўринни эгалладик.
- Мактаб ҳудудини айланиб чиқдик. Майдони катта экан. Агар сир, бўлмаса қанча даромад қиласизлар?
- Меҳнатимизга яраша 8-10 миллион сўм даромад олмоқдамиз. Икки сотиқ иссиқхонамизда қиш фаслида кўкатлар парвариш қилиб, яхши даромад олдик. Ҳозирги пайтда бодринг ҳосили тайёр бўлмоқда. Бодрингдан кейин яна бир марта экиб ҳосил оламиз.
Ёнғинга қарши ҳавузимиз бекор турмасин деб, сув тўлдириб 3 кг "Оқ Амур", 3 кг "Сазан", 5 кг "Толтолиб" номли балиқчалар парвариш қилмоқдамиз. Ҳозир улар 6 ойлик бўлди. Насиб бўлса улардан ҳам анча даромад оламиз. Лекин даромадни ўзи қўлга келмайди. Уни харажати ҳам бор. Иссиқхонанинг устига плёнка, темир, уруғлик, ўғит ва бошқаларни сотишга 4,5 млн сўм харж қилдик.
- Мактаб таъмири вақти яқинлашиб келмоқда. Таъмир пули ота - оналар ҳисобидан - ми ? Пул териш масаласи қандай?
- Биз пул теришни барҳам қилган. Мактаб ери, боғи, парниги ва бошқа манбалар ҳисобидан мактабни таъмир қиламиз. Айрим ҳомий, тадбиркорлар ёрдам беришмоқда.
Яхши меҳнат қиладиган ўқитувчилар ҳамда кўрик танловлар, фан олимпиадалари, билимлар беллашувларида ғолиб чиққан ўқувчиларни мактаб ҳисобидан рағбатлантирамиз.
- Офарин, сизларга.
Ҳа, мактаб билим даргоҳи, зиё маскани. Ушбу даргоҳда ўқимаган инсон йўқ. Ота - боболаримиз ҳам, ҳокиму Президентимиз ҳам шу даргоҳда ўқиб, билим олиб, комил инсон бўлиб чиққан. Дарҳақиқат, мактабни ривожлантириш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш учун маркетинг хизматини яхшилаб тадбиркорликни йўлга қуйиб, бюджетдан ташқари маблағ топишимиз лозим бўлади.
Раҳматилло ШАРИФЗОДА
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.