Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

МЕҲНАТДАН БАХТ ТОПГАНЛАР

Ҳаётда чинакам бахт сидқидилдан меҳнат, изланиш, қолаверса, келажакка бўлган ишонч билан юзага келади. Динара Султонова қадамба-қадам илм чўққисини забт этганлардан. У Россиянинг Свердловск вилояти Кировоград шаҳридан туманимизга ўтган асрнинг 40-йилларнинг охирларида кўчиб келганлардан. 1956 йилда собиқ Ҳ.Олимжон номли 23-умумий ўрта таълим мактабининг 8-синфини, 1961 йилда Ушинский номидаги хотин-қизлар билим юртини тугатди. 1966 йилда А.Навоий номидаги Самарқанд Давлат университетининг чет тиллар куллиёти талабаси бўлди.

Олийгоҳни битириб, устозлари тавсияси билан мазкур факультет кафедрасида ўз фаолиятини бошлади. Ана-мана дегунча 50 йил бир ўқув юртида ишлабди. У иш фаолиятини уй-рўзғор, болалар тарбияси билан бақамти олиб борди.
- Мен бир қатор Шарқ мумтоз адабиёти вакиллари - Ҳофиз Шерозий, Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов кабиларнинг ижодини инглиз тилига таржима қилдим, - дейди Динара Султонова. - Бу асарлар Америка, Англия, Франция, Польша, Россия, Туркия мамлакатларида тарғиб қилинди. Халқаро анжуманларда ўзбек шеърияти тўғрисида чиқишлар қилдим. Шу билан биргаликда, Америка шоирлари ижодини ўзбек тилига ҳам ўгирдим. Шукроналар бўлсинки, таржималаримни дунё тан олди. Натижада Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев имзоси билан 2017 йилнинг 25 августида "Дўстлик" ордени билан тақдирландим. "Ўзбекистон фидойи аёллари" тўпламига мени киритдилар.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг таклифи билан Ўзбекистон телевидениесида А.Навоий ғазалларини инглиз тилида қироат қилдим. Америкалик шоира Эндру Мобс мен ҳақимда тўлқинланиб ойинаи нилгун орқали илиқ сўзларни гапирди.
Д.Султонова турмуш ўртоғи Юрий Султонов билан икки нафар ўғил ва икки нафар қизни етук фарзандлар этиб вояга етказяптилар.
Ошуфта қалбларга малҳам Динара,
Яхшилик қилдингиз умрингиз бўйи.
Эзгулик қолади элга кун ора,
Эзгулик - элимнинг кундалик тўйи.

Ҳидоят УМУРҚУЛОВА,
жамоатчи мухбир


Последнее редактирование: 01/02/2019 14:57;   Просмотров: 936
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку