Касбга садоҚат
Ҳа, бундай тоифа инсонлар тўғрисида кўп ва хўб гапирилади. Чунки, уларнинг фаолияти, ҳалол меҳнатлари эвазига топаётган моддий ҳамда маънавий бойликлари бошқалар учун доимо ибратдир. Лавҳамиз қаҳрамони Анвар ака ҳам ана шундай инсонлар сирасига киради.
... Ўрта мактабни аъло баҳоларда битирган Анвар ҳам кўп ўтмай тенгқурлари қатори ҳарбий хизматга чақирилди. Ҳарбий хизматда у ўзининг тиришқоқлиги, меҳнатсеварлиги, ғайрат-шижоатини кўрсатиб, сафдошларига ўрнак бўлди. Шунинг учун ҳам уни собиқ коммунистик партия (КПСС) аъзолигига номзод этиб сайлайдилар. (Ўша давр удумига кўра, давлатга намунали хизмат кўрсатган ижтимоий хизматчи, ишчилар бу партияга аъзо сифатида қабул қилинарди), Оддий аскарликдан рота старшинаси даражасигача кўтарилиб, хизматни муваффақиятли адо этиб қайтди. Шундан сўнг, Самарқанд Давлат Университетининг тарих факултети кечки бўлимида ўқиш билан бирга тумандаги Улуғбек номли пластмасса фабрикасида оддий ишчи сифатида меҳнат фаолиятини бошлади. Номзодликдан партия аъзолигига қабул қилингач эса йўлланма билан вилоят ИИБга ишга юборилди. Асосан, оператив тезкор қидирув ходимларининг энг қобилиятлиларидан бири бўлган А. Ҳалимов ўз билимини янада ошириш мақсадида Республика ИИВ академиясининг сиртқи бўлимида таълим олди. Узоқ йиллар жиноят қидирув бўлимида тезкор вакил, катта тезкор вакил сифатида фаолият олиб борди. Тажрибали ходимнинг билим ва салоҳияти инобатга олиниб, бўлим бошлиғи этиб тайинланди. У бошчилигида кўплаб оғир жиноятлар айниқса, ўта оғир жиноятларнинг пайи қирқилиб, фош этилди. Ҳаётда инсонлар ҳурматини жойига қўйиш, уларни қадрлаш, кечиримлилик каби юксак инсоний фазилатларга эга Анвар ака хизматнинг сўнги 18 йилини раҳбарлик лавозимида ўтказди. Ватанимиз ва халқимизга вафодорлигини, ўз касбига садоқатини амалда намоён этди. Катта ҳурмат ва обрў оғушида подполковник унвони билан нафақага чиқди ва бугунги кунда деҳқончилик билан шуғулланиб келяпти.
Илк устозлар ва оила шажараси
Шу ўринда таъкидлаш жойизки, Анвар аканинг бу даражада етишида илк устозлари падари бузургвори Тўхтамурод Ҳалимов ва қайнотаси Иди Казаковларнинг ҳиссаси катта бўлди. Чунки, отаси Тўхтамурод бобо ҳам узоқ йиллар собиқ НКВД (ҳозирги ИИБ) да фаолият олиб борган. Туманда янги ташкилот Кўнгилли Ўт Ўчирувчилар жамияти (ДПО) ташкил этиб, тамал тоши қўйганлардан бири саналади. Қайнотаси полковник Иди Казаков ҳам мудофа тизими фидойиларидан эди. Албатта, Анвар ака ҳам касб сир-асрорларини улардан қунт билан ўрганиб, доимий равишда панд-насиҳатларига қулоқ тутиб келди ва ҳаётда ўз ўрнини мукаммал топди. Бундан ташқари оилавий муҳит, 10 нафар фарзандни дунёга келтириб, оқ ювиб, оқ тараб уларнинг вояга етказган волидаи мўҳтарамаси, "Қаҳрамон она" Тўтихон аянинг берган тарбиялари ҳам ҳаётида унга кўп бора асқотди. Анвар аканинг яна бир хусусияти бу ўтган авлод-аждодларига бўлган катта ҳурмат, эътиромидир. Шунинг учун ҳам у киши бу ҳақда маълумотлар тўплаб, оила шажарасини тузди ва бугунги авлодларига улкан бир мерос сифатида қолдиряпти.
Сулола давом этмоқда
Оилада Анвар ака турмуш ўртоғи Сайёра опа билан 4 нафар фарзандларини ҳам одоб-ахлоқли, меҳр-оқибатли, ўқимишли ва жамият учун нафи тегадиган комил инсонлар қилиб тарбиялаб вояга етказишди. Тўнғич ўғли Алишер ҳам ота-боболари изидан бориб, Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар Вазирлиги Академиясида таҳсил олди. Дастлаб ИИБ тергов бўлимида, сўнгра эса ЖҚБ да фаолият олиб борди. Ходимлар ичида биринчилардан бўлиб, жиноятларни фош этишда замонавий технологиялардан фойдаланишни йўлга қўйди. Ўта зукко, бағрикенг, одамлар дардига малҳам бўла оладиган одамохун Алишержон ҳар доим кўпчилик манфаатини ўз манфаатидан устун қўярди. Бировга ёрдам қўлини чўзиш, айниқса, танишми, нотанишми ёшларни ҳаётга ўз ўринларини топиб кетишида тўғри йўл-йўриқлар кўрсатиб, кўмагини аямасди. Ўзи ҳам кўплаб шогирдлар етиштириб чиқарганди. Терговчи, тезкор вакил, ўта муҳим ишлар бўйича катта тезкор вакил, уюшган жиноятларни фош этиш бўлими бошлиғи муовини сифатида ситқидилдан қилган самарали меҳнатлари туфайли ҳукуматимиз томонидан 2015 йилда "Жасорат медали " билан тақдирланганди. Аммо, афсуски, Алишержон 2007 йилнинг 3 январида Ватан олдидаги бурчини шараф билан адо этаётган бир вақтда фоний дунёни тарк этди. Яна бир оила сулоласининг давомчиси милиция майори Улуғбек Ҳалимов айни пайтда соҳада фаолиятини давом эттирмоқда. Кичик ўғил Хуршеджон эса "Тўхта, Тўти" фермер хўжалигида отасидан тажриба ўрганиб, деҳқончилик соҳасида меҳнат қилаяпти. Қизи Интизор Сам МИни тугатиб, ҳозирда шаҳардаги тиббиёт коллежида ёшларга сабоқ бериб келаётир. Келинлари Рухшона, Илмия ва Меҳрубонлар ҳамда 12 нафар шириндан-шакар набералар бугун Анвар ака ва Сайёра опаларнинг ҳаётдан топган бебаҳо неъматларидир.
Кўпни кўрган кўп нарсани билади...
Дарҳақиқат, бу нақлни Анвар ака мисолида ҳам амалда кузатиш мумкин. Ўтмишни хотирлаш, замон билан ҳамнафас бўлиш, келажакка эътибор қаратиш каби ажойиб хислатлар у кишида мужассам. Айтмоқчи бўлганимиз, тарихчи, ҳуқуқшинос, деҳқон, тадбиркор, ёшлар мураббийи бўлган Анвар акадан кўп нарсаларни ўрганса бўлади.
- Мен бир нарсага ҳайрон, - дейди Анвар ака - айрим шахслар нафақага чиқиб чойхонани "ижарага" олишади. Ахир "бекорчидан худо ҳам безор" деган гап бор. Мен оила аъзоларим билан далада меҳнат қилиб, ҳаловат топаман. Халқимизнинг "меҳнат инсонни улуғлайди" деган нақлига амал қилган ҳолда оиламиз ва жамиятимизга нафимиз тегаётганидан хурсандман. Чунки, бундай шароитни бизга муҳтарам Юртбошимиз яратиб бераяпти.
Зоҳир ҲАСАНЗОДА
Тошпўлод ЮСУПОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.