Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Россия Федерациясига ишлаш учун кетаётган бир гуруҳ меҳнат мигрантлари билан учрашув бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда ташқи миграция соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ташқи миграция, рекрутинг фаолияти тўғрисида янги қонун лойиҳалари яратилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерациясига давлат ташрифи доирасида “Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Россия Федерацияси ҳукумати ўртасида Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ташкилий жалб этиш ва ишга қабул қилиш тўғрисида”ги битим имзоланган эди. Мазкур битим Россия Федерацияси ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ташкилий жалб этиш ва ишга қабул қилиш бўйича томонлар ҳамкорлигининг тартиби ва шартларини белгилаб беради.
Битимга асосан Россияда меҳнат қилаётган ва меҳнат қилиш истагида бўлган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимояланади. Унга кўра, иш берувчининг меҳнаткаш-мигрантларни ташкилий жалб этиш ва ишга қабул қилишда иштирок этишнинг мажбурий шартлари, яъни, зарурий санитария-гигиена ва бошқа меъёрларга мувофиқ яшаш жойлари ва меҳнат хавфсизлиги таъминланади. Шунингдек, ҳужжатларда белгиланган энг кам даражадан кам бўлмаган кафолатланган меҳнат ҳақи берилади.
– Меҳнат фаолиятимизни амалга ошириш учун Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига кетяпмиз, – дейди жиззахлик Жасур Ёвбосаров. – У ерда бир йиллик шартнома асосида тикув фабрикасида ишлаймиз. Иш жойимиздаги меҳнат қилиш ва яшаш шароитлари, ойлик маошимиз ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлдик.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан берилган маълумотларга асосан, ташқи меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Россияга кетаётган фуқаролар Россиядан келган иш берувчилар билан бўлган суҳбатда сараланган.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Азиз Абдуҳакимовнинг таъкидлашича, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида меҳнаткаш-мигрантлар учун мослаштириш ва ўқитиш марказлари очилиши кўзда тутилган. Ўзбекистон фуқаролари хорижга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетиш олдидан мазкур марказларда ўқийди. Бу ерда улар ўзлари борадиган мамлакат қонунчилиги, анъаналари ҳақида маълумотга эга бўлади. Борадиган мамлакат тилида сўзлашиш ва меҳнат вазифаларини бажаришни етарли даражада ўрганади, шартнома бўйича ишга жойлашадиган корхоналарда техника хавфсизлиги ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини ўзлаштиради, тиббий кўрикдан ўтади.
Тадбирда вақтинчалик меҳнатга жалб қилинганларга махсус сертификатлар топширилди.
Нурилло НАСРИЕВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.