Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

МАЪЮС КЎЗЛАРДА ПОРЛАГАН ҚУВОНЧ

Беш ёшли Тамилла онаси қамалиб кетганида ҳали уч ёшга ҳам кирмаганди. Онаси уйга келмай қолганининг сабабини эса у тушунмас, фақат эшикка маъюс термуларди...

Энди эсини анча таниб қолган қизалоқ учун онасининг қайтиб келиши чинакам байрам бўлди. Унинг маъюс қора кўзларида қувонч порлади. У тунлари онасини маҳкам қучиб ухлаш, кундузлари унинг этагини қўйиб юбормасликни одат қилиб олди. Шундай қилса, энди онаси кетиб қолмайдигандек.
Турли сабаблар билан Тамилланинг ҳолига тушган, гоҳ онаси, гоҳ отасининг дийдоридан маҳрум бўлиб, кўзлари маъюс тортган ўғил-қизлар орамизда кам эмас.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллигини нишонлаш арафасида Президентимиз томонидан 2 минг 700 нафар маҳкумни афв этиш тўғрисидаги фармон имзолангани қанчадан-қанча маъюс кўзларга қувончни, кўплаб оилаларга рўшноликни қайтарди.
Мазкур фармоннинг қабул қилингани Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан давлат ва жамиятнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган демократик ўзгаришлар инсонпарварлик тамойилига асосланганлигини кўрсатувчи яна бир ёрқин далилдир.
Қайд этиш керакки, қонунга риоя қилмаган, бироқ ўз қилмишининг қонунга хилофлигини англаб етган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган шахсларга ўз оиласига ва жамиятга қайтиши, ижтимоий мослашиш имкониятининг берилиши ўзбек халқининг кечиримлилик, раҳмдиллик ва бағрикенглик каби азалий қадриятларининг амалдаги ёрқин ифодасидир.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигидан маълум қилишларича, айни пайтда фармон ижроси тўлиқ таъминланган. Фармонга асосан афв этилган шахслар жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилиниб, ўз уйи, оиласи бағрига қайтди.
Юқорида тилга олинган қизалоқнинг онаси Нигора Шерифова ҳам юксак бағрикенглик – афвдан баҳраманд бўлди. Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳридаги Фарғона маҳалласида истиқомат қилувчи бу аёл вақтинча ишсиз бўлиб қолгани боис пул топишнинг эгри йўлини танлаганди. Гиёҳвандлик воситаси бўлган гашиш моддасини олиб сотмоқчи бўлганида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ушланганди. 2015 йил суд ҳукми билан у 7 йилга озодликдан маҳрум этилган.
– Фарзанд дийдоридан айро бўлиш, оиладан жудолик аёл киши учун қанчалик оғирлигини сўз билан ифодалаш қийин, – дейди Нигора. –Ўшанда қилаётган ишим мени шундай хўрликка маҳкум этишини, афсуски, яхши англамаган эканман. Панжара ортида шуларни ўйлаб минг бор афсусландим, чексиз тавбалар қилдим. Оҳу зоримни эшитгувчи борми, деб қалбан илтижолар қилардим. Бунинг ижобатини Президентимиз томонидан афв этилганлар орасида борлигимни билганимда чуқур ҳис этдим. Бундан шунчалар миннатдор бўлдимки, энди бунинг ҳақини ўлгунимча ҳалол меҳнат билан оқлайман, деб ўзимга ўзим сўз бердим. Давлатимиз раҳбари аёлнинг ўрни оилада, фарзанди ёнида, деган фикрни билдирган. Мен каби адашган аёлларга имкон бериб, кечириб ана шу фикрнинг ҳақиқий исботини намоён қилганларидан бир умр миннатдорман.
Н.Шерифовани ўз маҳалласида қўни-қўшнилари, фуқаролар йиғини фаоллари, маҳаллий ҳокимлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари кутиб олди. У эндиги ҳаётини қандай давом эттириши, соғлиғини тиклаши, қаерда ишлаши каби масалалар биргаликда муҳокама этилди. Зеро, бундай шахсларнинг жамиятга мослашиши, қайта жиноятга қўл урмай тўғри йўлдан кетиши учун улар бевосита масъулдирлар.
Маъюс тортган кўзларда бугун порлаётган қувонч замирида ҳаётдан розилик, жамиятнинг эзгу мақсадларига дахлдорлик ҳисси мужассам. Бу эзгулик давлатимизнинг асл мақсадлари билан муштаракдир.

Норгул АБДУРАИМОВА


Дата добавления: 29/12/2017 12:09;   Просмотров: 1162
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку