Ғалла бизнинг ризқи-рўзимиз. Бу йил туманимиз фермерлари 2810 гектар майдонда бошоқли дон экиб ўз вақтида суғориб озиқлантирдилар. Уларнинг сайъ-ҳаракатлари туфайли ғалла майдонларида ҳосил пишиб, энди ўрим-йиғим чоралари кўрилмоқда. Туманда мавжуд 377 та фермер хўжаликларининг ғаллазорлари 4 та секторга бўлинган.
Туман ҳудудида етиштириладиган бошоқли дон экинларини ўз вақтида, нобудгарчиликларсиз ва сифатли йиғиштириб олиш, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида биз барча куч ва техник воситалар ҳамда ҳар бир ходимнинг аниқ вазифаларини белгиланган ҳолда 21-сон ёнғин қўриқлаш қисми қошида тезкор штаб туздик. Туман дон маҳсулотларини қабул қилиш, сақлаш, қуритиш ва қайта ишлаш корхонаси омборлари ва масканларнинг ёнғинга қарши ҳолатини кўрикдан ўтказдик ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш чораларини белгилаб бердик.
Бу маскандаги мотопомпалар, сув тортиш қуроллари билан тўлиқ жиҳозланганлигига, барча электр ускуналарини созлигига, электр таъминоти тизимини "Электр ускуналарини ўрнатиш ва ёнғин ўчириш ва улардан фойдаланиш қоидалари" жавоб беришига, бирламчи ёнғин ўчириш воситалари билан таъминланишига амалий ёрдам кўрсатилди.
Туман ёнғин хавфсизлиги қисмининг ходимлари билан дон маҳсулотларини қабул қилиш, сақлаш ва қайта ишлаш корхонасида ёнғин ўчириш амалий-тактик машқ ва машғулотларни ташкил этиб, ёнғинга қарши гидрантлар, ҳовузларни жойлашиши ва уларни созлигини ўрганиб чиққан ҳолда қўшимча сув манбаларини яратиш борасида таклифлар бердик. Шунингдек, ғаллазорлар атрофи ва йўлларга ёнғин хавфсизлигини тарғиб этувчи плакатлар, паннолар ўрнатдик.
Ғаллакорларга мурожаатнома ва фойдаланишда белгиланган йўриқномалар тарқатилди. Ғалла ўрим-йиғимига жалб этиладиган барча комбайн ва автотранспорт воситалари учқун ушлагич, ёнғин ўчиргич ва бошқа зарур ёнғин ўчириш воситалари билан таъминланди.
Умид қиламизки, бу чора-тадбирлар туфайли йиғим- терим мавсумини ўз вақтида ва талофатсиз ўтказиб, туманимизда белгиланган 22,509 тонна ғалла етиштириб олишга ўз ҳиссамизни қўшамиз.
Илҳом ҲАМРАЕВ,
туман Фавқулодда вазиятлар бўлими
норматив техник бўлинмаси бошлиғи, майор
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.