Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

Мавриги халқимизнинг севимли асари

Яқинда "Маҳалла" теледастури орқали халқимизнинг севимли хонандаларидан бири "мавриги" қўшиғини ижро этди. Қўшиқ машҳур файласуф шоир Абдураҳмон Жомийнинг қуйидаги шеърий мисралари билан айтилади.

Эй лабат пур хандаву,
Чашми сиёҳат масти хоб.
Икки зулфинг орасинда,
Ой юзингдур офтоб.
Ушбу мусиқий асар ниҳоятда куйчан, жозибали, тароватли, бунинг устига хонанданинг ширали, нолали гўзал ёқимли овози киши қалбини оҳанграбодек ўзига тортади. Қўшиқни мазза қилиб тингладим, чарчоғим босилиб кайфиятим кўтарилди.
Хўш "мавриги" қандай қўшиқ, бу ҳақда мухлисларимиз нечоғлик билимга эга. Азиз мухлисларимизга, газетхонларга ушбу асар ҳақида қисқача маълумот беришни лозим топдим.
Маълумки, Эрон Ислом Республикасининг Марв шаҳри гўзал ҳудуд ҳисобланиб, у ерда яшайдиган халқ мусиқа санъатини ниҳоятда севишади. Мавриги Марв шаҳридан бўлган кишиларга нисбат бўлиб, Бухоро мусиқа анъаналарига хос фольклор жанри ҳисобланади. Мавриги Бухоро амирлиги даврида кўчиб келган эронийларнинг мусиқий ижоди сифатида шаклланиб, кейинчалик тожик, ўзбек ва бошқа миллатлар орасида ҳам оммавийлашиб кетган. Ушбу асар ўзининг доира зарби усуллари билан бошқа куй ва қўшиқлардан кескин ажралиб турадиган туркум шаклидаги ижро этиладиган куй қўшиқлар мажмуидир. Мавригининг даромад қисми "шаҳд" деб номланиб, унда яккахон ҳофиз ўрта баландликдаги пардада машҳур шоирларнинг насиҳатомуз байтларини ўзига хос услубда доиранинг "рез" и жўрлигида таъсирли қилиб ижро этади. Шундан сўнг аста тезлашиб борувчи – яккахон билан биргаликда "жўра" (нақарот айтувчи)лар ижро этаётган бир неча севги, муҳаббат мавзусидаги лирик қўшиқлар ижро этилади. Кейин "Сархона", "Чорзарб", "Макайлик" деб номланган рақсбоп қўшиқларга ўтилади. Асар ритми тезлашиб "Гардуни сархона" чолғу куй доира занг усуллари ва рақслар ижро этадики, бунда саҳна тўлиб ҳамма рақсга тушиб кетади. Мавриги туркуми авж доирасида энг шўх рақс "Чиллиги" деб номланувчи рақс билан якунланади. Мавриги ижрочиларидан бадиҳа ва рақсга мойиллик талаб этилади. XIX-XX асрларда Маъди Ибодов, Бақо Саъдуллаев, Ҳабиб Неъматов, Нишон ота Муродов, Алиризо Қурбонов ва бошқалар машҳур бўлди. Ҳозирги кунда Яфа Пинхосова, Юлдуз Турдиева, Фарҳод Саидовлар мавригини замонавий талқинда ўзбек ва тожик тилларида ижро этиб келишмоқдалар. Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти Мардон Мавлонов ҳам "Тўтижон" туркумида Мавригини ижро этади.

Олимжон ҒАФУРОВ, санъатшунос


Дата добавления: 26/10/2018 12:04;   Просмотров: 1021
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку