Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

МАТОНАТЛИ ПАЙҒАМБАРЛАР

Расул сўзи “рисолатун”сўзидан олинган бўлиб, луғатда “элчи”, “вакил” ва шу каби маъноларни англатади. Шаръий истилоҳда эса “Аллоҳ таолодан илоҳий китоб нозил қилинган пайғамбар-расул деб аталади”.

Набий сўзи “набаун” сўзидан олинган бўлиб, луғатда “хабар” маъносини англатади. Шаръий истилоҳда эса “Аллоҳ таолодан илоҳий китоб нозил қилинмаган, балки ўзидан олдинги китоб тушган пайғамбарларнинг таълимотини давом эттирувчи пайғамбар-набий деб аталади”.
Хулоса шуки, барча расуллар набий ҳисобланади, лекин барча набийлар расул ҳисобланмайди.
Пайғамбарларнинг адади қанча бўлгани маълум эмас. Аммо баъзи китобларда уларнинг адади бир юз йигирма мингдан ортиқ, бир юз йигирма тўрт минг экани зикр қилинган. Қуръони каримда йигирма бешта пайғамбар зикр қилинган бўлиб, уларнинг барчалари расул бўлишган.
Пайғамбарларни Аллоҳ таоло танлаб олади. Шунга кўра пайғамбарликка ўқиб-ўрганиш ҳамда малака ҳосил қилиш билан эришиб бўлмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади. “Аллоҳ элчиларни фаришталардан танлайди, инсонлардан ҳам. Дарҳақиқат, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчидир!” (Ҳаж сураси, 75-оят)
Биз бандалар барча пайғамбарларга иймон келтиришга буюрилганмиз. Пайғамбарларнинг барчаси маъсумдир.
Энг машҳур улул-азм пайғамбарлар бешта эканидир. Улар Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Исо ва Муҳаммад алайҳиссаломлардир. Улул-азм дейилишидан мурод-улар собит қадам, жидду-жаҳд ва сабр - тоқат соҳиблари эканидир. Аслида, барча пайғамбарлар мазкур сифатлар билан сифатланишган бўлишса-да, лекин, айнан мазкур бешта пайғамбарлар ушбу сифатларга хосланганига сабаб, улар катта шариат соҳиблари бўлишгани ҳамда бу шариатларини ўргатишларида кўплаб машаққат ва қаршиликларга дуч келиб, соллаллоҳу алайҳи васалламга буюриб, “улар каби сабр қилинг”, деб намуна қилингани тўртта бўлади. Яъни, Нуҳ, Иброҳим, Мусо ва Исо алайҳиссаломлардир.
Нуҳ алайҳиссалом узоқ муддат қавмини Аллоҳ таолога ибодат қилишга чақирди. Ана шу узоқ муддат давомида қанчадан-қанча қаршиликларга дуч келган бўлса ҳам, имон келтирганлар жуда оз бўлсада, сабр-матонат ила Аллоҳнинг буйруғини давом эттирди. У зотнинг пайғамбарлик даврининг ўзи тўққиз юз эллик йил давом этган. Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:
“Биз Нуҳни ўз қавмига (пайғамбар қилиб) юбордик. Бас, у уларнинг орасида эллик йили кам минг йил турди”. (Анкабут сураси, 14-оят)
Нуҳ алайҳиссалом умидни узмасдан, қавмига турли усуллар билан даъват қилди. Бу ҳақда шундай дейилган:
“Нуҳ айтади: “Парвардигоро, қавмимни кечаю кундуз даъват қилдим. Лекин чақириғим уларнинг қочишини кучайтирди, холос. Қачон уларни Сендан кечирим сўрашга чиқарсам, бармоқларини қулоқларига тиқиб, кийимларига ўралиб олишади, қайсарлик билан такаббурлик қилишади. Кейин уларни ошкора даъват қилдим. Сўнг уларга очиқчасига ва кейин яширин ҳам гапириб кўрдим” (Нуҳ сураси.5-9 оятлари).
Шунча узоқ йилларда ва турли услубларда даъват қилсаларда, қавмидан оз сонли кишиларгина имонга келишди.
Иброҳим алайҳиссалом ҳақида эса шундай дейилган: “Иброҳимни (эсланг), у ўз қавмига деган эди: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва Ундан қўрқингиз! Агар билувчи бўлсангиз, мана шу ишингиз сизлар учун яхшироқдир. Сизлар Аллоҳни қўйиб фақат бутларга ибодат қилмоқдасиз ва (уларни илоҳлар деб) ёлғон тўқимоқдасиз. Айниқса, сизлар Аллоҳни қўйиб ибодат қилаётган нарсаларга сизларга ризқ беришга қодир эмаслар. Бас, (шундай экан) сизлар ризқни Аллоҳ даргоҳидан истангиз ва Унгагина ибодат қилингиз ва Унга шукр қилингиз! Сизлар (охиратда) Унгагина қайтарилурсизлар”. (Анкабут сураси, 16-17 оят)
Иброҳим алайҳиссаломнинг қавми гулхан ёқиб, ҳатто у зотни унга отишдан ҳам қайтмади: “(Намруд бошчилигидаги мушриклар) дедилар: “Уни ёқиб юборингиз! Агар (бирор нарса) қилувчи бўлсангиз (шу иш билан) илоҳларингизга ёрдам қилингиз!” Биз айтдик: “Эй олов! Иброҳимга салқин ва омонлик бўл!” Улар (Иброҳимга) макр қилмоқчи бўлдилар. Биз эса, уларнинг ўзларини кўпроқ зиён кўрувчи қилиб қўйдик”. (Анкабут сураси, 68-70 оят)
Мусо алайҳиссаломнинг воқеасига келсак, Қуръони каримда энг кўп зикр қилинган қисса у зот алайҳиссаломга тегишлидир. У зотни Аллоҳ таоло худоликни даъво қилган Фиръавннинг замонида пайғамбар қилиб юборди. Мусо алайҳиссалом даъват йўлида мисли кўрилмаган машаққатларга, баҳс-мунозараларга дуч келди.
Исо алайҳиссалом ҳам пайғамбарлик вазифасини адо қилишда кўплаб қийинчиликларга дуч келди. Қавм унга куфр келтириб, турли тўҳмат бўҳтонлар қилишди.
Маълумки, барча пайғамбарлар муаллим бўлиб келишган. Инсониятга хайрат улуғини сочишган. Бугунги кунда гарчи орамизда пайғамбарлик йўқ бўлса-да, лекин уларнинг меросхўрлари бордир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллаҳу алайҳи вассалам шундай марҳамат қилган: Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “...Албатта, уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидан. Чунки пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қилиб қолдиришмаган. Улар илмни мерос қилиб қолдиришган. Шундай экан, кимдаким уни олса, катта насибани қўлга киритибди”, деб айтаётганларини эшитдим”. (Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган).
Шунга кўра, биз мусулмонлар уламоларни ғанимат билиб, диний масалаларда ихтилофга бориб қолгудек бўлсак, дарҳол Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламоларига мурожаат қилишимиз лозим бўлади. Айниқса, дунё нотинч бўлиб турган, турли ғаламислар динимизга тўҳмат тошини отиб турган, айрим ўлкаларда диний шиорлар остида қон тўкилаётган бугунги кун каби таҳликали замонда огоҳ ва хушёр яшамоғимиз, мамлакатимиздаги тинчлик, осойишталикни кўз қорачиғидай асрашимиз лозим.
Аллоҳ таоло юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо қилсин! Юртимизда олиб борилаётган хайрли ишлар ва ислоҳотларга ўзи баракот ато қилсин! Омин!

Б.ШАРИПОВ, туман бош имом - хатиби


Дата добавления: 27/10/2017 15:52;   Просмотров: 1246
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку