Туман ҳокими Ш.Жамолов Мирзо Улуғбек маҳалласида аҳоли билан галдаги оммавий сайёр қабулини ўтказди. Қабулда 33 нафар фуқароларнинг турли соҳаларга оид 40 га яқин муаммоли мурожаатлари тингланди.
Мурожаатчиларнинг 7 та муаммоси жойида ҳал этилган бўлса, 5 тасига ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Қолганларини эса ўрганиш учун вақт талаб этилиши сабаб, тегишли ташкилотларга топшириқлар берилди. Шунингдек, шу куни 1-сектор ишчи гуруҳи аъзолари томонидан маҳалла аҳолисининг хонадонларида уйма-уй юриб ўтказилган хатлов якунига бағишланган йиғилиш ҳам ўтказилди.
Қайд этилганидек, Мирзо Улуғбек маҳалласида 418 та хонадон, 771 та оила мавжуд бўлиб, уларда 2986 нафар аҳоли истиқомат қилади. Аҳолининг 1461 нафарини эркаклар, 1525 нафарини аёллар ҳамда 595 нафарини вояга етмаганлар ташкил этади. Маҳалланинг 2 нафар фуқароси хорижда, 18 нафари юртимиздаги олий таълим муассасаларида, 202 нафари касб-ҳунар коллежи ва 241 нафари умумтаълим мактабида таҳсил олмоқда. Маҳаллада жами 416 нафар пенсионер ва нафақахўрлар бўлиб, шундан 37 нафари ногиронлик ва 9 нафари боқувчисини йўқотганлар нафақасини олишади. Кам таъминланган оилалар сони 2 тани ташкил этади. Маҳалла ҳудудида ўрганишлар жараёнида маҳаллада 14 та муаммо аниқланиб, улар асосан маҳаллага ўз вақтида суюлтирилган газ баллонларининг етказиб берилмаслиги, ички йўллар таъмири, тоза ичимлик суви билан таъминлаш, уй-жойини кадастр рўйхатидан ўтказиш ва бошқа масалаларга оиддир.
- Албатта, аниқланган муаммоларнинг аксарияти бугунги кунда ижобий ҳал этилмоқда, - деди Ш. Жамолов. - қолганлари тўлиқ ўрганилиб бартараф этилиши ҳамда ижроси натижалари юзасидан белгиланган муддатларда 1-секторга етказилиши бўйича хат орқали тегишли ташкилот ва мутасаддиларга топширилди.
Таъкидлаш жоизки, ҳоким мурожаатлар ижросини таъминлашда масъулиятсизликка йўл қўяётган раҳбарларга қатъий чоралар кўрилишини айтди. Хусусан, эндиликда 1-сектор ҳудудидаги 16 та МФЙларда хатлов тугалланиб, мурожаатлар ижроси асосида бажарилаётган ишлар бўйича "Халқ қабулхонаси" мутахассислари томонидан мониторинг олиб борилади ва чуқур таҳлил қилинади.
Дарҳақиқат, ушбу механизм тобора такомиллаштирилиб борилса, аҳоли томонидан билдирилган бирорта муаммоли масала ҳал этилмасдан қолмайди.
Т.ЮСУПОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.