Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

МАСЪУЛИЯТНИ ҲИС ЭТИШ ЛОЗИМ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 21 апрелдаги фармонига мувофиқ туманимизда ҳам «Тоза ҳудуд» давлат унитар корхонаси ташкил этилиб, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Айни пайтда ташкилотимизда 9 та автомашина ва 1 та махсус техника бор. Улар қатъий жадвал асосида маҳаллаларга хизмат кўрсатади.

Тошкент шаҳрида давлатимиз раҳбари раислигида 2 февраль куни экологик ҳолатни яхшилаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни таҳлил этиш ва мазкур соҳадаги энг долзарб вазифаларни белгилаб олишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда «Тоза ҳудуд» унитар корхоналари фаолиятида ўз ечимини кутаётган масалалар жуда кўп эканлиги танқидий таҳлил қилинди ва соҳага оид долзарб вазифалар белгилаб берилди. Сир эмас, масалан бизнинг туманда ҳам 30-40 фоиз аҳолига санитар-тозалаш хизмати кўрсатилади, холос.
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш туман ҳудудида чиқинди йиғиш шаҳобчаларини тартибга солиш ва санитар-тозалаш хизматларини ривожлантириш бўйича туман ҳокимияти махсус дастур ишлаб чиқди. Ушбу дастур асосида чиқинди ташиш махсус техникалари 3 та автомошина ва 2 та трактор харид қилинади. Лекин, туманни тўлиқ қамраб олиш учун яна камида 13 та техника зарурдир. Маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ҳақида сўз борар экан, Юртбошимиз хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш ва кенг жорий этиш зарурлигини таъкидлади. Юқорида қайд этилган йиғилишда пластик, полиэтилен ва бошқа қадоқлаш материалларини тўплаш ва қайта ишлаш, атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш соҳасида давлат назоратини кучайтириш зарурлиги уқтирилди. Масалан, тумандаги Оҳалик, Миронқул қишлоқларидаги тоғ этакларида, Дарғом канали соҳилларида, катта йўл ёқасида ва бошқа жойларга айрим фаросатсиз шахслар чиқиндиларни кечки пайт ташлайдилар. Уларда на инсоф бор, на диёнат. Ҳатто серқатнов марказий кўчаларда чиқиндиларни халталарга солиб машиналаридан улоқтирадилар. Чунки улар кўпчиликка қўшилиб, ойига бир минг 700 сўм чиқиндини автоуловларда ташишга беришга қўлларининг томири тортилади. Бундай пасткаш, хасис ва тоза-озодалик душманларидан алҳазар дейсиз.
Хуллас, чиқиндиларни тўплаш ва ташиш ишларини доимий назорат қилиш аҳолининг бу борадаги маданияти ва масъулиятини ошириш зарурлиги давр тақозасидир. Чунки тоза-озодалик ва атроф-муҳит ифлосланишини олдини олиш замирида одамларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш, ва она-табиатни келажак авлод учун сақлаш каби вазифалар бор. Шунинг учун масъулиятни ҳис этиш лозим.
Равшан ХАЙРУЛЛАЕВ,
«Тоза ҳудуд» давлат унитар корхонаси бошлиғи
Суратда: Корхона ҳаётидан лавҳа:

Сурат муаллифи Баҳодур ЗОҲИР


Последнее редактирование: 13/04/2018 15:33;   Просмотров: 1098
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку