Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 3 августдаги «2016-2017 йиллар даврида жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектларини хатловдан ўтказиш тўғрисида»ги Қарорига асосан аҳолининг кадастр ҳужжатларини тайёрлаш учун туман архив идорасига уларнинг мурожаатлари кўпайди. Буни мазкур идорага хизмат сафарида билиб олдик.
- Ҳар куни 200-250 нафар шахс бизга турли хил муаммо билан ариза ёзишади, - деди туман Давлат архиви бўлими мудири Маъмуржон Қодиров, - шунинг учун ҳам эрта тонгдан кечгача ишлашга тўғри келади. Жамоамиз нафақат туман балки, қўшни Ургут, Тайлоқ ва Самарқанд шаҳрининг бир қисм аҳолисига хизмат кўрсатмоқдалар.
- Маъмуржон Одилович, аризаларнинг мазмун - моҳияти нималардан иборат?
- Вазифамиз кўчмас мулк объектларини ялпи хатловдан ўтказиш муносабати билан собиқ колхоз, совхоз ва бошқа хил давлат идоралари қарорларини топиб бериш, нафақа ёшига етганларга маош олиш тўғрисида маълумотлар бериш, шунингдек, сўровномаларга жавоб беришдан иборатдир. Ҳатто хорижда истиқомат қилаётган ватандошларимиз ҳам хат билан турли хил маълумотларни сўраб олаётирлар.
- Тушунарли, ишингиз ниҳоятда кўп экан. Аҳоли аризаларини ўз вақтида кўриб чиқишга улгуряпсизми?
- Идорамизда 14 нафар штатли ходим бор. Фаолиятимиз кўплиги учун яна 7 нафар ходимни ўзаро шартнома асосида ишга жалб этдик.
- Жамоангиз билан таништирсангиз?
- Шерзод Акрамов, Олимжон Норов, Умед Раҳматов, Насиба Акрамова, Ҳулкар Қаршибоева ва бошқалар хушмуомалалик, тезкорлик, самимийлик, камтарлик ва бошқа инсоний фазилатлари билан мижозлар ҳурматига сазовор бўлмоқдалар.
- Ҳозир биз учун масъулиятли давр экан, аҳил жамоамиз янада баракали меҳнат қилаётир ва муҳтарам Президентимиз Фармон-қарорларини изчил бажаришга камарбастадирлар.
Зоҳир ҲАСАНЗОДА,
Суратларда архив идорасидан лавҳалар акс этган.
Суратлар муаллифи: Баҳодур Зоҳир
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.