Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

МАСЪУЛИЯТ БАРЧАГА БАРОБАР

ёки раҳбар виждонан ишласа, фуқаролар ҳаётидан мамнун бўлади

Илҳом Муродов Самарқанд шаҳрида туғилиб, 1973 йил ўрта мактабни олтин медаль билан битирди. Икки йил Беларуссия пойтахти - Минск шаҳрида йигитлик бурчини ўтиб, меҳнат фаолиятини Самарқанд шаҳридаги собиқ "Ўроқ ва Болға" заводида оддий ишчидан бошлади. 1978 йил Ёшлар иттифоқи йўлланмаси билан Тошкент олий милиция мактабига ўқишга кириб, имтиёзли диплом ва ушбу билим даргоҳининг тавсияси асосида Самарқанд вилоят ички ишлар бўлимида оддий тезкор ходим сифатида ишлади. 1989 йил собиқ СССР, яъни шўро замонида Масква шаҳридаги Ички ишлар академиясида таҳсил кўрди. Мазкур академиянинг имтиёзли дипломини олди ва жонажон ватанига қайтди. Аввало Самарқанд туманида, шундан сўнг Ургут туманида ички ишлар бўлими бошлиғи бўлди.
2000 йилда эса Жиззах вилоят ИИБ биринчи ўринбосари ва бир йилдан кейин бошлиқ вазифасида самарали фаолият олиб борди. 2006 йилда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ёнғин хавфсизлиги олий техника мактаби бошлиғи лавозимида ишлади.
Илҳом Муродов ҳуқуқшунослик фанлари номзоди, доцент. У 50 дан ортиқ илмий - назари мақолалар ва кўплаб китоблар муаллифидир.
Оилали, уч нафар фарзанднинг падари бузургвори ва 8 нафар ширин - шакар набираларнинг дуогўй бобосидир.
Энг муҳими, ўнлаб шогирдлар устози сифатида катта ҳурмат - эҳтиром қозонди.

Туманимиз соҳибкору тадбиркор, деҳқону боғбон, меҳнаткашу саховатпеша кишилар юрти. Шуниси диққатга сазоворки, туман ҳокими Шуҳрат Жамолов ташаббуси билан қисқа вақт ичида олиб борилган туб ўзгаришлар натижасида аҳоли турмуш шароити яхшиланиб бормоқда. Халқ билан яқиндан мулоқотда бўлиш, уларнинг мурожаатларини ўз вақтида ечиш, муаммоларнинг жойида ҳал этилиши одамларнинг эртанги кунга ишончини оширмоқда. Гулобод қўрғонида жойлашган Халқ қабулхонаси хизмати беқиёсдир. Икки ой аввал Илҳом Муродов ушбу қабулхонага раҳбар этиб тайинланди.
- Президентимизнинг "Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак ва бу ҳақиқатни, аввало барча бўғиндаги раҳбарлар яхши тушуниб олиши зарур" деган даъватлари бугун барча бўғиндаги мутасаддиларни ўз ишига янада масъулият билан ёндашишга ундамоқда, - деди Президентимизнинг тумандаги Халқ қабулхонаси мудири Илҳом Муродов, - буни жойлардаги Халқ қабулхоналарида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ва йиллар давомида тўпланиб, ўз ечимини кутаётган муаммолар бартараф этилаётгани мисолида кўриш мумкин. Фақатгина шу йилнинг олти ойида қабулхонага 557 мурожаат келиб тушди.

Улардан 257 таси қонун доирасида қаноатлантирилди, 110 тасига ҳуқуқий маслаҳат ва тавсиялар берилди. Эътироф этиш керакки, Халқ қабулхонасига тушаётган мурожаатлар белгиланган тартибда электрон дастурга киритилиб, тегишли ташкилотларга ўз вақтида юборилмоқда. Жўнатилган мурожаатнинг кўриб чиқиш муддатига 3 кун қолганда, огоҳлантириш амалиёти йўлга қўйилган. Айтиш жоизки, аҳолини қийнаётган муаммоларни жойида ўрганиш, турмуш шароитлари билан танишиш мақсадида Халқ қабулхонаси мутасаддилари билан биргаликда сайёр қабуллар ташкил этилмоқда. Жорий йилнинг ўзида туман ҳокими Шуҳрат Жамолов ва тегишли ташкилотлар раҳбарлари ҳамкорлигида 47 маротаба сайёр қабуллар ўтказилди. Унда аҳолидан тушган кўплаб муҳим ва долзарб масалалар аниқланиб, аксарияти жойида ҳал этилди. Таъкидлаш жоизки, туман миқёсида олиб борилаётган ижобий ишларда, масалаларни ечиш шу йил 4 ва 15 июлдаги Президентнинг маслаҳатчиси Т.А.Худойбергеновнинг кўрсатмаларига асосан албатта вилоят ҳокими Турдимов Эркин Оқбўтаевич, Президентнинг вилоят Халқ қабулхонаси мудири Узоқов Шуҳрат Шароповичнинг бевосита ёрдамлари ниҳоятда катта.
- Ҳурматли Илҳом Муродович, аҳоли кўпроқ қайси масалалар бўйича мурожаат қилишади?
- Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, мурожаатлар асосан, коммунал ва ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қувватлашга қаратилган. Масалан, тумандаги мавжуд 74 та маҳалланинг айримларига табиий газ йўқ. Айнан ўша ҳудудларга суюлтирилган газ баллони етказиб бериш масаласи ижобий ҳал этилмоқда. Шунингдек, йўлларни таъмирлаш, ер олиш, фарзандларини мактабгача таълим муассасаларига жойлаштириш, кадастр ҳужжатларини тайёрлаш, мажбурий ижро билан боғлиқ муаммолар ,оилвий низо, оилалардаги ажримлар боис алимент тўлови ўз вақтида амалга оширилмагани, электр қувватидан фойдаланишда узилишлар бўлиши ва ҳар хил бошқа муаммолар билан шикоят қилишади. Ногиронларга, аҳволи ночор инсонларга моддий ёрдам кўрсатиш бўйича мурожаатларҳам талайгина.
- Биз, журналистлар ҳам касб таққозаси билан сайёр қабулларда иштирок этамиз. Тўғриси, айрим фуқароларнинг турли хил талаблари, шикоятлари бизни ҳайрон қолдиради.
- Беш панжа бир хил эмас. Лекин баъзан бир оғиз сўз, тўғри маслаҳат ҳам фуқарони ташвишдан халос қилади. Муҳтарам Президентимиз ҳар бир чиқишларида раҳбар доимо одамлар орасида бўлиши, халқни тинглай билиши, энг муҳими, оёғи ердан узилмаслиги керак, деб таъкидлайди. Раҳбар ҳалқ орасида бўлса, одамларнинг қувончу ташвишини ўзиники деб билса, ҳузур-ҳаловатдан кечса, биз кўзлаган олижаноб мақсадларга эришишимиз муқаррар.
- Сизнингча, қайси сектор раҳбарининг фаолияти аҳолини қаноатлантирмоқда?
- Ажойиб ва кутилмаган савол. Таъкидлаш лозимки, туман ҳокимлиги, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати ҳудудий раҳбарлари бошчилик қилаётган секторларнинг ўз салоҳияти, масъулияти ва ўрни бор. Уларнинг фаолияти ўз самарасини бераётир. Буни туман ҳудудидаги маҳаллаларда аҳоли фаровонлигини таъминлаш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, фойдали меҳнат билан банд қилиш, қишлоқларимизнинг йил сайин чирой очишидан билиш мумкин. Туманимизнинг барча гўшаларида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари натижасида замонавий турар жойлар, янги корхоналар, муҳташам мактаб ва болалар боғчаси бинолари, инфратузилма объектлари қад ростламоқда. Бу эса аҳоли турмуш тарзини янада яхшилашга хизмат қилаётир. Шубҳасиз, булар барчаси секторлар раҳбарларининг ўз вазифаларига виждонан муносабатда бўлишлари самарасидир. Аммо айрим ҳолларда уларга вобаста бўлмаган, ижроси вилоят ва республика ташкилотлари, вазирликлар билан боғлиқ муаммолар борлигини тан олиш лозим, камчиликлар эса ҳамиша мавжуд, уни кўра билиш, топиш ва ўз вақтида бартараф этиш мақсадга мувофиқдир.
- Туманда ечимини кутаётган муаммолар бор бўлса керак?
- Албатта бор. Аҳоли муаммоларини уйма-уй юриш орқали ўргандик. Туманда мавжуд 74 та маҳалланинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда тузилган намунавий саволнома асосида секторлар ишчи гуруҳлари томонидан 39 минг 917 хонадонга ташриф буюрилиб, 4263 та муаммо аниқланди.
"Обод қишлоқ"дастурига асосан "Гулобод", "Паррандачилик", "Пулимуғоб", "Илонсой" ва бошқа маҳаллаларда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бироқ, дастур бўйича ишлар бажарилиши билан бирга, ечимини кутаётган муаммолар ҳам ҳали кўп.
Шунингдек, адашиб, енгил ҳаёт тарзини танлаган шахслар билан профилактик ишларни жонлантириш, жиноятчиликка қарши курашиш, уни олдини олиш ва бошқа хил муаммоларни биргаликда бартараф этишимиз зарур.
Хуллас, мақсадимиз мавжуд камчиликларни тезроқ бартараф этиш.
- Илҳом Муродович, истакларингиз?
Бўш вақтингизда, қандай ишлар билан шуғулланасиз?
- Адабиёт, санъат ва спорт жону дилим. Буюк алломалар Шайх Саъдий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Абдулло Қодирий,Абдулло Орипов, Ҳайдар Яҳё, Ўлмас Умарбеков, рус адиблари китобларини катта қизиқиш билан мутолаа қиламан. Хушовоз хонандалар Шерали Жўраев, Барно Исҳокова, Жўрабек Муродов, Ортиқ Отажонов, Жўрабек Набиев қўшиқлари кишига маънавий ғизо бағишлайди. Албатта, мусаввирлар расмларига бефарқ эмасман. Агар аҳамият берсангиз бизнинг бинодаги барча хоналарни дунё рассомлари асарлари безамоқда. Аммо охирги пайтда столим устидаги китоб марҳум устозим Ҳайдар Яҳёнинг назмий девонидир. Ушбу асардан кўплаб шеърларини ёдладим. Ушбу байтлар насиҳат учун ёзилган:
Тўғри йўлдан юрса ҳар ким, қомати хам бўлмағай,
Порлагай у сийм қуёшдай ҳеч сўник шам бўлмағай.
Ҳам ота, ҳам меҳрибон волидага хизмат қилиш,
Ҳар йигитнинг истаги ким, бу йигит кам бўлмагай.
Тоза дилга берса озор, асли одам бўлмағай,
Ким ғазал шайдоси, Яҳё, кўнглида ғам бўлмағай.
Ибрат олса, арзийдиган таржимаи ҳолингиз билан танишиб, Саъдий Шерозийнинг "Ҳар ишдаким инсон кўрсатур ҳиммат, тикан ҳам гулдаста бўлур оқибат" деган байти ёдимга келди.
- Мен ҳаётда қандай мартабага эришган бўлсам, бу аввало падари бузургворим, меҳрибон онам ва табаррук устозларимнинг насиҳату маслаҳатларига амал қилиш ҳамда дуоларининг ижобати деб биламан. Биринчи устозим, ички ишлар генерали Баҳодир Ахмедович Матлюбов, шунингдек Зокир Алматов, марҳум Жўра Аъзамов ва бошқалар билан ҳамиша фахрланаман, доимо ёд этаман.
Мўҳтарам юртбошимизнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 28 йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш тўғрисидаги қарорини ўқиб, мустақиллик қадри, истиқлолнинг муқаддаслиги, озодлик туйғуси инсон учун нақадар азиз ва муҳимлиги кўнглимдан ўтди. Зеро, мамлакат бўйлаб юз бераётган ислоҳотларда одамлар иштироки, жамоатчилик ўрни ва роли тобора ошиб бораётгани одамларимиз онгу тафаккурида буюк эврилишлар юз бераётганини кўрсатди. Президентимиз томонидан ҳаётимиз мазмун-моҳиятига айланган одамларни рози қилиш концепцияси бутун халқимизни ҳаракатга келтирди. Энг муҳими, одамлар яхши яшаш учун курашадиган, талаб қиладиган, интиладиган бўлди. Жамият уйғонишига албатта Президентимизнинг даъватлари, халқ билан мулоқотда оддий одамларни тинглаш тизимининг яратилиши сабаб бўлди. Энг асосийси халқимиз муҳтарам Президентимизга ишонади ва севади.
Умуман, бугун ҳаммамизнинг зиммамизда мустақилликни мустаҳкамлаш, тараққий эттириш, миллий ҳамжиҳатликка, бағрикенгликка, миллий тотувликка, жаннатмакон ўлка - Ўзбекистон тараққиётига ҳисса қўшиш ҳам қарз, ҳам фарздир.
Имкониятдан фойдаланиб, барча туман аҳолисини улуғ айём билан табриклайман, элимизни ёшу қарияларнинг бало қазолардан, табиий офатлардан, нияти бузуқ ёмон кўзлардан парвардигорнинг ўзи асрасин.

Зоҳир ҲАСАНЗОДА
ёзиб олди.


Последнее редактирование: 26/07/2019 15:15;   Просмотров: 841
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку