Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

МАСЪУЛИЯТ ҲАРАКАТГА УНДАЙДИ

1. Депутат сифатида ўтган давр мобайнида қандай тадбирларни амалга оширдингиз?
2.Депутатлик фаолиятингизга туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, кексаларни эъзозлаш борасида қандай аниқ режалар киритилган?
3. Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида қўшимча иш ўринлари яратиш юзасидан қандай таклиф ва ниятларингиз бор?

1. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилда мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида бош мақсадимиз аҳоли учун муносиб ҳаёт даражасини яратишдан иборатдир, деб таъкидлаганди. “Энди ҳар биримиз,-дейди давлатимиз раҳбари ўзининг танқидий таҳлилий чиқишида,-энг аввало, давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг вазифаси – ўзимиз масъул бўлган соҳа ва тармоқда ишларнинг аҳволини танқидий баҳолаш асосида зиммамизга юклатилган вазифаларни масъулият билан бажаришни таъминлашдан иборат”.
Очиқчасига тан олиш керакки, бу давр талаби. Мен депутат сифатида сайловчилар таклиф ва мурожаатларини қонунда кўрсатилган ҳамда имконият даражасида бажаришга ҳаракат қиляпман. Шу кеча-кундузда ҳудудимизда истиқомат қилаётган аҳолининг муаммоларини ечиш аввало табиий газ, ичимлик суви, электр таъминоти, йўлларни асфальт қилиш, уй-жой ва фойдали меҳнат билан таъминлашдир. Сайловчилар томонидан тушган аризалар асосида тегишли корхона ва ташкилотларга 12 та сўровномалар юбордим. Ҳозиргача фақат 3 та сўровнома бажарилиши арафасида.
2. Мўҳтарам Юртбошимиз таклифига асосан 2017 йил – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинди. Президент таъбири билан айтганда, ушбу давлат дастурини амалга ошириш, “инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган олижаноб ғояни изчиллик билан ҳаётга татбиқ этишдан иборат. Айнан ана шу энг муҳим вазифалар иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг асосий йўналишлари ва устувор вазифаларига жиддий ўзгартиришлар киритиш учун пойдевор бўлиши керак.
Масалан, мен раҳбар бўлган академик Маҳмуд Мирзаев номли боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий тадқиқот институти Самарқанд тажриба станцияси жорий мавсумда 1 миллион тупдан ортиқ ток ва 520 мингга яқин мевали дарахт кўчатлари тайёрлади. Чунки, Президентимиз ташаббуси билан бепоён республикамизнинг жуда катта майдонларида янги боғ ва токзорлар барпо этилмоқда. Ана шу янги боғ-токзорларни тўлиқ кўкартириб олиш учун деҳқону соҳибкорлардан катта билим ва тажриба талаб этилади. Янги боғлар ташкил этишда интенсив, тез ҳосилга кирувчи пакана (карлик) мевали дарахтлар кўчатлари экилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Халқимиз беҳуда “яхшидан боғ – қолади” дея айтмаганда.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бизда ҳамиша кексалар эъзозда. Маъракалар тўри уларники. Уларнинг насиҳатлари-ю ўгитларига амал қилиб ишласак, кўзлаган мақсадга эришишимиз мумкин.
3. Ҳаракатлар стратегиясидаги бешта тамойилдан бири иқтисодиётни янада ривожлантириш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишдир. Буларнинг натижасида халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши яхшиланиб, уларнинг бунёдкорлик салоҳияти эса ортмоқда. Меҳнатга лаёқатли аҳолини, айниқса ёш авлодни фойдали иш билан бандлигини таъминлаш учун тажрибали боғбонлар ва олимлар иштирокида Равонак қурилиш ва саноат касб-ҳунар коллежи талабалари билан учрашув ўтказдик. Буларнинг боиси ўлароқ ўн нафар коллеж битирувчиси жамоамиз сафига қўшилди.
Хуллас, депутат бўлиш - масъулиятдир. Масъулият асосида фаолият олиб бориш - бурчдир.

Жамшед АҲМЕДЖАНОВ,
27-Найзатепа сайлов округидан туман Кенгашининг депутати


Дата добавления: 18/08/2017 18:36;   Просмотров: 1315
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку