Ҳозирги Мирзо Улуғбек (собиқ Хўжа Аҳрори Валий-II) маҳалласи масъул котиби Элеанора Эгамбердиева икки йилга яқин фаолият олиб бораётган бўлса ҳам, аммо оддийлик, ҳалоллик, хушмуомалалик каби инсоний фазилатлари билан эл эътибори ва ҳурматига сазовор бўлмоқда. Ҳамиша маҳалла ичида бўлиш, аҳоли дарду ташвиши билан юриш тиниб-тинчимас масъул котиб Элеанора Аҳмаджоновнага хос фазилатлардан. Унинг ҳар бир иш куни эрта тонгдан кечки пайтгача давом этади.
- Маҳалламиз ҳудудида икки минг 911 нафар аҳоли бор, - дейди Элеанора Аҳмаджоновна, - шу боис касб тақозоси билан туну кун халқ хизматида бўламиз. Аҳолида нима кўп - ташвиш кўп. Айтайлик, кимгадир маълумотнома лозим бўлади, кимгадир кам таъминланган, моддий кўмакка муҳтож оилалар учун ҳужжатлар тайёрлаш. Лекин минг афсуски, янги барпо этилган оила ва никоҳлар бузилиши, томоннинг дард-ҳасратини эшитиш, масалани адолат юзасидан ҳал этиш кўп вақтни олади. Албатта биз маҳаллада мавжуд турли хил комиссиялар кўмагида айрим муаммоларни ҳал қиламиз, лекин «беш бармоқ бир хил эмас» деганларидек, бизда ҳар хил тушунчага эга инсонлар бор.
- Элеанора, демак деярли бўш вақтингиз йўқ.
- Одамзод ҳаёти тежалган вақтга қараб узаяди, дейишади, - табассум қилади суҳбатдошимиз. - шунинг учун вақтни оқилона тақсимлаш мақсадга эришишнинг пойдеворидир. Мен бўш пайт топсам ўғилчаларим Лазизбек ва Анисбекка эртаклар айтиб бераман. Бадиий китобларни, газета - журналларни варақлайман. Масалан, ҳозир Марсель Брионнинг буюк соҳибқирон Амир Темур тўғрисидаги асарини завқ билан мутолаа қилаяпман. Бундан ташқари тарихга доир маълумотларни тўплаб, келгуси йил Самарқанд давлат университети тарих факультети сиртқи бўлимига ўқишга кирмоқчиман. Чунки бу йил талаба бўлиш учун атиги икки балл етмади. Ахир ҳозирги замонда касб-ҳунар коллежининг дипломи кифоя эмас. Бахтга интилиш эса мисол учун туғма хусусият бўлмоғи лозим. Чунки киши дунёда бой бўлиш учун эмас, балки том маънода бахтли бўлиш учун яшайди, курашади, интилади.
Биз лавҳамиз қаҳрамони Элеанора Эгамбердиева ишхонасида анчагина ушланиб қолдик. Унинг турли хил масалалар юзасидан ташриф буюрганлар билан самимий суҳбати, оддийлиги, хушмуомалалиги ва бошқа хил инсоний фазилатлари диққатимизни тортди.
- Бизнинг масъул котиб масъулиятли ходим, - деди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Комилжон Фатҳуллоев келишимиз мақсадидан огоҳ бўлиб- шуниси диққатга сазоворки, бошқа жойлардан келиб унинг тажрибасини ўрганмоқдалар. Бу биз учун фахрдир.
Зоҳир ҲАСАНЗОДА,
Мирзо Улуғбек маҳалласи
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.