Тўй-маъракалар азал-азалдан турмуш тарзимизнинг таркибий қисми, маънавиятимизнинг жонли, сержило белгиси, ижтимоий ҳаётимизнинг ёрқин кўзгусидир. Бу кўзгуга доғ тушириш, лой чаплаш, хиёнат қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Муқаддас ҳадислардан тортиб ХХ асрнинг илмий-тарихий манбаларигача тўй-маросимларимиз шаънига атаб айтилган дурдона фикрлар барчамизни эзгулик, камтарлик, ҳаё, уят, мурувват, сабр-бардош, ор-номус, ҳалол меҳнат ва покликка чорлайди.
Мустақиллик даврида ҳам бу мавзуда яратилган кинолавҳалар, илмий рисолалар, сценарийлар, тасвирий санъат асарлари беҳисоб. Биринчи Президентимизнинг бу ҳақда қабул қилган тарихий фармонларига ҳам салкам йигирма йил бўлди. Жамият илгарилаб, одамлар дунёқараши, яшаш даражаси янги сифат босқичига кўтарилди. Шундай экан, суннат тўйи бўладими, никоҳ маросими бўладими, ҳар бир оиланинг азму қарори, моддий имконияти, мақсад-муддаоси ва маънавий салоҳиятини ифодалайди. Бу соҳада буюк аждодларимиз етти ўлчаб бир кесиш, кўрпага қараб оёқ узатиш қабилида иш тутган, ҳалол меҳнат эвазига топилган маблағни оқилона, маслаҳатлашиб, тежамкорлик билан харажат қилишган. Натижада янги оилалар мураккаб ҳаётни тинчлик-хотиржамликда, ўзаро меҳр-оқибат, иззат-икром, бахт-саодат билан ўтказишга эришган.
Барча қийинчилик, етишмовчилик ва мушкулотларни мардонавор енгиш, ҳал этишга муваффақ бўлганлар. Бунга бадиий адабиёт, кино ва театр асарларидан минглаб мисолларни келтириш мумкин. Ён-атрофимиздан ҳам кекса отахон-онахонларимизнинг босиб ўтган ибратли ҳаёт довонларига назар ташласак, кифоя. Ахир, мамлакатимизда қарор топган тинчлик, барқарорлик муҳитида осойишта ва хотиржам яшаш, яратувчанлик меҳнати билан умргузаронлик қилиш, тўй-маъракаларни яйраб-яшнаб ҳамжиҳатликда, орзу-ҳавасла ўтказишга нима етсин. 50 ва 60 йил бир ёстиққа бош қўйиб ҳаёт кечирган бобо-бувиларимиздан ибрат ва сабоқ олсак, арзийди.
Афсуслар бўлсинки, бундай ижтимоий долзарб масалага бефарқ, совуқ муносабатда бўлиб, ўзини йўқотган, оёғи ердан узилган, “мен сендан камми?” қабилида иш тутиб шуҳратпарастлик, дабдабабозлик, исрофгарчиликка йўл қўяётган кимсалар, эл-юрт одатлари ва анъаналарини менсимай, ўзини кўз-кўз қилиб, атрофда яшаётган одамларнинг ҳол-аҳволини инобатга олмай лавозимини суиистеъмол этиб, манманликка берилиб соғлом турмуш тарзимизга доғ туширмоқдалар.
Шу боис, муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг ижодкор зиёлилар ҳамда Олмалиқ шаҳар фаоллари билан ўтказган учрашувлари чоғидаги маърузаларида “айрим пул топиб ақл топмаган, маънавий савияси паст кимсалар”нинг ножўя хатти-ҳаракатлари қаттиқ қораланди. Бу борада кескин қонуний чоралар кўриш вақти келди. Айниқса ёш йигит-қизларимиз бўлажак тўйларига нисбатан ўз қарашларини тубдан ислоҳ қилишлари лозим. Ахир ота-онанинг миллионлаб пуллари ортиқча ҳою ҳавасларга эмас, ижтимоий фойдали мақсадларга йўналтирилса, жамиятимиз ривожига муносиб ҳисса бўлиб қўшилади. Назаримизда, ҳар бир маҳалланинг тўй-маросимларни тартибли ўтказиш бўйича жамоатчилик комиссияси ўз ишини қайтадан кўриб чиқиши, аниқ режа ва ҳаракат дастури асосида фаолият юритиши лозим. Дейлик, жорий йилда нечта нафар йигит-қиз никоҳ ва нечта ўғил бола суннат тўйи кунини кутмоқда, қандай ўтказиш мақсадга мувофиқ каби масалалар фақат оилада эмас, балки маҳалла фаоллари эътибори ва назоратида бўлиши лозим. “Маслаҳатли тўй тарқамас” деган гапда катта ҳикмат бор.
Н.КАРИМОВ, туман Кенгаши депутати
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.