Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

МАЪРИФАТ-БИДЪАТ КУШАНДАСИ

Хизмат вазифам туфайли маҳаллаларда бўлиб, аҳоли билан мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларнинг, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ҳақида суҳбатлашганда, албатта гап Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси Кенгашлари ўтган йил қабул қилган тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги қўшма қарорини ҳам четлаб ўтмайди ва муҳокама чоғида ҳамиша шу нарса маълум бўладики, бу ҳужжат жуда тўғри қабул қилинган ва у одамлар кўнглидаги истакнинг амалга ошганини намоён этди. Олий Мажлисда фаолият юритган халқ вакиллари ҳақиқатан одамларни узоқ вақтдан буён эзиб келаётган дардни енгиллаштирадиган қарорни қабул қилишди. Нафсиламрини айтганда бу қарорнинг қабул қилинишини аҳоли анчадан буён кутаётган эди.

Тўй-маъракаларда тугунчадан тортиб, катта-кичик сарполаргача бўлган нарса қўйишлар барҳам топмоқда. Тўйдан олдин ва тўйдан кейинги қўшимча расм-русумларга чек қўйилмоқда. Яқинда Самарқанд шаҳрининг Юқори Хўжасоат маҳалласи фаоллари билан бўлиб ўтган учрашувда куёв ва келин томон бирлашиб, битта тўй қилиш масаласи муҳокама этилди ва бу таклиф бир овоздан маъқулланди. Ваҳоланки, шу вақтга қадар фотиҳа, никоҳ ва куёв чақирди (талбон) маросимлари алоҳида кунларда ўтказиб, деярли уларда бир хил иштирокчилар қатнашар ва таклиф этилгани учун кўпчиликка бу тадбирларнинг барчасида бўлиш малол келарди.
Йиғилишларда тўй билан боғлиқ ортиқча харажатлар, дабдабабозлик тартибга олинаётган бўлсада, дафн маросимида амалга оширилаётган урф-одатлар, исрофгарчилик ва бидъатлар ҳамон давом этаётгани айтилмоқда. Албатта яқин кишисини йўқотиш ҳар қандай одам учун мусибат-мотам. Лекин, эркакларнинг овоз чиқариб йиғлаши, аёлларнинг садр тушиб уввос солиши Ислом динида йўқ. Маййитнинг ортидан дод-фарёд қилиш мусулмончиликка зид экани Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васалламнинг "Оиладагиларнинг ҳаддан ташқари дод-фарёди учун у дунёда марҳум жавоб беради" деган ўгитларидан маълум-ку. Биз дод-фарёдимиз билан марҳумнинг қисматини оғирлаштирар эканмиз.
Илму маърифатни билмаган айрим хотинлар таъзияга эмас, томошага келганга ўхшайди. Вафот этганнинг аёл яқинлари ёқасини йиртиб йиғламаса, сочларини ёйиб тобут устига ўзини ташламаса, марҳум учун ёниб-куюшмади деб гап қилишади.
Ислом динида вафот этган киши учун уч кундан ортиқ аза тутилмайди. Лекин шу уч кунда ҳам баъзи амалга ошириладиган удумлар қатъий тартибга олиниши керак. Жумладан, аёлларнинг тобут атрофини ўраб олиб садр тушиши, марҳумнинг яқинлари бошига кийимлик ташланиши, маййит чиққанидан сўнг азада қатнашган ҳар бир аёлга чой ва рўмолча берилиши, отинойилар олдига марҳумнинг қариндоши бўлган аёлларнинг пул ва латта ташлаши кўр-кўрона эътиқодга асосланган бидъатдан бошқа нарса эмас.
Маҳалла фаоллари билан учрашувларнинг бирида бир онахон айрим кимсалар қуюшқонга сиғмас қилиқлар ўйлаб топишаётганини айтиб қолди. Аёл киши вафот этган бўлса, унинг қўлига узук тақиб қўйиш одати пайдо бўлаётган экан. Мурдашўй (ювғучи, ғассол) мурдани ювган вақтида узукни хизмати учун ечиб олиши, агар узук бўлмаса ўз ишини яхши бажармай, марҳумага озор етказиши мумкин бўларкан.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Парламентга қилган Мурожаатномаларида "Биз буюк тарих, буюк давлат, буюк маданият яратган халқмиз" деган ҳақиқатни айтдилар. Биз бидъат-хурофот, илмсизлик касридан халос бўлиш учун маърифатга юз буриб, қадриятимиздан барча ўрнак оладиган эзгу анъаналаримизни давом эттиришимиз керак.

Хуршид НУРУЛЛАЕВ


Дата добавления: 27/02/2020 15:47;   Просмотров: 711
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку