Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

МАРДЛАР ЖОНИН БЕРИБ, МАРДЛИК ҚИЛАДИ...

Бугунги осуда ҳаётимиз кафолати таъминланганини "жонли" кўрсатиш мақсадида 14 январь - Ватан ҳимоячилари куни Самарқанд шаҳридаги Кўксарой майдонида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида фойдаланаётган қурол-аслаҳа ва жанговор техникалар кенг жамоатчиликка намойиш этилди.

Набираларининг ҳарбий соҳага жуда қизиққани ва Афғонистон уруши тўғрисидаги хотираларини завқ-шавқ билан тинглашларини ҳисобга олган Илҳом ака уларни Кўксарой майдонига олиб келганда, ҳақиқий ҳарбий техникани кўрган болаларнинг кўзлари ҳайрату қувончдан чарақлаб кетди. Ҳатто невараларидан бири техниканинг устига чиқиб олди. Илҳом бобо уларнинг хурсандлигидан орттирган табассум ила атрофга зеҳн солар экан, уруш хотиралари кино лентаси каби кўз олдидан ўтди.
Илҳомжон Ваҳобов Талибарзу маҳалласидаги 41-ўрта мактабда ўқиб юрган пайтларида спортга қизиқиши баланд эди. Шунинг учун эркин кураш тўгарагига аъзо бўлди. Тинимсиз машқлар ўз ижобий таъсирини кўрсатди ва қисқа муддат ичида у туман ва вилоят мусобақаларида фахрли ўринларни эгаллади. Етуклик аттестатини олиб, Тошкент юридик инстутига ҳужжатларини топширди, лекин бали етмаганлиги учун орзуси ушалмади. Бир йил собиқ Максим Горький (ҳозирги Наврўз) муқобил МТП жамоа хўжалиги даласида деҳқончилик сир-асрорларини ўрганди. Икки йилдан сўнг Самарқанд давлат университетининг рус филологияси факультети талабаси бўлди. Ўқиш билан бирга жамоат ишларида фаол қатнашди. Энг муҳими, рус тилини мукамал ўрганди. Педагог сифатида меҳнат фаолиятини маҳалласида жойлашган 27-сон ўрта мактабда давом эттирди. Спорт билан мунтазам шуғулланди ва юксак кўрсатгичларга эришди. Тожик-форс ва рус тилларини пухта билиши, кенг дунёқараши, кўп мутолаа қилиши келажакдаги фаолиятига туртки бўлди. Шунинг учун бўлса керак, айрим ташкилотлар у билан қизиқиб қолди.
- Она юртимиз ва халқимиз тинчлигини сақлаш ҳар биримиз учун шарафдир, - деди миллий хавфсизлик идораси ходимларидан бири, - бизлар сизнинг таржимаи ҳол ва авлодларингиз билан танишиб чиқдик. Ижобий тавсифнома олдик. Энди Минск шаҳрига бориб, махсус тайёргарлик мактабида таҳсил оласиз.
Илҳомжон ушбу суҳбат тафсилотини падари бузургвори Абдунаим Ваҳобовга айтди. Оила тўнғичи бўлган ўғил отадан оқ фотиҳа олиб, Белоруссия пойтахти томон учиб кетди. Қисқа муддатли ўқувдан сўнг яна Самарқандга қайтди. 1986 йилда уни Москвага чақиришди. Внуково аэропортида махсус кишилар кутиб олиб, давлат миллий хавфсизлик идорасига кузатиб қўйишди. Бўлинма бошлиғи, генерал унвонига эга бўлган шахс билан суҳбат қисқа ва қатъий кечди.
- Илҳомжон, сизни Эрон мамлакатига хизмат қилиш учун тайёр қилган эдик, - деди у, - аммо режамиз ўзгарди. Афғонистонга борасиз.
- Икки нафар фарзандим бор, - кўнглини очди у, - хотиним ва болаларимнинг тақдири нима бўлади?
- Ҳар нарса яратганнинг қўлида, - деди унга генерал, - ҳамма нарса пешонадан. Аммо унутманг. Сиз халқимиз тинчлиги учун Ватан амри билан хорижга боряпсиз.
Ана шундан сўнг Илҳомжон Тошкентдан Афғонистон пойтахти - Қобул шаҳрига учиб кетди. Бу ердан Қандаҳорга боришини айтишди. Аммо икки кун кутишга тўғри келди. Аэропорт ҳудудида жойлашган қатор енгил конструкцияли уйлардан бирига уч нафар зобитлар жойлашди. Кечки пайт тўсатдан даҳшатли портлаш юз берди. Илҳомжон каровоти билан ағдарилди, аммо у билан бирга бўлган икки нафар забот парчаланиб кетганди. Бу унинг биринчи марта ажал панжасидан қутилиб қолиши эди. Иккинчи марта Бағром вилоятидан Лашкаргоҳ томон парвоз қилишган самолётдан парашютсиз учиб кетгани бўлди. Гап шундаки, ушбу минтақа жуда хавфли бўлиб, душманлар совет ҳаво кемаларини "Стингер" ракеталари билан уриб йиқитишарди. "Ан-2" русумли самолёт чироқсиз ва баланд учаётган бўлса ҳам пастдан уни ўққа тутишди. Салон ичида қизил чироқ ёнди. Бу барча экипажнинг сакрашга тайёргарлик кўришига ишора эди. Кимдир эшикни очишга ҳозирланди. Албатта, парашюти бўлмаган самарқандлик байналмиллал жангчининг айни пайтдаги ҳолатини тасвирлашга қалам ожизлик қилади. Чунки, Илҳомжоннинг калима қайтаришдан бошқа иложи қолмаган эди. Таъкидлаш жоизки, Илҳомжон Кобул, Ҳирот, Шиндон шаҳар ва вилоятларида ўнлаб марта ўлим билан юзма-юз бўлди, аммо Парвардигор уни муаллақ ажалдан сақлади. Илҳомжон махсус топшириқ билан Покистон сарҳадига борди. Ҳарбий амалиёт олдидан радиотелеграмма келди. Амалиёт раҳбари уни бағрига босди ва далда берди:
- Илҳомжон, ўзингни қўлга ол, мард бўл. Уканг Бахтиёржон Бағромда шаҳид бўлибди. Сенга ҳамдардлик билдирамиз.
Тўсатдан айтилган бундай шум хабардан Илҳомжон ҳайкалга айланди. Нима дейишни билмасди. Икки кўзидан юм-юм ёш оқарди. Не-не азоблар билан Бағром шаҳрига етиб келганида аллақачон даҳшатли юк - "Груз-200" Самарқандга жўнатилган экан. У фақат таъзиянинг учинчи куни уйига етиб келди. Муштипар она ва бечора ота, жону жигарлар ўша оқшом эрта тонггача мижжа қоқмасдан чиқдилар. Ўн кунлик таътил шамолдек ўтди. Илҳомжон дийдор қиёматга қолганидан афсусланиб, яна жанг майдонига қайтди. Мардлик, матонат кўрсатиб "Қизил юлдуз", "Жасорат учун" ва бошқа жанговор орден- медаллар билан тақдирланди. Қаҳрамонлик кўрсатгани учун иккинчи марта таътил беришди. Бахтига Лашкаргоҳдан Қобулга учиб келиш учун уч кун вертолёт бўлмади. Ҳар бир дақиқа соатдек, соатлар кунлардек, кунлар йиллардек чўзилди. Гўё вақт тўхтагандек эди. Тўртинчи куни бирдан иккита верталёт ҳарбий қисм майдонига қўнди. Шу пайт Москвалик алоқачи аёл уйига қайтиши зарур эканлигини, Илҳомжондан ўз ўрнини унга беришини қаттиқ илтимос қилди. Ўртага командирлар тушди. Самарқандлик байналминал жангчи ноилож ўз ўрнини аёлга берди. Вертолётлар учди. Илҳомжон ҳасрат билан уларга қараб тураркан, орадан ҳеч вақт ўтмай, верталётлар бирин-кетин ҳавода портлаб, ерга қулади. Бир дам олдин ёнларида бўлган, энди шаҳидга айланган одамларнинг жасадлари темир тобутга солинди.
1989 йил Илҳомжон Ваҳобов генерал Громов қўмондонлигида совет қўшинларининг охиргиларидан бўлиб Афғонистон ерини тарк этди. Термизга ўтиб, она Ватан ерини ўпди. Бу кунларга етган ва етмаганларни эслаб кўз ёши тўкди. У Самарқандга қайтиб турли вазифаларда ишлади. Нафақага чиққунга қадар Самарқанд туман ижтимоий таъминот бўлимида меҳнат қилди. Энг муҳими, фарзандларига жонкуяр бўлиб, замонага хос таълим-тарбия берди. Ўғиллари Улуғбек ва Жонибек, қизлари Мадинабону ва Нигинабону ҳамда 20 нафарга яқин набиралар бугун қаҳрамоннинг муносиб ворисларидир. 8 февраль куни очеркимиз қаҳрамони Илҳомжон Ваҳобов ўзининг 60 йиллик ёшини нишонлайди. Биз кўп сонли газетхонлар қаторида уни қутлуғ айём билан табриклаб, узоқ умр, бахту саодат ҳамда катта оилага ҳамиша дуогўй бўлиб қолишини тилаймиз.
Кўплар молин бериб, мардлик қилади,
Мардлар жонин бериб, мардлик қилади.

Фирдавс ҒАНИЕВ,
Бюджетдан ташқари пенсия
жамғармаси туман бўлими раиси
Зоҳир ҲАСАНЗОДА,
журналист


Последнее редактирование: 06/02/2020 16:45;   Просмотров: 754
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку