Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

МАҚСАД – ХАЛҚ ФАРОВОНЛИГИ

Қиш фасли эшик қоқмоқда. Аҳолини ташвишга солаётган нарса арзон нархдаги ёқилғи билан уйни иситиш ва таом тайёрлашдир. Ана шу муносабат билан биз "Самарқанд тумангаз" таъминоти бўлими бошлиғи Наврўз Ҳанифга бир неча савол билан мурожаат қилдик.

Идорамиз жамоаси 2020-2021 йиллар кузги-қишги мавсумга тайёргарлик доирасида 508 дона газ тақсимлаш қўрилмаларини техник кўрикдан ўтказиб, 72 километр газ қувурларини босим остида синаб ва ҳаво босими ёрдамида тозалаб, 13 километр ер ости қувурлар ҳолатини махсус асбоблар ёрдамида текширди, - деди Наврўз Нурмуҳаммадович, - Айни пайтда 2 минг 450 та газ истеъмолчиси бўлиб, шу жумладан 1454 та истеъмолчи 3-босқичли таъминот тизимидан 2-босқичли тизимга ўтказилди. Умуман, туманда 20 мингдан кўпроқ газ истеъмолчилари бўлиб 6669-та аҳоли хонадонларига замонавий электрон газ ҳисоблагич ускуналари ўрнатиш режалаштирилган.

- Ҳурматли Наврўз Нурмуҳаммадович, кейинги пайтларда туман ҳокимининг сайёр қабулида ва бизнинг газетамизда газ баллонларини етказиб беришда узилишлар бўлиши тўғрисида шикоятлар кўпаймоқда.

 - Тўғри, куз-қишги мавсумига тайёргарлик муносабати билан суюлтирилган газ баллонларини тақсимлаш корхонасида таъминлаш ишлари олиб борилиши туфайли ана шундай  муаммолар юзага келди. Бугунги кунда туманда 29 мингдан кўп суюлтирилган газ истеъмолчилари бўлиб, ҳар ойда 300 тонна газ тақсимланади.

 - Уларнинг нарх-навоси тўғрисида ҳам турли хил миш-мишлар бор.

- Шоли курмаксиз бўлмайди. Бизнинг  ходимлар ўртасида ҳам нопок ва инсофсиз ходимлар бор. Бугунга қадар айрим шахслар ўз вазифаларидан четлаштирилди. Келгусида ҳар бир газ баллонларига кодли рақамлар ўрнатилади ва мижозларга қанча ва қайси муддатга етказиб бериш қаттиқ назорат қилинади.

- Хабарингиз бор, Хожа Аҳрори Валий ва ҳатто сиз истиқомат қилаётган Оҳалик қишлоғи аҳолиси табиий газдан баҳраманд бўлишган эди. Бугунги кунда бу жойларда фақат қувурлар қолган, холос.

- Мўҳтарам юртбошимизнинг қарор ва фармонлари асосида бутун республикамизда, шу жумладан бизнинг туманда ҳам газ, свет, сув билан таъминлаш борасида ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Иншооллоҳ, аҳолини босқичма-босқич табиий газ билан тўлиқ таъминлаш ишлари амалга оширилади. Ҳозирги кунда кўп қаватли уйлар табиий газ билан таъминланди. Шунинг учун Гулобод ва Паррандачилик фабрикасидаги кўп қаватли уйларга биринчи навбатда табиий газ қувурлари ўтказилди.

- Наврўз Нурмуҳаммадович, сизнинг касб тақозаси билан тинимингиз деярли йўқ. Агар бўш вақтингиз пайдо бўлса, нима қиласиз?

- Адолатли мушоҳада. Газ таъминоти бўйича ташвишимиз жуда кўп, аммо фурсат бўлса, раҳматли амаким - Тожикистон халқ ёзувчиси Шодон Ҳаниф асарларини мароқ билан мутолаа қиламан. Шунингдек, "Гулобод тонги", "Овози тожик", "Янги Ўзбекистон", "Овози Самарқанд" ва бошқа нашрларни кўздан кечираман. Албатта оила, фарзандлар ва набиралар даврасида бўлиш ва  суҳбатлашиш олам-олам қувонч бағишлайди. Баҳорда тоғларга чиқиш, табиат чиройидан, дарё шовуллашини, булбуллар сайрашини тинглаш ҳам кишига завқ бағишлайди.

- Сизнинг истакларингиз?

Осмонимиз мусаффо, хонадонлар тинчлиги ва тезроқ пандемия балосидан қутилишдир.

Хуллас, мақсадимиз халқ тинчлиги ва фаровонлиги.

Суҳбатни Зоҳир ҲАСАНЗОДА

ёзиб олди.

Суратда: Корхона фаолиятидан лавҳа


Дата добавления: 18/11/2020 11:14;   Просмотров: 5712
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку