Алишер Навоий ўз «Хамса» си билан ўзига бадий ҳайкал ўрнатди, бутун Шарққа танилди. Унинг қалами ҳадя этган бу бебаҳо асарнинг юз йиллар қаъридан етиб келиши ҳам ўша умрбоқийликдан ёрқин нишонадир. Садриддин Айний эса Алишер Навоий «Хамса» сини шарҳлашдай машаққатли ва айни чоқда шарафли меҳнати билан буюкликка дахлдорлигини намойиш қилди. Мангулик қасрида ўчмас излар қолдирди.
Садриддин Айний Алишер Навоий «Хамса» сининг қисқартирилган вариантини ўзбек шоирининг улуғвор сиймосига тўҳфа қилиб яратди. Гарчи мазкур иш Навоий муҳаққиқи томонидан жуда қисқа бир муддатда адо этилган бўлса-да, унинг илмий қиммати, Алишер Навоий адабий меросини кўп сонли шеърият мухлислари ўртасида тарғиб қилиш йўлидаги аҳамияти ва бажарилиш сифати нуқтаи назаридан чинакамига салмоқлидир.
Маълумки, Алишер Навоий «Хамса» дай гениал бир асарни ғоят қисқа муддатда, атиги 2 йилда (1483 - 1485 йилларда) ёзиб тугатди. Бу камдан-кам ижодкорга муяссар бўладиган бахт. Бу бахтга буюк Алишер юксак ақл-заковати, тенгсиз таланти, истеъдоди, қобилияти ва жиддий меҳнати орқалигина эришди. «Хамса» таркибидаги «Сабъаи сайёр» ни эса адиб ҳаммаси бўлиб тўрт ой атрофида тугатди. Тўрт ойда беш минг байт! Бу пухта тайёргарлик, тасвирига сўз топиш қийин бўлган ирода, қуйма илҳомнинг эҳсони албатта. Аммо муаллифнинг таъкидига кўра, унинг учун бу вақт ҳам кўп. Ҳатто унинг бу ишни тўрт ҳафта ичида якунлай олишига ҳам ишончи комил. Лекин бу насиб бўлмади. Чунки «Хамса» майдонга келган давр пойтахт Ҳирот, Хуросон давлати учун анчагина нотинч йиллар саналарди. Ҳусейн Бойқаро саройида фисқу фужур кучайган, шундай бўлишига қарамай, Алишер Навоий етук давлат арбоби сифатида ўзининг эзгу истаклари-мамлакатни тинч, обод, кўркам, халқни тўқ, саводли ва фаровон турмуш бағрида кўриш ниятида тинимсиз иш олиб бораётган, неча - неча ариқ ва қудуқлар, работу мадрасалар бунёд этиш иштиёқи билан юрган дамларга тўғри келади. Буни шоирнинг ўзи ҳам эътироф этган. Шундай бир вазиятда фақатгина бадиий ижод билан шуғулланишнинг имкони бўлмаган. Садриддин Айнийнинг тўғри таъкидлашича, Алишер Навоий бадий ижод учун узун тунлардагина вақт ажратар ва ёзиш билан банд бўларди.
Садриддин Айний ҳам Алишер Навоийдаги ижобий фазилатларни ўзига қабул қилиб, ижод билан жиддий шуғулланди. Шарқ халқлари маданияти, ҳамсачилик анъанаси билан пухта таниш бўлган С. Айний беш достоннинг қисқартирилган вариантидан иборат улкан ишни қисқа муддатда шараф билан уддалай олди.
«Хамса» нинг қисқартирилган варианти шаҳрловчининг сўзбошиси билан бошланади. Маълумки, Алишер Навоий ижодига бўлган қизиқиш, уни ўрганиш, тарғиб этиш анъанаси шоир ҳаёт бўлган даврдан бошланган эди. Орадан йиллар ўтиши билан бу ҳаракатнинг доира ва диапазони кенгайиб, унинг географик жиҳатдан тарқалиш кўлами фақатгина Мовароуннаҳру Хуросон территориясида қолмай, Шарқу, Ғарбга ҳам бориб етди. Натижада Ғарб шарқшунослари ҳам
Алишер Навоий ижодиётига қизиқиб, ўз фикру мулоҳазаларини баён этдилар. XIX асрга келиб Россияда М.Никитский Алишер Навоий ҳақида махсус илмий тадқиқот яратди. Кейинча бу ижобий традициянинг кўлами янада кенгайди. Бироқ бу ишлар шоирнинг илмий биографиясини яратиш, асарларининг ўрганилишини таъминлаш, уларни оммага танитиш соҳасида маълум даражада ижоюий роль ўйнаган бўлса-да, аксарият тадқиқотчилар буюк мутафаккирнинг ижодий маҳсулини баҳолаш бобида бир ёқламаликка йўл қўйдилар. Шоир яратган асарларнинг оригиналлигини инкор қилгани ҳолда, муаллифни форс-тожик адабиётининг қуруқ тақлидчиси сифатида талқин этдилар. Ана шу ҳолни ҳисобга олган Садриддин Айний китоб муқаддимасида асосий эътибор ва диққатни ўша ғайриилмий қарашларга зарба бериш, буюк Навоийнинг оригинал ижодкор эканлигини исботлашга қаратади. Шунинг учун у сўзбошисининг биринчи жумласидаёқ Алишер Навоийнинг шоирлик салоҳиятини, унинг ўзбек адабиётидаги буюк ролини таъкидлашга киришади. «Алишер Навоийнинг «Хамса»си, - деб ёзади Садриддин Айний, - Шарқ классик адабиётининг энг гўзал намуналаридан биридир. Алишер ўз «Хамса»сини ёзганда ўзидан илгари «Хамса» ёзганларга-Низомий ва Хисравларга шакл жиҳатидан эргашган бўлса ҳам, аммо сюжет ва мундарижа жиҳатидан улардан ажралади».
«Навоий ижоди-илҳом манбаи» китобидан
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.