аёл гўзаллиги олдида бир пулга қиммат ақида
-Устоз, сизни ва суҳбатларингизни соғиндим, - Муҳайёнинг сўзларидан қувониб кетдим. Талабалик давридаги ўйчан ва камгап характеридан асар ҳам қолмаган, рўпарамда замонавий зиёли аёл турарди.- Сизнинг сўзларингиз доимо қуёш мисоли бошимда нур сочиб турди. Бир қўлимда маърифатни тутдим - жаҳолатни енгдим, бирида эса олий мақсад - ҳаётда чинакам инсон бўлиб етишиш орзуси турди.
Муҳайё Кореяда етти йил ўқигани, магистратура таҳсилидан сўнг Сеул университетида талабаларга дарс берганини қувониб гапириб берди.
-Мени табрикланг,- қалби қувончга тўлиб деди у.- Шу ойнинг охирида докторлик илмий ишимни ҳимоя қиламан. Педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори илмий даражаси,.бариси инглиз тилида бўлаяпти. Дуо қилинг, насиб бўлса шогирдингиз ишончингизни оқлаяпти.
Муҳайёнинг ташрифидан олим бўлиб камтарликни-да кафтида тутиб юрганидан янада хурсанд бўлдим. Шу тобда унинг талабалик йилларидаги бир воқеа кўз олдимда намоён бўлди. ..
Таҳририят қошидаги "Журналистик маҳорат мактаби" машғулотларидан сўнг фаол талаба қизлардан бири аудиторияда қолди.
-Устоз, бу гап дарс мавзусидан йироқ, шахсий ҳаётим, оилавий муаммо,-деди Муҳайё тортинибгина.- Мени кечиринг, сизга айтмасам бўлмайди.Уйда турмуш ўртоғим ва қайнонам мени тушунмаяпти. Олий даргоҳда ўқиётганимни улар сариқ чақага ҳам олмайди. Эримнинг тазйиқ ва зўравонликлари жонимга тегди.
-Ота-онангиз нима деяпти?
-Улар ҳам муроса қилгин, сабр қилсанг ҳаммаси изига тушиб кетади, дейишаяпти. Ажрашиб кетишимни истамайди. Кеча ноилож бир ёшли ўғлимни дарсга олиб келдим. Домлаларим бир нарса дейишмадию лекин "Оилангдагилар билан муроса қилгин", дейишдан нарига ўтишмади.Институтимиз хотин-қизлар қўмитаси раиси ҳам, ундан юқори органлар ҳам "аёлсиз чидайсиз, барисига ўзингиз айбдорсиз", дейишади. Уйга боргим келмайди, нима қилайин устоз? Пул ва бойлик васвасасида яшайдиган эр ҳам, қайнона ҳам...
Бу гапдан анча ўйланиб қолдим.Илм-маърифатли бўлайин, ўқиб одам бўлайин деб юрган бир иқтидорли қизга нима деб маслаҳат беришим, йўл-йўриқ кўрсатишим ҳақида роса ўйладим.
-Иродали, сабрли бўлгин , - дедим ниҳоят унга.- Мана шу олти ойда зўр ўқисанг, хориж университетларида ўқиш учун грант ютиб оласан! Чет элда бир икки йил ўқиб келганингдан сўнг улар тушуниб қолар, қилган ёмонликларидан ўзлари уялишар.Ҳали кўрасан, яхши кунлар олдинда...
Бу воқеага ҳам ўн йил бўлди-ёв. Муҳайёнинг дунёқараши, ҳаётга муносабати буткул ўзгарган.Одамийлик фазилатини, фан йўлида изланаётганини кўриб, унга омад тиладим.Тошкентда институтда ўқитувчи бўлиб ишлаяпти, уй-жойи бор. Ўғли 12 ёшда, ойисига ёрдамчи. Машинаси бор, бариси илм туфайли.
-У кунлар эртакдек туюлади,- дея табассум қилади Муҳайё.- Хорижга ўқишга кетдим.Турмуш ўртоғим, қайнонам қаршилик қилишдию ота-онам қўллаб қувватлашди. Онам ўғлимни бағрига олди. Эрим ажрашиш учун судга ариза берди. Мен ўқидим, ҳаётимни ёрқин бўлиши учун қийинчиликларга чидадим.Бугун эса илм йўлимдан бораяпман. Биласизми, кўп китоб ўқидим. Жаҳон классик адабиёти намуналаридан воқиф бўлдим. Бу нима эди? Аввало, парвардигор камол топишим учун қобилият ато этди. Менинг ҳаётимни бузувчилар ва камситувчилар нуқтаи назари, таъқибидан чиқиб кета олдим. Вужудимда кучли руҳ пайдо бўлди. Руҳ инсоннинг орзу-истаклари билан туғилади ва шаклланади. Мен оилавий меҳр-муҳаббат ҳамиша ғалаба қозонишига ишонардим. Афсуски, турмуш аввалида қарама-қарши ҳаёт қийинчиликларига дуч келдим.Яхшиларнинг менга кўрсатган меҳр-муҳаббати шунчалик мустаҳкам эдики...Эрим ва қайнонамнинг шахсий талаб ва жоҳиллиги замирида маънавий заифлик ётарди. Буни мен чет элда ўқиб юрганимда чуқур ҳис этдим. Ушбу ғоя стилистик ёки ахлоқий кўринишга эга бўлса ҳам у инсонни камситиш, туйғуларини ерга уришдир.Холбуки, уни енгиш учун куч топиш инсоннинг гўзаллик борасида табиатга интилишидан келиб чиқади. Мен инглиз тилида педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори бўлаяпман. Ҳа, насиб этса катта одам бўламан. Талабаларимга машғулот жараёнида бир нарсани кўп уқтираман - уларнинг ярмидан кўпи қизлар - аудиторияга субъектив риторикани намоён қилгандан кўра, бу билан боғлиқ ҳар қандай муҳокамани рад этган маъқул. Мавзу унчалик катта аҳамиятга эга бўлмаса, уни шунчаки бир четга суриб қўйган маъқул. Ота-онам ҳаётда ўзлари эришганидан кўра кўпроқ нарсага эришишим учун қўлларидан келганини қилдилар. Яхши таълим олишим уларнинг талабларидан бири бўлди. Улар ўртаҳол бўлганлар. Ростини айтсам, уларнинг орзуларини рўёбга чиқариш учун қилган ҳаракатларим мен учун қилинган қурбонлар олдида...тазйиқ ва зўравонлик бугун таъсирини кўрсатаяпти: бошим тез-тез оғрийди, баъзида оёқларим ўзимга бўйсунмай қолади. Албатта, булар жисмимдаги зарблар оқибати.Аммо, менга тушкунлик, бировлардан хафа бўлиш - ёт. Тасаввуримга муҳрланган нарса психологик жиҳат - доимо руҳиятимда куч билан юраман.. Ота-онамга беадад ташаккур. Улар туфайли мен умр бўйи изланишга интилиб келмоқдаман. Бугун мени инсоният манфаати учун нима қила олишим мумкинлиги кўпроқ қизиқтиради. Маънавий заифлик аёл гўзаллиги, ҳаётга интилиб яшаши олдида бир пулга қиммат ақида. Аёлнинг руҳияти соғлом, мустаҳкам бўлсин. Сўзларимни оиласидан совуган, ажрашаман деб турган ёш аёллар тушунишини хоҳлайман. Бу эстетик, интеллектуал ва ахлоқий аҳамиятга эга бўлган жиҳатлар, яъни ҳаёт гўзаллигини ҳар ким ўз шартлари бўйича қидиради.
Унга ҳавасим келди. Оиласи ҳақида сўрамадим, ўзи гап орасида "У ва қайнонам баъзида келиб туради. Ўғлим дадаси ва бувисини деярли танимайди. Ярашайлик, бирга яшайлик, биз кечирдик, дейди. Қайнонам домла келиним деб тилёғмалик қилади. Давлат ишида ишлаб маош олиб яшаш, обрўли бўлиб юриш нелигини энди тушунишаяпти.Бойлиги кўкка совурилгани, дўконлари ўрни бузилиб кетгани, муҳтожлигини пеш қилишади. Улар аслида шундай - ёлғонга қурилган ҳаёт ёлғонлардан иборат".
-Одамлар хатосини тушунади, ўзгаради, - деди Муҳайё хабарлашиб эшикка чиқаркан. -Мен ҳеч кимнинг яхшилигини ҳам, ёмонлигини ҳам унутмайман.Бундан ҳам қийин пайтларда таслим бўлмаганман. Ижтимоий-сиёсий ҳаётда ҳар қандай ғоя аҳамияти, биринчи галда, унинг халқ манфаатларига нечоғли мувофиқ эканига кўра белгиланади. Миллат фикрловчи одамлар билан тирик, деган гап бор. Бу ғояни чуқур тушунмоқ керак. "Хотин-қизларнинг тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг бу ҳақдаги низоми мазмун-моҳияти ҳақида матбуотдан ўқиб бораяпман. Бу яхши, аммо инсонни жазолаш билан хатоларини тўғрилаб бўлмайди. Тарбиялаш керак. Ҳаётдан нолиш Аллоҳга исён қилиш билан баробар.
Убай ҚОДИР, журналист
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.