Жорий йилнинг 24 январь куни муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини жорий йилда 60 фоизга етказиш зарурлиги тўғрисида айтиб ўтди.
Бундан ташқари, 2019 йил 16 декабрь куни Ўзбекистон Республикасининг "Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида"ги ЎРҚ-595-сон қонуни қабул қилинди.
Мазкур қонун 11 боб, 58 та моддадан иборат. Қонуннинг 6-моддасида Ҳар бир бола мактабгача таълим ва тарбия олиш ҳуқуқига эга эканлиги, давлат ҳар бир боланинг умумий ўрта таълим ташкилотига ўқишга киришидан бир йил олдин давлат мактабгача таълим ташкилотларида умумий ўрта таълимга мажбурий бир йиллик тайёргарликдан ўтишга бўлган ҳуқуқини кафолатлаши ҳамда боланинг мактабгача таълим ва тарбия олишига доир давлат кафолатлари давлат мактабгача таълим ташкилотлари негизида мактабгача таълим ва тарбия хизматларини кўрсатиш, шунингдек таълим ва тарбия беришнинг муқобил шаклларини ташкил этиш орқали таъминланиши белгилаб қўйилган.
Қонуннинг 20-моддасида якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилган жисмоний шахслар мактабгача таълим ва тарбия соҳасида оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти шаклида таълим хизматлари кўрсатиши мумкинлиги, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилган жисмоний шахслар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан бериладиган мактабгача таълим ва тарбия соҳасида рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олган пайтдан эътиборан мактабгача таълим ва тарбия соҳасида таълим хизматларини кўрсатишга ҳақли эканлиги ҳамда оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида кўпи билан йигирма беш нафар мактабгача бўлган ёшдаги боланинг таълим ва тарбия олишига йўл қўйилиши тўғрисида белгиланган. Шунингдек, қонуннинг 21-моддасида Мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги лицензия юридик шахс давлат рўйхатидан ўтганидан кейин берилиши, лицензия бериш, лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш, шунингдек уни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган тартибда Давлат инспекцияси томонидан амалга оширилиши кўрсатиб ўтилган.
Бундан ташқари, Қонуннинг 31-моддасида мактабгача таълим ташкилотларида ўқув йили жорий йилнинг 2 сентябридан кейинги йилнинг 31 майигача бўлган даврни, ёзги соғломлаштириш даври жорий йилнинг 1 июнидан 31 августигача бўлган даврни ўз ичига олиши, мактабгача таълим ташкилотларидаги гуруҳлар уларда болаларнинг бўлиши давомийлигига қараб:
болалар қисқа вақт бўладиган гуруҳлар (кунига 3-4 соат);
тўлиқ кунли гуруҳлар (кунига 9, 10,5 ва 12 соат);
болалар кечаю кундуз бўладиган гуруҳлар бўлиши мумкин.
Мактабгача таълим ташкилотларининг:
болалар 3-4 соат бўладиган гуруҳларида - кундузги уйқу ташкил этилмайди ва бир марталик овқатлантириш ташкил этилиши мумкин;
болалар 9 - 10,5 соат бўладиган гуруҳларида - уч марталик овқатлантириш ташкил этилиши ва кундузги уйқу учун шароитлар яратилган бўлиши керак;
болалар 12 соат бўладиган гуруҳларида - тўрт марталик овқатлантириш ташкил этилиши ва кундузги уйқу учун шароитлар яратилган бўлиши керак.
Мактабгача таълим ташкилотларининг болалар кечаю кундуз бўладиган гуруҳларида кундузги ва тунги уйқу ҳамда беш марталик овқатлантириш ташкил этилиши учун шароитлар яратилган бўлиши керак.
Уч ёшдан етти ёшгача бўлган болалар узлуксиз ухламайдиган муддатнинг тавсия этиладиган максимал давомийлиги 5,5 - 6 соатни ташкил этади.
Уч ёшдан етти ёшгача бўлган болалар учун суткалик уйқунинг тавсия этиладиган умумий давомийлиги муддати 12 - 12,5 соатни ташкил этади, шундан 2 - 2,5 соатни кундузги уйқу учун ажратиш тавсия қилиниши ва мактабгача таълим ташкилотининг иш режими ва болаларнинг унда бўлиши давомийлиги унинг уставида белгиланиши кўрсатилган.
Шунингдек, қонунинг 32-моддасида эса Мактабгача бўлган ёш бола шахсининг жисмоний, психологик ва ижтимоий жиҳатдан шаклланишининг асосий давридир.
Мактабгача бўлган ёш қуйидаги даврларни ўз ичига олади:
гўдаклик (туғилганидан бир ёшгача);
илк болалик (бир ёшдан уч ёшгача);
мактабгача бўлган кичик ёш (уч ёшдан тўрт ёшгача);
мактабгача бўлган ўртача ёш (тўрт ёшдан беш ёшгача);
мактабгача бўлган катта ёш (беш ёшдан етти ёшгача) бўлган даврлар кўрсатиб қўйилган.
Бундан ташқари, мазкур қонун мактабгача бўлган ёшдаги болаларнинг ҳуқуқлари, боланинг қонуний вакилларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, мактабгача таълим ташкилотлари педагог ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ва бошқа бир қатор масалаларни тартибга солиши белгиланган.
Мазкур қонуннинг 58-моддасида ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради деб кўрсатилган.
Р.ЎЛМАСОВ,
туман адлия бўлими катта маслаҳатчиси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.