Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

Мажбурий обунанинг илдизи қаерда?

Кейинги пайтларда мажбурий обуна мавзуси кун муҳокамасига айланди. Фикрлар турли туман. Лекин уларда муаммонинг илдизи очиб берилмаяпти.

Хўш, муаммонинг илдизи қаерда? Унинг илдизи босма нашрларнинг ўзини ўзи маблағ билан таъминлай олмаётганлигида. Бунинг сабаблари эса бисёр. Аввало таҳририят асосан муассис бўлган вазирлик ёки вилоят ва туман ҳокимликларининг фаолиятини ёритмоқда. Фалон мажлис, пистон тадбир деганларидек. Сўнгра эса яна бир қатор соҳалар борки таҳририят уларни ёритишга масъул. Булар одам савдоси, гиёҳвандлик, ОИТС, ҳуқуқбузарлик, диний экстремизм ва ҳоказо. Булар газетада маълум муддатда неча марта ёритилгани мунтазам равишди сўраб турилади. Яна шундай тармоқлар борки уларнинг ходимларидан ҳар ойда 1-2 та мақола ҳисобот учун талаб этилади. Масалан, йўл ҳаракати хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги, прокуратура, ДСЭНМ, адлия, нотариат ва яна бир қатор ташкилотлар уларнинг сирасига киради.
Юқоридаги мавзулардаги мақолалар доим ҳам муштарийларни қизиқтирмайди. Қизиқарли мақолалар ёзишга эса вақт топилмайди. Вақт топилиб мақола ёзилса унга саҳифада жой етишмай қолади. Шу боис ҳам газеталар муштарийларнинг талабини қондирмаяпти. Шундай бўлгач улар ихтиёрий равишда обуна бўлишмайди.
Яна бир сабаб, вилоят ва туман газеталарида реклама орқали маблағ топиш қониқарли даражада эмас. Ваҳоланки, бу бехаражат даромад. Шундай қилиб, таҳририятнинг обуна, реклама ва эълонлардан топган маблағи унинг йиллик харажатини қопламаяпти. Энди нима бўлади? Агар газета хусусий бўлганида у ёпилиб кетар эди. Бизнинг мисолимизда эса у маълум бир вазирлик ёки ҳокимлик муассислигидадир.
Энди амалдаги қонунчиликка асосан муассис масъулияти юзага чиқади. Чунки "Оммавй ахборот воситалари тўғрисида"ги қонуннинг 14-моддасида муассисга оммавий ахборот воситаси чиқарилишини таъминлаш мажбурияти юклатилган. Бу таҳририятни маблағ билан таъминлаш ҳам деганидир. Аммо муассиснинг бунга имкони йўқ. Мисол учун, на вилоят, на туман ҳокимликларининг йиллик харажатлар сметасида ўзлари таъсис этган газета учун маблағ ажратилган. Шунингдек, маҳаллий бюджетда ҳам газеталар учун маблағ ажратиш кўзда тутилмаган. Вазирликларда ҳам шундай. Парадокс. Қонун юридик шахс сифатида ҳокимликларга газета таъсис этиш ҳуқуқини бермоқда. Унинг чиқарилишини таъминлаш мажбуриятини юкламоқда. Лекин бунинг учун қонуний молиявий манба берилмаяпти. Бундай олганда ҳокимлик газета таъсис этган-у, уни маблағ билан таъминлаш имкониятига эга эмас. Холбуки, маданият, маърифат, маориф, спорт, тиббиёт ва яна бошқа соҳалар, ҳатто радио ва телевидение ҳам бюджетдан маблағ олади. Газета эса йўқ.
Худди ана шу ердан энди мажбурий обуна бошланади. Вазирлик ўз тизимига, маҳаллий ҳокимият ўз тасарруфидаги ҳудуддаги корхона, ташкилот ва муассасаларга обунани тақсимлайди. Сўнгра унинг ижросини, юмшоқроқ қилиб айтганда, тавсия этади. Ахир бошқа нима ҳам қилишсин? Молиявий манбага эга эмаслар-да!
Бу йилги обуна мавсуми нафақат ўнлаб туман газеталарининг, ҳатто айрим вилоят газеталарининг ҳам банкрот бўлишидан дарак бермоқда. Хўп, улар майли ёпилиб кетаверсинми? Йўқ-да! Бунга ҳам қонунчилик йўл қўймайди. Гап шундаки, вилоят ва туман ҳокимларининг айрим қарорлари маҳаллий нашрда чоп этилиши шарт.Бундан ташқари сайлов кампанияси ҳам ёритилиши керак. Савдолар, тендерлар, эълонлар ҳам газетада чоп этилиши лозим. Акс ҳолда танлов ҳақиқий ҳисобланмайди, фуқаролар йўқотилган муҳрларини, дипломларини, гувоҳномаларини ололмайди. Қолаверса, туманларда газета маҳаллий янгиликларни ёритадиган ягона ахборот воситаси!
Умуман олганда, 70-80 йиллар давомида, машаққатли замонларда чиқиб турган газета шундай кунларда оғир аҳволга тушиб қолгани кишига алам қилади.
Бу муаммо Республика миқёсида бўлгани сабабли унинг ечими ҳам ўша доирада муҳокама этилиши зарур. Аминманки, 2019 йилги бюджетда ҳам маҳаллий газеталар учун маблағ ажратилмаган.
Хулоса шуки, давлат корхонаси ҳисобланган газеталарга бюджетдан маълум миқдорда маблағ ажратилиши керак.
Муаммонинг бошқа ечими ҳам бор. Зарар кўриб ишлаётган субъект сифатида газеталарни хусусийлаштириб юбориш мумкин. Бироқ унда хусусий нашр ўзи истаган мавзуни ёритади. Керак бўлса, ҳокимларнинг қарорларини ҳам шартнома асосидаги тўлов амалга оширилгач ёритади. Бошқа соҳаларнику қўяверинг. Лекин бюджет ташкилотларининг харажатлар сметасида ҳам матбуотда фаолият ёритилиши учун маблағ кўзда тутилмаган. Хусусий нашрни бу қизиқтирмайди. Бу ҳолатда ҳам бюджет ташкилотларига маблағ ажратиш талаб этилади. Бу муаммо ҳам Республика миқёсида ҳал этилади.
Газеталар ёпилиб кетгач маҳаллий журналистлар кўчада қолиб кетмас. Кунларини бир амаллаб кўришар. Лекин улар қоринларига эмас, қадрларига йиғлаб қолишади.

Анвар ҲОСИЛОВ,
"Хатирчи ҳаёти" газетасининг муҳаррири


Дата добавления: 23/11/2018 15:32;   Просмотров: 900
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку