Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги "Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатини ишончли ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга.
Маълумки, мамлакатимизда инсон ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва унга тўлиқ барҳам беришга доир аниқ ҳамда амалий чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Халқаро меҳнат ташкилоти билан фаол ҳамкорлик йўлга қўйилиб, ушбу ташкилотнинг 14 та, жумладан, 8 та асосий конвенцияси, шунингдек, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга қарши курашишга доир конвенцияси ратификация қилинган. Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарорида салбий ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида ҳокимлар, барча даражадаги давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларига фуқароларни соғлиқни сақлаш муассасалари, бошқа бюджет ташкилотлари ходимларини, таълим муассасалари ўқувчилари ва талабаларини мажбурий меҳнатга, шу жумладан, туман ва шаҳар ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари, металл чиқиндилар ва макалатура йиғиш, шунингдек, бошқа турдаги мавсумий ишларга жалб қилиш ҳолатларини зудлик билан олдини олиш ва бунга чек қўйиш белгиланган. Эндиликда умумхалқ ҳашарини ўтказиш тўғрисида фақат Президентнинг тегишли ҳужжати ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарори мавжуд бўлганда, ҳашарлар, унда иштирок этадиган шахслар меҳнат қиладиган тегишли ташкилот ҳудудида меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик нормаларига қатъий риоя этилган ҳолда ўтказилади. Ҳашарлар доирасида барча, шу жумладан, қурилиш-таъмирлаш ва қишлоқ хўжалиги ишларига мажбурий жалб этишга йўл қўйилган ҳолда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, иш ўринларини тартибга келтириш ишлари амалга оширилиши белгиланди. Мазкур қарор билан автомобиль йўллари, ҳаракатланиш тиғиз бўлган кўчалар, сув обеъктлари, қирғоқбўйи ҳудудлари, бино ва иншоотлар томлари, хавфли ишлаб чиқариш объектлари, шунингдек, инсонларнинг ҳаётига ёки соғлиғига хавф туғилиши юзага келиши мумкин бўлган жойларда ихтиёрий ташаббус билан ҳашарлар ва бошқа ишларни ўтказиш тақиқланди.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.