Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

МАФКУРАВИЙ ИММУНИТЕТНИ КУЧАЙТИРИШ ОМИЛЛАРИ

Маълумки, тинч юртнинг ривожланиши кун сайин ошиб бораверади. Ота-боболаримиз айтганидек, тинчлик бебаҳо неъматдир.

Уни асраш эса барчамизнинг бурчимиз. Аммо тинчлик қадрини билмайдиганлар йўқ деб ҳам айтолмаймиз. Чунки бугунги кунда дунё миқёсида инсон онгини забт этиш каби вайронкор ғоялар кураши шиддат билан давом этмоқда. Бу борада мамлакатимизнинг Биринчи Президенти И.А.Каримов таъкидлаганларидек, бугун мафкуравий полигонлар ядровий полигонлардан ҳам хатарли. Негаки мафкуравий полигонлар бу инсон онгидир. Унда синаш учун қўйилган ғоя, агар қалбдан жой олса, инсонни маълум мақсад йўлида ҳаракатга келтиради. Дарҳақиқат, инсон онги ҳар нарсага қодирлигини ҳаммамиз яхши биламиз.

Ҳозирги кунда кўплаб вайронкор ғоялар мавжудки, уларни экстремизм, фундаментализм, терроризм каби номлар билан атайдилар.

Маълумотларга кўра, ҳозирги пайтда дунёда 500 га яқин террорчи ташкилотлар мавжуд бўлиб, уларнинг 80 фоизи ислом ниқоби остида фаолият юритади. Улар қаторига “ал-Қоида”, “Мусулмон-биродарлар”, “Ҳизб ут-таҳрир”, “ал-Жиҳод ал-Исломий”, “ат-Такфир вал-Ҳижра” (Миср), “Абу Сайёф” (Филиппин), “Озод Ачех”, “Лашкари жиҳод” (Индонезия), “Қуролли исломий ҳаракат” (Жазоир), ваҳҳобийлар, Абу Нидал гуруҳи, Қуролли ислом гуруҳи, АУМ Синрикё, Басклар ва озодлик ватани, Ал-Жамоа ал-исломия каби ташкилотларни ҳам киритиш мумкин.

Шунингдек, манбаларда келтирилишича, 2006 йили жаҳонда 14338 бор (2005 йили 11153) террорчилик ҳаракати амалга оширилган бўлиб, улар оқибатида 20498 нафар одам ҳалок бўлган (2005 йили 4618 нафар). Қўпорувчиликлар оқибатида 1800 нафар ёш бола ҳаётдан кўз юмган ёки ярадор бўлган. Террорчилик ҳаракатларининг 45 фоизи Ироқда, яна шунча фоиз ҳаракат Миср ва бошқа араб давлатларида амалга оширилган. Террорчилар 2006 йили 350 та масжидни вайрон қилишган. 6630 марта одам ўғирланган. Ҳозирги кунда ҳам кўплаб мамлакатлардаги сиёсий ҳолатни ўзимиз кўриб ва эшитиб турибмиз. Бундай нобакор ғояларни бартараф этишда дунё миқёсида тарғибот ва ташвиқот ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда ва бу каби ҳолатларга чек қўйиш мақсадида жойларда тадбирлар ўтказилмоқда.

Хулоса қилиб айтсак, диний экстремизм ва терроризм маънавий таҳдидларнинг бир тури бўлиб, мамлакатдаги тинчлик ва осойишталикни издан чиқаришга интилувчи, мавжуд конституцион тузумни ағдариб ташлашга даъват этувчи тажовузкор сиёсий фаолиятдир. Шуларни инобатга олган ҳолда ҳар биримиз тинчлигимизга рахна солмасликлари учун ҳам огоҳ бўлишимиз лозим. Шундай экан, биз ёш авлод вакиллари бундай ҳолга асло лоқайдлик билан муносабатда бўлмаслигимиз, чуқур билим ва малака билан вазиятни оқилона баҳолашимиз ва қарор қабул қилишимиз, яхши ва ёмон ғояларнинг фарқига боришимиз ҳамда улардан тўғри хулоса чиқаришимиз лозим.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳозирги глобал ахборот технологияси даврида кўплаб вайронкор ғоялар ёшларимиз онгига баъзи бир сайтлар орқали кириб келаётгани айни ҳақиқатдир. Шу боис, биз ёшлар интернет тармоғидаги сайтлардан эҳтиёткорлик билан фойдаланишимиз зарур.

Кўриб турганимиздек, айни пайтда жонажон ватанимиз ёшлари яратган имкониятларнинг қадрига етиб, шундай жаннатмакон юртимизга лойиқ инсон бўлиш учун бор куч ва шижоат билан унинг тинчлиги йўлида оқилона ҳаракат қилишлари давр талабидир.

Махфират ҚУРБОНОВА


Дата добавления: 24/02/2017 11:26;   Просмотров: 1431
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку