26 август куни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича бутунжаҳон жамияти, ЎзЭОАВМА, ЎзФА, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, ЮНЕСКО ишлари бўйича миллий комиссия ҳамкорлигида Самарқанд шаҳрида "Моддий ва номоддий маданий меросни асраш: долзарб муаммолар ва уларни ҳал қилиш стратегияси" мавзуида халқаро анжуман бўлиб ўтади. Маданият вазирлигида бу тадбирнинг мазмун-моҳияти, кўрилаётган тайёргарлик ишлари ҳақида журналистларга маълумот берилди.
Маданият вазири Б.Сайфуллаев моддий ва номоддий маданий меросимизни асраб-авайлаш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Самарқанддаги халқаро анжуман тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш ва оммалаштиришда жаҳон тажрибасини ўрганиш, уларни тиклашда янги стратегия ва технологияларни жорий этиш, маданий мерос объектларидан тижорат мақсадларида фойдаланиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилмоқда.
Тадбирда шаҳарсозлик, маданий меросни сақлашнинг ҳуқуқий тизимини яратиш, бунда АКТдан самарали фойдаланиш каби масалалар муҳокама қилинади.
Маълум қилинганидек, 22-27 август кунлари Тошкент, Термиз ва Самарқанд шаҳарларида "Ўзбекистон - буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси" мавзуида маърифий ҳафталик ўтказиш режалаштирилмоқда. Унинг доирасида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича бутунжаҳон жамиятининг III халқаро конгресси, Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида Ўзбекистоннинг ёзма мероси дурдоналари кўргазмаси бўлиб ўтади. Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида "Далварзин олтини: Кушон империяси ва унинг жаҳон цивилизацияси ривожига ҳиссаси" номли кўргазма, Самарқанд шаҳрида дунё халқлари либосларини тақдим этувчи "Энг яхши миллий либослар" танлови, Термиз шаҳрида эса "Ўзбекистон - цивилизациялар чорраҳаси" халқаро археология форуми ўтказилиши кўзда тутилган.
Назокат УСМОНОВА, ЎзА
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.