Маҳалланинг жамиятдаги ўрни ва ролини янада кучайтириш, ҳуқуқ ва мажбуриятларини кенгайтириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ушбу тизимда фаолият кўрсатаётган раҳбар ва ходимлар малакаси ҳамда савиясини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар жамият тараққиётига хизмат қилади. Президентимиз Ш.Мирзиёев таъкидлаб ўтганларидек «Қайси маҳаллада иш тўғри ташкил этилиб, фуқаролар билан яқин ҳамкорлик ўрнатилган бўлса, ўша ерда ҳамжиҳатлик меҳр-оқибат ҳукм сурмоқда, нохуш ҳолатларнинг олди олинмоқда». Маҳалланинг халқ маслакдоши, кўмакдоши ва «адолат тарозиси» га айланиши, шубҳасиз, одамларнинг давлатга бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди.
«Талибарзуи поён» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 5600 нафардан зиёд аҳоли яшайди ва тадбиркорлик ва деҳқончилик билан шуғулланишади. Маҳаллада «Талибарзу текстил» масъулияти чекланган жамияти, «Чинор мебель» кичик корхонаси «Музқаймоқ ишлаб чиқариш корхонаси» фаолият кўрсатиб, уларга иш ўринларига асосан маҳалла ёшлари жалб этилган. Бундан ташқари нуронийлар масканлари, маҳалла маркази, оилавий кутубхона, дорихона, оилавий поликлиника, фитнес клуб, савдо шахобчалари халққа кўнгилдагидек хизмат қилмоқда.
Маҳалламиз фуқароси 80 ёшли Шароф бобо Мамадалиев «Ҳаж» зиёратига бориш учун жамлаган маблағи ҳисобидан ўз уйида «Шахсий оилавий кутутбхона» ташкил қилди. Ҳозирги кунда оила аъзолари, қўшни-ю қариндошлар, маҳалла фарзандлари ушбу кутубхона хизматидан баҳраманд бўлишмоқда.
Сўнгги йилларда маҳалла фуқаролар йиғини «Энг намунали фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кўрик-танловида қатнашиб, туманда фахрли биринчи ва вилоят босқичида эса совринли ўринларни қўлга киритди. 2017 йилда бажарилган ишлар бўйича «Наврўз» умумхалқ байрами муносабати билан 2-сектор раҳбарининг беғараз ёрдами билан маҳаллада яшовчи 2-гуруҳ ногиронлари Далер Орипов, Амин Жўраевларга ногиронлик аравачалари олиб берилди. Тадбиркор Иброҳим Ҳамидов томонидан Самарқанд шаҳридаги 1-сон «Меҳрибонлик уйи» нинг 10 нафар болалари, «Талибарзуи поён» маҳалласида яшовчи 4 нафар, «Қозиқўрғон» маҳалласида яшовчи 2 нафар эҳтиёжманд оилалар фарзандларининг хатна тўйлари ҳомийлик асосида ўтказилди. Маҳалла ҳомийлари томонидан кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар ижтимоий жиҳатдан муҳофаза қилиниб, қўллаб-қувватланиб келинмоқда.
Биз маҳалла фаоллари Президентимиз ва давлатимиз томонидан чиқарилаётган барча қарор ва Фармонларни диққат билан эшитиб, ўқиб, мутолаа этиб, ҳаётга татбиқ этишга ҳаракат қилмоқдамиз. Халқ қабулхоналари туну кун халқ хизматида, бундан аҳоли хурсанд. Эҳтиёжманд оилаларни 2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда қурилган намунавий уй-жойлар билан таъминлаш борасидаги ишлардан ҳамма оилалар миннатдор.
Маҳалламизда жиноятчилик ва қонунбузарликнинг олдини олиш мақсадида маҳалла ҳудудида «Жамоатчилик назорати» маскани ташкил этилган бўлиб, ҳамма ишлар назоратда. Сектор аъзолари билан ҳар бир хонадонга кириб, мавжуд муаммоларни бартараф этишда амалий ёрдамлар кўрсатишни ташкиллаштиряпмиз.
Тадбиркорлик ва касаначилик ишларини янада жонлаштириш йўли билан ёшларни иш билан таъминлашга кўпроқ эътиборни қаратяпмиз. Ҳали маҳаллаларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари етарли даражада деб бўлмайди. Муҳтарам Юртбошимиз томонидан ёш авлодни баркамол этиб ўстириш учун мактабгача таълим муассасаларини кўпроқ қуриш ва мазкур муассасалар ишини янада такомиллаштириш борасида олиб борилаётган оқилона сиёсатлари маҳалламиз фуқароларини янада қувонтирди. Маҳалламизда қурилаётган мактабгача таълим муассасаси тадбиркор Соҳиба Мухиддинова томонидан барпо этилмоқда.
Тўй ва маросимларни тартибли, исрофгарчиликсиз ва дабдабабозликларсиз ўтказиш учун аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Хуллас бор кучимиз ва ғайратимизни халққа, мустақил Ватан равнақи йўлида хизмат қилишга ва олдимизга қўйилган улкан вазифаларни бажаришга сарфламоқдамиз.
Санъат Баҳромов,
«Талибарзуи поён» маҳалла фуқаролар йиғини раиси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.