ёхуд эркаксиз уй
(ҳаётий ҳикоя)
Эрта тонг. Тун ўз ҳукмига бўйсундирган бутун борлиқ аста-секин уйғониб, рўшнолик сари талпинмоқда. Рухсора ўз одатига кўра бостирмадаги говмишини соғиб олди. Сўнгра, эгнидаги узун халати этакларини қайириб, белига тамғаб олганча ҳовлига сув сепа бошларкан, шу алфозда фарзандларини уйғотишга киришди.
- Рухшона тур, ҳовлини супур, Озоджон сен ҳам тур, молларингга қара.
Ҳовли адоғидаги сўрида ухлаб ётган Ғуломжон хотинининг шовқинидан уйғониб кетди ва эринибгина кўрпадан бошини чиқарди. Дилга хуш ёқувчи тонгнинг ҳузурбахш майин насимидан тўйиб баҳра оларкан, бугун шанба эканлигини эслади ва ишни қанча эрта бошласа, шунча барака бўлишини ўйлаб ўрнидан турди...
* * *
Аслида Ғуломжон билан Рухсора олийгоҳда битта факультетда, битта курсда таҳсил олишган. Ўқишнинг дастлабки босқичлариданоқ бир-бирларига бефарқ бўлмаган бу ёшлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат-эътибор аста-секин дўстликка айланди. Вақт ўтган сайин эзгу муносабатлар севги ришталарига боғланиб, мустаҳкамланиб борди. Шу тариқа олийгоҳни битириш арафасида бу икки ёш севишиб, оила қуришди.
Рухсора шаҳарлик бўлса-да, азбаройи турмуш ўртоғини қаттиқ севганлиги боис, қишлоқ ҳаётига тез кўникди. Тонг саҳар туриб, ҳовли, кўчаларни супуриб-сидириш, сигир соғиш, қозон-ўчоқ деганларидек, қишлоқ қизларига хос юмушларни бекаму-кўст бажаришга ҳаракат қилди. Чиллалари чиққандан сўнг эр-хотин ҳар иккиси қишлоқдаги ўрта мактабга ўқитувчи бўлиб ишга жойлашишди. Бир-бирини қувлаб, хушбахт кунлар ўта бошлади. Ҳаш-паш дегунча орадан йиллар ўтиб, фарзандлар дунёга келди. Дилбандлари улғайган сари, бу бахтиёр оиланинг ҳаёт ташвишлари ҳам ортиб борди. Бугун тўнғич қизи Рухшона мактабни битириш арафасида, Озоджон тўққизинчи синфни тугатяпти. Кенжатой Маликахон эса бу йил 5 синфга ўтди. Ҳар бир ота-она фарзандларининг бахту камолини кўриш, уларни ўқитиб, олий маълумотли қилиш, яхши жойларга узатиш ёки келин олиб, тўйлар қилиш орзу-умидида яшайди. Албатта бунинг учун оила бюджетини ҳам шунга мослаб тўлдириб бориш лозим бўлади. Ахир, халқимизда "эр-хотин - қўш ҳўкиз" деган ибора бежизга айтилмаган. Шу сабабли оила иқтисодини мустаҳкамлаш мақсадида, мана кейинги икки-уч йилдан буён Ғуломжон ёзги меҳнат таътили вақтида катта "бетонка" йўли ёқасида жойлашган, халқ тилида "Мардикор бозор" деб аталадиган жойга чиқиб, ёлланма ишчилик билан шуғулланади.
* * *
Ўтган ҳафта, ойнинг охирги шанбаси эди. Ишга ёлловчиларни кутиб ўтирган Ғуломжоннинг олдига қора рангли "Ласетти" автомашинаси келиб тўхтади. Машинани бошқариб келган, кўҳликкина жувон автомашина ойнасини пастга туширганча Ғуломжонга қараб, "Ака ишга борасизми?" деб сўради. Аёлнинг ҳусну-жамолидан довдираб қолган Ғуломжон, ҳаяжонланганидан қанақа иш деб сўрашни ҳам унутиб, ҳа деб юборди.
- Унда ўтиринг! - орқа ўриндиққа имо қилди аёл. Йўлда Ғуломжон ўзининг ўнғайсиз ҳолатдалигини сездирмаслик учун аёлга қараб, "шаҳарда яшаймизми?" деди тили ғулдураб. Ҳа, аввал шаҳарда турардик, уйимиз "снос" га тушгандан сўнг, ҳозир шаҳар четидаги янги маҳаллада иморат қуриб яшаяпмиз, - жавоб қайтарди жувон. Кўп фурсат ҳаялламай улар маҳаллага кириб боришди. Машина қўшқаватли, ҳашаматли уйнинг олдига келиб тўхтади. - Мана етиб ҳам келдик, - деди жувон, улар машинадан тушишганда, ана шу гўша бизнинг макон бўлади. Ғуломжон дарвозадан ичкарига кираётиб, чор атрофга зимдан назар солди. Ҳаммаёқ саранжом - саришта, тоза - озода. Чиндан ҳам хонадоннинг орасталиги худди ўз соҳибаси сингари гўзал ва мафтункор эди. Ғуломжонни бугун қиладиган иши ҳовли ёнбошидаги чамаси уч сотихлар келадиган ерга экилган сабзавот экинларини чопиқ қилиш экан. Ёшлигиданоқ деҳқончилик ҳадисини олиб улғайган Ғуломжон учун бу иш хамирдан қил суғургандек эди. Шунинг учун ҳам у то тушликка қадар барча ишларни сидқидилдан қойиллатиб, бажариб қўйди. Уни тушликка айтиш учун келган хонадон соҳибаси ишлов берилган экинларни жозибали қиёфага кирганини кўриб ниҳоятда қувонди. Барибир эркакларни қўли теккан иш бошқача - да, деди у чиройли қилиб тартибга келтирилган жуяклардан кўзини узолмай. Тушлик қилашаётган пайт жувон Ғуломжоннинг камгап ва жуда одоб билан овқатланишига эътибор бериб гап бошлади. Ака, очиқкўнгил, тўғри инсон эканлигингиз шундоқ юзингиздан сезилиб турибди. Шунинг учун ҳам сизни ўзимга яқин олиб "ака" деб мурожаат қиляпман. Мени исмим Сабрия, икки нафар фарзандим бор, Сабина ва Сардоржон. - Жуда яхши, мен Ғуломжонман, - деди у. - Ғуломжон ака, агар йўқ демасангиз, ҳар ҳафта шанба куни бизларникига келиб, у - бу ишларга кўмаклашсангиз ҳаққингизни икки ҳисса қилиб берардим, - деди Сабрия. - Хўп дейману, лекин почча қаерда? - каловланиб сўради Ғуломжон. - Поччангиз узоқда, Корея давлатига ишга кетганлар. - Майли унда сиз шанба куни бозорга чиқиб овора бўлиб, ўтирманг мен ўзим тўғри уйингизга келаман. - Бўпти, келишдик бўлмаса таксида келаверинг, пулини ўзим тўлайман. Хайр яхши боринг.
Ҳафта давомида бу ҳақда ўйлаб юрган Ғуломжонинг миясида минг бир хаёллар чарх урарди. Ахир, эрлари чет давлатларга ишга кетиб, у ёқда азоб билан эзилиб топган пулларини уйларига юборганда, пулларни тўрт тарафга сарфлаб, таралла бедод қилиб, кайф - сафода юрган аёллар камми. Наҳотки, Сабрия ҳам... йўқ асло, ундай бўлиши мумкин эмас.
* * *
... Ғуломжон юз - қўлини ювди - да, кийиниб йўлга отланди. Таксига ўтириб, тўғри Сабриянинг уйига борди. Сабрия таксичини йўл кира ҳаққини бериб жўнатгач, Ғуломжон ака, бугун иш унчалик кўп эмас, сиз сўрига чиқиб ўтириб туринг, мен ҳозир болаларимни ўйғотаман, сўнг биргаликда нонушта қиламиз деди. Ғуломжон барибир нонушта тайёр бўлгунича "Огород" ни айланиб битта - яримта ишларни қилиб қўйди. Сўнгра улар биргалашиб нонушта қилишаркан, жувоннинг нимадир демоқчи экани ийманиб туришидан сезилиб турарди. - Ғуломжон ака - деди Сабрия одам тафтини одам олади. Агар эшитаман десангиз, бир синглингиз сифатида сизга дардимни "дастурхон" қилмоқчиман. Зора бундан оз бўлсада таксин топсам.
- Майли эшитаман синглим.
- Элдор акам билан севишиб турмуш қурганмиз, олийгоҳнинг III - курсини битириш арафасида қизим Сабина туғилди. Ўша вақтлар оиламизда салгина етишмовчиликлар бўлган.
Мен қизим уч ойлик бўлган вақтда ўқишдан "академик отпуск" олдим ва қизимни қайнонамга қолдириб, ишлашга мажбур бўлдим. Чунки, эримнинг тўйдан каттагина қарзи бўлиб, анча тушкунликка тушиб қолганди. Сабина 2 ёшга тўлганда ўғлим Сардоржон туғилди. Бу орада турмуш ўртоғим дўстлари кўмагида ишлаш учун чет элга, Корея давлатига кетиш учун ҳужжатларини тўғрилади. Мана шунга ҳам 14 йил бўлди. Худога шукур нолимайман. У ёқда эримни ишлари юришиб, ойига яхшигина пул юбориб турди. Қарзлардан ҳам қутилдик, рўзғоримиз ҳам бут бўлди. Ўқишнинг қолган қисмини тугатиб, диплом ҳам олдим. Етти йилдирки, банкда хисобчи вазифасида фаолият олиб бораяпман. Кўриб турганингиздек, яхши яшаш учун барча шарт - шароитларимиз яратилган. Ношукурлик бўлмасин, икки йилдан бери Элдор акамга Худонинг зорини қиламан, энди уйга қайтинг, бирга бахтли ҳаёт кечирайлик ҳамма нарсамиз етарли - ку деб. Бироқ у киши Сабрия болалар улғайиб қолишди, бу ёғига ташвишлар ҳам ортади, қўй яна 4-5 йил ишлай кейин бораман дейди.
Баъзида ўйлаб қоламан, ахир аёл ҳам инсон, у ҳам тирик жон, физологик мавжудот ва ҳар куни меҳр - эътибор истайди. Кун аро қилинган қўнғироқлар ёки виртуал ёзишмалар билан у меҳрга қониқа олармикан? Ёхуд шоҳона бўлсада эркаксиз уйни файзу - тароватини ҳис этармикан? Наҳотки, ўткинчи бу дунёнинг орзу - ҳаваслари деб ўз умримизни хазон қилсак...
- Бу гапларни айтиш осон эмас. Сизни ўз туғишган акамдек кўриб айтишга мажбур бўляпман. Ками бўлса ҳам, оиланинг ғами бўлмасин экан. Шунча бойлик нимани ҳисобидан келяпти. - айрилиқ, соғинч ҳисобидан - ку. Мен ҳеч бир эркакка хотин ва бола - чақасидан айрилиқда бўлган бундай фаровон ҳаётни асло раво кўрмаган бўлардим...
Сабрияни ҳасратларини тинглар экан, Ғуломжон бу нозик ҳилқат вакиласининг сўнгсиз матонати, сабр - бардоши иймон - эътиқодига яна бир бор тан берар, шу билан бирга ўзи ҳам чет элга ишлаш орзусида эканидан аллақачон воз кечганди.
Тошпўлат ЮСУПОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.