Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЛОЧИННИНГ ТУХУМИДАН БОЙҚУШ ЧИҚМАЙДИ

Кейинги пайтларда Давар хонимни сўроқлаб келадиганлар кўпайди. У шаҳардаги адвокатлик бюроларидан бирида ишлайди, олий маълумотли юрист. Аммо икки институтни битирган, биринчисидан унчалик наф кўрмади- архитекторлик қўлидан келмади. Иккинчисига, бир амаллаб ишга кириб олди. У ҳам десангиз, юрфакда бирга ўқиган икки курсдоши "ҳимо" қилиб қўллади, чоғи адвокат бўлиб олди.

 Ҳозир маҳаллаям гавжум, ободликда шаҳар ҳаётидан қолишмайди. Одам гоҳида зерикади, тоза ҳаво истаб ташқарида сайр қилгиси келади. Ҳовлида турувдим, интеллигентнамо киши келиб, тиббий ниқобини салгина тушириб салом берди. Қўлида қалин папкаси бор, Адвокат опанинг уйларини сўради. Кўрсатдим, бошини ирғаб раҳмат деди-да, уч-тўрт қадам ташлаб орқасига тисарилди. "Ака, ўзи қанақа аёл шу, билими, обрўйи..." оҳистагина сўради ҳалиги одам. Нимайди, дедим  қизиқиб. ""Қўлимда маъмурий суднинг ажрими бор, ўтган йили ошхонамиз баъзи коммунал тўловлардан қарздор бўлган. Катта миқдор, мен бу сумманинг ҳаммасини бирданига тўлайолмайман. Шунга бўлиб-бўлиб тўласам, коммунал идора раҳбари номига ариза ёзишни билмайман. Опага телефон қилувдим, кечқурун уйимга келинг, ёзиб бераман, деди.  Бир варақ ариза ёзиб бериш 70 минг, варағи кўпроқ бўлса пули ҳам кўпроқ бўлади", дедилар. Иккиланиброқ турибман.

- Ҳуқуқий билим, ҳуқуқий маданият бўлмаса, оддий саводи ҳам кам бўлганидан  кейин шундай бўлади-да...

Бундан сал аввал маҳалламиздаги икки аёлнинг Давар хонимнинг уйига кириб кетаётганини кўргандик. Ҳар иккаласининг ҳам қизлари турмушидан ажрашган, бир-иккитадан фарзанди борлар. Ишламайди, қўлида ҳунари ҳам йўқлар. Устига устак, оналари туман, вилоят раҳбарларига қизларининг номидан шикоят ариза ёзиб, давлат томонидан имтиёзли равишда уй-жой беришини ва яна маҳалла моддий ёрдам кўрсатишини сўрамоқдалар. Давар хоним уларга қойиллатиб ариза ёзиб берди.

Икки ҳафта ўтар-ўтмас Давар хоним эшиги олдида ўша аёллар пайдо бўлишди. "Бизлардан фалон пул олиб, шикоят хати ёзиб берувдинг. Шикоятбозлик оқибатини била туриб, бизларни юқори идораларга юбординг. Хатимизни ўқиб, "Қайси адвокат ёзиб берди, "зўр экан". Давлатимизнинг бугунги сиёсати аёллар, ёшларни банд қилиш, ўзига ва оиласига ёрдам кўрсатиб, қийинчиликни енгишдан иборат. Уй-жой масаласи эса, ногиронлиги бор ва ўта муҳтож кишиларга узоқ муддатли кредит асосида берилиши мумкин, дейишди. Сен эса одамларни алдаб, саводсизликда айблаб пулини оласан. Тўрт қатор ариза ёзиб бериш учун 100 минг оласанми, муттаҳам!.."

Бошқа бир воқеада эса .. Даст­лабки тергов ва суриштирувдан бошлаб эр-хотиннинг  фуқаролик ишида адвокатликни зиммасига олган Давар хонимнинг судда жабрланувчиларга ҳеч бир ёрдами тегмади. Тергов, суриштирув, оқлов ва айбловда унинг юридик билими ва малакаси йўқлиги ойдай равшан бўлиб қолди. Адвокатлик юридик хизмати учун олган катта пулни расмий дафтарга кирим қилмаган ва рўйхатга олмаган экан. Сал қолди, қамалиб кетишига.

"Ака, сиз "грамотний" одамсиз, менга маслаҳат беринг, - деб "ёрилиб" қолди менга Давар хоним кечагина.- Биров эшитмасину кирдикорларим очилиб қоляпти. Ҳатто, давлат идораларида масъул лавозимда ишлаётган курсдошларимдан бири ҳам айтди. "Фуқароларга бунақа шикоят ёзиб бериш билан шуғулланманг, уларнинг кўпчилиги асосли эмас, иши "хом". Айбини ёпиш учун юқори идораларга шикоятбозлик қилишади. У тоифа кишилар аризасини қўлимизга олишимиз билан нима мақсадда келганини ҳаракати ва кўзларидан биламиз, ўзлари  ҳақ эмаслар. Тағин, қўлидаги қоғоз силлиқ, бехато ёзилган, биров ёзиб бергани кундай равшан. Юқори идорадагиларнинг беҳуда вақтини олишади, бошоғриқ. Бирон наф чиқсайди, бошқа гап. Эндиликда давлат идоралари шикоятбозлик сабабини ҳам ўрганаяптилар. Кўраяпсиз, ноҳақдан ўзини оиласидан ажрашган, қийналган деб кўрсатганлар телевизорда, газеталарда фош этилаяпти. Сизни ҳали бирорта суд ишида адвокат сифатида ютиб чиққанингизни билмайман. Фуқароларга шикоят хати ёзиб беришни бас қилинг, улардан олган пулингиз буюрмайди. Иннанкейин, шикоят ёзиб бердим, мунча пул олдим, деб ҳеч жойда қайд этмайсиз. Бариси ноқонуний. Буни коррупция дейдилар. Сизнинг ҳаракатингизда коррупцион ҳолатлар бор. Бу ишнинг охири вой бўлади",  дедилар. Курсдошим доимо илтифот билан иззат икром кўрсатарди, бу гал эса кузатмади ҳам, эшикдан чиқишимда "Ҳайф сизга олий маълумотли юристлик, билиб қўйинг, "Лочиннинг тухумидан бойқуш чиқмайди", дедилар кинояомуз оҳангда. Бу гапнинг ҳалигача мағзини чақолмай юрибман. Мен нима қилайин?"

-      .........

Нима дедингиз, шикоят хати ёзолмаяпман, дедингизми? Ёзманг, барака топкур.

Алп БУРГУТЛИ


Дата добавления: 18/11/2020 11:11;   Просмотров: 5595
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку