Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЛОҚАЙДЛИК - ТАНАЗЗУЛГА ЙЎЛ

Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан (Тошкент, 2013) нашр этилган «Маънавият асосий тушунчалар изоҳли луғати» китобида «Лоқайдлик» қуйидагича изоҳланади: (арабча-беғам, беташвиш) инсон, жамият, миллат ишига бепарво ва совуққонлик билан ёндашиш, муносабатда бўлишни ифодаловчи маънавий иллат.

Муайян кишининг гоҳида ўз ҳаёти, ўзгалар фаолияти, атрофда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга бефарқлиги ва лоқайдлигини англатувчи тушунча. Ҳаётий позициянинг аниқ эмаслиги, долзабр вазифалардан ўзини олиб қочиш, эл-юрт, жамият ва миллат ташвишларидан четда туриш лоқайдлик белгисидир. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов бу ҳақда шундай дейди: «Барчамизга аён бўлиши керакки, қаердаки бепарволик ва лоқайдлик ҳукм сурса, энг долзарб масалалар ўзи бўларчиликка ташлаб қўйилса, ўша ерда маънавият энг ожиз ва заиф нуқтага айланади. Ва аксинча қаерда ҳушёрлик ва жонкуярлик, юксак ақл-идрок ва тафаккур ҳукмрон бўлса, ўша ерда маънавият қудратли кучга айланади... » Лоқайдликка қарши кураш, замон даъватларига ҳозиржавоб ва давр билан ҳамнафас, маънан баркамол кишиларни тарбиялаш бу соҳадаги долзарб вазифадир.
Улуғ мутафаккир шоир Алишер Навоийнинг «Муншаот» асаридаги ушбу рубоийга эътибор беринг:

Эй ғофилу ғафлатқа вужудинг мағлуб,
Мажмуи ёмонлиғ назарингда марғуб.
Бординг дағи келмадинг бу эрди матлуб,
Ёлғонларинг ичра йўқ эди мундин хўб.

Яъни ғофил, ғафлатга мубтало киши теварак атрофидаги яхши-ёмон ҳолат, қалб ва кўзни чалғитадиган жараёнлар моҳиятини англамайди, чин ва ёлғон фарқига бормай оддий кузатувчи, томошабин мақомида ҳаёт кечиришга маҳкумдир. Бундай одамлар «бу ишга менинг дахлим йўқ, давлат қилиб берсин, ҳоким қайғурсин, маҳалла раиси жавобгар» қабилида умргузаронлик қилишга одатланган. Улар ҳатто қўшнилари, қариндош-уруғлари, маҳалладагилари билан ҳамжиҳат, ҳамдард бўлишдан йироқ. Навоий бобомиз бундай бетайин худбинларга кескин танқидий баҳо бериш лозимлигини ўзининг ушбу ҳикматли шоҳбайтида ифода этган:
Одамий эрсанг, демагил одамий,
Ониким - йўқ халқ ғамидан ғами.
«Зарафшон» газетасининг шу йил 11 январдаги 4-сонида босилган «Биз ўзгараяпмизми?» номли мақола диққатимни тортди. Таниқли шоир ва журналист Фармон Тошев кундалик ҳаётимизда учраб тураётган жонли мисоллар, шахсий мушоҳада ва мантиқий хулосалар орқали ҳар биримизни яшаш масъулиятини англаш ҳамда оқилона амал қилишга чорлайди. Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг «Ўзгарайлик, мутлақо янги услубда, янгича тизимда ишлайлик» деган даъваткор сўзларини келтириб ҳаётий далиллар устида мулоҳаза юритади.
Вазифа тақозаси билан турли тадбир ва йиғилишларда қатнашаман, сўзга чиқаман, сайловчилар билан учрашаман, сўҳбат қураман. Гоҳида таъбимизни хира қиладиган ҳолатларга дуч келаман ҳам. Айрим кишилар Мустақиллигимизга 26 йил бўлибдики, ислоҳотлар самарасини кўрмаган ё ҳис этмагандай ўз дардини тўкиб солади, дастурхон қилади, тинмай нолийди. Гўёки бошқа сайёрадан тушган-у ўзининг «фалсафаси»ни пеш қилишга ҳаққи бор. Шахсий манфаат, худбинлик, эгаизм, жамият манфаатини менсимаслик уларнинг турмуш тарзини белгилайди. Қонун устуворлиги, шукроналик,ҳаё, ор-номус ва ижтимоий тенглик тушунчасини назар-писанд қилишмайди.
Лоқайдликнинг ҳаётимиздаги кўриниши турлича, бу ҳақда юзлаб мисоллар келтириш мумкин. Ҳадиси шарифнинг «Адаб китоби» бўлимида шундай фикрлар битилган. «Кимки қўшнисини фалокатлардан ҳимоя қилмай, ҳалокат гирдобига ташлаб қўяр экан, ўзи ҳам ана шундай эътиборсиз қолиб, ҳалокатга учрағусидир. Аллоҳга ва охиратга ишонган инсон қўшнисига озор бермайди»
Ҳа, қўшничилик муносабатларининг дунёвий ва диний тамойиллари халқ маънавиятининг ажралмас бўлаги сифатида тинч ва фаровон ҳаёт асоси бўлиб келмоқда. Диний манбаларда ҳам учта гуноҳи азимнинг биринчиси бефарқлик ёки лоқайдлик эканлиги маълум. Қолган иккитаси ёлғон ва ота-онага ҳурматсизлик ҳисобланади. Демак, ўзгарувчан ҳаёт, замон ва жамиятда яшар эканмиз, маънавий оламимизни диний ва дунёвий маърифат дурдоналари, мутолаа нашидаси билан бойитиб боришимиз керак. Акс ҳолда маънавий қашшоқлашув ва таназзул асоратига гирифтор бўлишимиз муқаррар. Халқимизда асрлар давомида шаклланиб тафаккур ва тажрибалар тандирида пишган нодир ҳикматлар, зарбулмасалар ва мақоллар борки, улар бугун ҳам тарбиявий-тарғибот ишларимизда қўл келади.
Жумладан, «Дунёни сув босса, ўрдакка не ғам», «Мен сенга тегмайман, сен менга тегма», сингари кинояомуз сўзлар айнан танбал, ишёқмас, боқиманда, текинтамоқ, лоқайд, бепарво, боқибеғам кишиларни назарга тутиб айтилган.
Бугунги шиддаткор давр ҳар биримиздан сергак, сиёсий ҳушёр, ишбилармон, сабр-бардошли, маърифатли, юртпарвар, садоқатли, элсевар, етти ўлчаб бир кесадиган омилкор ва олижаноб шахс бўлиб, оила, маҳалла, жамият ва давлат ишларига фаол қатнашишни тақоза этмоқда. Шундай яшайликки, ҳар кунимиз мазмунга бой бўлсин, фарзандларимиз, сафдошларимизда ҳавас ва иштиёқ, ибрат ва сабоқ эшигини очсин, янги истиқбол, эзгу мақсадлар сари илҳомлантирсин.
Яшашнинг завқи ҳам шунда, азизлар!

Н.КАРИМОВ,
туман Кенгаши депутати


Дата добавления: 19/01/2018 11:23;   Просмотров: 1196
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку