Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЎЛМАС КИМНИНГ ЭРКАСИ?

Кейинги пайтларда сотувчилар ўртасида «эркатой»лар жуда кўпайиб кетди.

Улар ўз билганларича иш юритиб, харидорларга мол-маҳсулотларни фақат нақд пулда сотишга одатланишган. Назорат-касса машиналари (терминаллар) ўрнатилган бўлсада уларни яшириб савдо қилишни хуш кўришади. Хўш, улар кимнинг эркаси? Наҳотки уларнинг мушугини пишт дегувчилар топилмаса? Топилади. Қонун бор, у ҳамма учун баробар. Яқинда Қўлба маҳалласида ўтказилган туман Маъмурий суди очиқ сайёр мажлисида ҳуқуқбузар савдо ходими Ҳусенов Ўлмас Найимовичнинг иши кўриб чиқилди.
1980 йилнинг 13 февралида туманда туғилган ва айни дамда «Қўштамғали» маҳалласида яшовчи Ў.Ҳусенов кўп йиллардан буён «Тошкент-Термиз» автомагистраль йўли ёқасидаги савдо дўконида сотувчи бўлиб ишлайди. Харидорларга маҳсулотларни нақд пулда сотиб, уларнинг пулларини эса қуртдай санаб олади. Харидорнинг «терминал йўқми?», дея берган саволига «Йўқ. Хоҳласангиз шу!» деб жавоб қайтаради. Туман давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан ўтказилган рейд асносида ҳуқуқбузар Ў.Ҳусенов харидорга маҳсулот бериб, унинг 26 минг 500 сўм хариди учун назорат-касса машинасидан чек ёки унга тенглаштирилган бир марталик патта бермасдан савдо қоидасини қўпол равишда бузганлиги аниқланди. Шу ернинг ўзида далолатнома тузилиб, иш судга оширилди. Очиқ суд мажлисида Ҳусенов Ўлмас айбига иқрорлик билдирди ва кечирим сўради. Қилмиш-қидирмиш деганларидек унинг сўнгги пушаймони инобатга олинмади. Фақат чин кўнгилдан пушаймонлик билдиргани, бирор марта судланмагани инобатга олинди, холос.
Суд ҳукми билан ҳуқуқбузар Ў.Ҳусеновга Ўзбекистон Республикаси МЖКнинг 64-моддаси 2-қисмида назарда тутилган айблов хулосаси билан энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баробари миқдорида 861 минг 200 сўм жарима жазоси тайинланди ва давлат фойдасига ундирилди.
Эркалик ҳам эви биланда! Бундайларни ишга олаётган иш берувчилар уларга қонун-қоидаларни тушунтиришса яхши бўларди. Шундагина уларнинг ҳам юзлари шувут бўлмасди.

З.КАРИМОВ,
туман маъмурий суди раиси


Дата добавления: 27/06/2018 15:19;   Просмотров: 1037
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку