Латифжон қўшни Жиззах вилоятининг сўлим Бахмал туманидаги собиқ "Тонг отар" жамоа хўжалигида зиёлилар оиласида дунёга келди.
Воҳанинг хушманзара гўшалари, тоза ва мусаффо ҳавоси уни юксак орзулар сари етаклаган бўлса ажабмас. Ёшлигидан билимга чанқоқ, интилувчан йигит мактабда чуқур билим олиш билан бирга, ота-онасидан чин инсонийлик, меҳнатсеварлик, меҳр-оқибат, самимийлик фазилатларини қалбига жо қилиб борди. Оиланинг тўнғич фарзанди сифатида укаларига ғамхўрлик қилиш, уларга бош бўлиб, йўл-йўриқ кўрсатиш ҳам унинг зиммасидаги масъулият эди.
Ўрта мактабни аъло баҳоларга тугатган Латифжон 1988 йили ўз севган касби – шифокор бўлиш орзусида Самарқанд давлат тиббиёт институтига ҳужжат топширди ва педиатрия факультетига ўқишга қабул қилинди. Олийгоҳда олган билимларини мустаҳкамлаш ниятида 1994–1995 йиллар болалар хирурги ихтисоси бўйича интернатура курсини ўтади.
Илк меҳнат фаолиятини Самарқанд вилоят болалар кўптармоқли тиббиёт марказида болалар жарроҳи вазифасидан бошлаган Латифжон марказнинг йирингли хирургия бўлими мудири даражасигача кўтарилди. У беморлар дарди билан яшайдиган чин маънодаги инсонпарвар шифокор бўлиб, беморларни кўпроқ ширин каломи билан даволарди. Кўпчилик Латифжонни "Қўли эм, сўзи малҳам доктор" дея таърифларди. Негаки ҳамиша халқ хизматида бўлган Л. Сайфуллаев инсон қадр-қимматини ҳамма нарсадан устун қўяр, доимо атрофидагиларнинг, муҳтож кишиларнинг оғирини енгил қилиш, уларга эзгулик бахшида этишга ҳаракат қиларди.
Болалар шифохонасида намунали хулқи, ақл-заковати, болажонлиги билан ҳурмат қозонганди. Мураккаб турдаги жарроҳлик ишларини муваффақиятли ўтказиб, устозларининг ҳам ишончи ва ҳурмати сазовор бўлган эди.
Латифжон Сайфуллаев оиласи ва уч фарзанди билан туманимиздаги Конигил маҳалласи "Эшбой" қишлоғида истиқомат қиларди. Маҳалла аҳли ҳам бу қўли очиқ ва қалби тоза, бағрикенг ҳамда олижаноб инсонни ғоят ҳурмат қилар, тўй-маъракаларда давраларнинг тўридан жой беришарди...
Инсон умри оқар дарёдек гап экан. Латифжон ҳам бу ёруғ дунёни бевақт тарк этиб, оиласи, ёру биродарлари, хешу ақраболари, маҳалладошларини доғда қолдириб кетди. Бу инсондан фақат яхши хотиралар, эзгуликлар мерос бўлиб қолди уларга.
Ҳидоят УМУРҚУЛОВА,
Конигил маҳалласи
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.