Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

КЎЗЛАРГА ҚУВОНЧУ ДИЛЛАРГА СУРУР УЛАШИБ

Баҳор, меҳнат ва дўстлик байрами туманимизда кенг нишонланди. Кўҳна қадриятларимизни, миллийлигимизни ўзида мужассам этиб, аждодлардан авлодларга етказиб келаётган Наврўзи олам байрамини туманимизнинг кўп миллатли халқи интиқиб кутиб, уни зўр кўтаринкилик билан нишонлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2018 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида» ги Қарорига асосан кенг кўламда ободончилик ишлари амалга оширилди. Чунки Наврўзи олам шарқона янги йил дебочаси сифатида доимо соғиниб ва ардоқлаб қарши оладиган, ҳар бир уйга шодлик ва хурсандчилик олиб келиши, айниқса атроф муҳитни, она-заминни асраб-авайлашга, бугунги тинч, эркин ва фаровон ҳаётни қадрлаб яшашга чорлайдиган байрамдир. Наврўз-эзгулик, меҳр-мурувват айёми. Бу кунда диллардаги адоватлар унутилиб, дўстлик ришталари мустаҳкамланади, хайрия тадбирлари ва оммавий ҳашарлар амалга оширилади, гулзор ва боғлар барпо этилади.
«Авесто» даврида пайдо бўлган ва қарийб беш минг йиллик тарихга эга бўлган Наврўз шодиёналари туман марказидаги Гулобод қўрғонида бўлаётганини карнай-сурнайлар садоси хабар берди. Катта майдонда 77 маҳалла фаоллари ўз дастурхонлари, ноз-неъматлари, чиройли келинчаклари, спортчилари, ҳунармандлари ва санъаткорлари билан қатнашдилар. Туман ҳокими бошчилигидаги нуфузли комиссия аъзолари ҳар бир маҳалланинг кўргазмага олиб келган баҳор ва миллий тансиқ таомларини татиб кўрдилар, бадиий ҳаваскорлар ансанбиллари чиқишларидан баҳраманд бўлдилар, табаррук, элга хизмат қилган инсонлар билан суҳбатлашдилар, спорт ва ҳунармандчилик соҳасида қўлга киритган ютуқлар билан танишдилар.
Варрак учириш полвонлар белашуви ва бошқа хил спорт ўйинлари ҳам тўпланганларга олам-олам завқ бағишлади. Шундан сўнг туман марказидаги ёзги театрда намунали маҳаллаларни тақдирлаш маросимлари бўлиб, дилларни ром этувчи ажойиб куй-қўшиқлар ва дилрабо рақслар ижро этилди. Туман ҳокими Шуҳрат Жамолов Наврўз умумхалқ байрами иштирокчиларини табриклади.
Она-табиат уйғонаётган боғ-роғлар, бепоён далаларга боқиб, жаннатмонанд юрт фарзанди эканлигимиздан кўнглимиз фахр-ифтихорга тўлди, - деди нотиқ, - мўҳтарам Юртбошимизнинг Самарқанд вилоятига ташрифи руҳимизни кўтарди ва мамлакатимизнинг янада обод ва кўркам бўлишига муносиб улуш қўшишга руҳлантирди. Шубҳасиз, туманимиз меҳнаткашлари фаол тадбиркорлик, иновацион ғоялар ва технологияларни қўлаб-қувватлаш йилиди янада юксак ютуқларга эришадилар. Ҳозир эса мавжуд тўртта сектор раҳбарлари намунали ва барча соҳаларда яхши кўрсаткичларга эришган маҳаллаларга эсдалик тўҳфаларини топширадилар.
Туман ҳокимининг мукофоти Сулфакабутак маҳалласига топширилган бўлса, туман ички ишлар бўлимининг мукофоти Бухори, туман прокуратураси совғаси Талибарзуи поён маҳалласига, туман Давлат солиқ инспекцияси совғаси Жарқишлоқ маҳалласига топширилди.
Туман, вилоят ва Тошкентдан келган санъаткорлар ўзларининг куй-қўшиқлари билан тўпланганлар руҳини кўтаришди.
Айниқса, Севинч Мўминова, Мардон Мавлонов, Талъат Шобаратов ва бошқаларнинг чиқишлари гулдурос қарсаклар билан кутиб олинди.
Ўша куни ажойиб ҳаво, ажойиб наво ва унутилмас Наврўз кўзларга қувончу дилларга сурур улашди.

Зоҳир ҲАСАНЗОДА, журналист
Суратда:Наврўзи олам шодиёналари туманимизда


Последнее редактирование: 13/04/2018 15:26;   Просмотров: 1164
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку