Қадимда Ўзбекистон жаҳон маданиятининг бешиги бўлиб келган. Буюк шоир ва ёзувчилар ҳамда дунёга машҳур олимлар айнан Ўрта Осиёдан етишиб чиққан, миллий ҳунармандчилик, жумладан, ўймакорлик, ҳайкалтарошлик, кулолчилик ҳамда зардўзлик эл ичида нуфузли касблардан ҳисобланган.
Шогирдлар ўз устозларини чексиз ҳурмат ва эҳтиром билан ардоғлаб, йиллар давомида ўзларини фақат касб-ҳунар эгаллашга бағишланган. Ўз фарзандларини шогирдликка берган ота-оналар устозлардан ҳеч қачон шикоят қилишмаган. Мадрасаларда толиби илмларга ҳарф ўргатган ўқитувчилар ҳар доим энг катта давраларда ҳаммадан юқори ўринда туришган. Ҳозирчи? Ҳозирги кунда бундай анъаналарнинг қайси бирини давом эттира оляпмиз? XXI-аср техника, технологиялар ва глобаллашув асридир. Биз ҳар куни жаҳон мусиқаларини тинглаймиз, жаҳон киноларини томоша қиламиз, Европанинг кийиниш маданияти, соч турмаклари ва юриш, туришини ўзлаштиришга қизиқамиз. Балки, шунинг учун биз ўзлигимизни йўқотиб бораётгандирмиз?
Сўнгги йилларда кўзга кўринадиган олим ва кашфиётчиларни топиш жуда мушкул бўлиб қолди. Афсуски, миллий ҳунармандчилик ва бир пайтлар жуда нуфузли бўлган касбларни ўрганишга қизиқувчилар сони жуда саноқли... Чунки, бугуннинг ёшлари касб-ҳунар ўрганиш учун 2-3 йил вақт сарфлашдан кўра , бирон бир яхшироқ маош тўланадиган ишда ишлашни афзал кўришади. Шунинг учун миллатимизда устоз-шогирд анъаналари тугаб бормоқда. Ўқитувчидек улуғ инсонга нисбатан ҳурматсизлик қилиш, унга бақириш ва дўғ уриш оддий ҳолга айланиб қолди. Ўз ота-онасини қариялар уйига обориб ташлайдиган ноқобил фарзандлар ҳеч ҳам уялмасдан маҳаллада бошини тик тутиб юрмоқда. Бунинг ҳаммасига сабаб, оммавий маданиятми? Ёки ўзлигини сақлай олмай, ҳаммага тақлид қилувчи биз ўзбекларми?
М.ОРЗИҚУЛОВА,
СамДЧТИ талабаси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.