Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

КЎП ҚАВАТЛИ УЙЛАРДА АҲВОЛ ҚАНДАЙ?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги ПФ-5633-сонли "Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони ижроси юзасидан жорий йил 18 февраль куни Халқ қабулхонаси ва 4-сектор ишчи гуруҳи томонидан мазкур секторга қарашли Гулобод маҳалласидаги 28 та кўп қаватли аҳоли турар жой биноси аҳволи ўрганилди. Ўрганишлар давомида Гулобод маҳалласидаги кўп қаватли уйлар билан боғлиқ бир қанча муаммо мавжудлиги аниқланди.

Жумладан, кўп қаватли уйларда маиший чиқиндиларни олиб чиқилиши қониқарли даражада йўлга қўйилмагани сабабли атрофда чиқиндилар тўпланиб, жуда хунук манзара юзага келган. Уйлар атрофида болалар майдончаси ва бошқа умумий фойдаланишдаги ер майдонлари айрим фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, ноқонуний қурилишлар қилинган. Маҳалладаги янгидан қуриб, фойдаланишга топширилган 3,4-сонли қўп қаватли уйлар атрофида ҳам ахлатлар уюлиб ётибти. Уйлар атрофининг тунги ёритилиши таъминланмаган. Кириш йўлаги эшикларига қулфлар ўрнатилмаган. 3-уй ертўласидаги сув ҳайдаш насоси ишдан чиққанлиги сабабли хонадонларда сув таъминотида узулишлар бўлмоқда. Бинонинг томга чиқиш тўйнигига махсус нарвон ўрнатилмаган. Шунингдек, турар жой биноларининг кириш йўлаклари, том ва ертўласи кўздан кечирилганда, 7,9,13 ва 14-а уйларнинг ертўлалари чиқиндихонага айлантирилгани, ахлат уюмларига тўлиб ётганлиги, айрим жойларда электр симларининг очиқ ҳолатда эканлиги, йўлакларда эшикларнинг йўқлиги маълум бўлди. 7,8,9,12 ва 14-а уйларда канализация тизими ишламайди. Ҳудудда оқова сув йўллари носозлиги сабабли ёғин сувлари уйларнинг ертўлаларига сизиб кириб, биноларга зарар етказмоқда.
Хулоса ўрнида айтганда, 4-сектор ҳудудида бўлган кўп қаватли турар жой биноларидаги мавжуд муаммо ва камчиликларни зудлик билан бартараф этиш борасида мутасаддилар тезкор чора-тадбирларни белгилаб, ижросини таъминлашлари лозим. Бунда албатта, мазкур уйларда ҳаёт кечираётган ҳурматли юртдошларимиз ҳам қайғуришлари керак. Зеро, тозалик-ободончилик ишларига аҳолининг қўлни қўлга бериб, бош-қош бўлиши азалий удум ва анъаналаримиз сирасига киради. Шундай эмасми?

С.ҲАЙДАРОВ,
туман Халқ қабулхонаси етакчи мутахассиси
Т.ЮСУПОВ,
"Гулобод тонги" газетаси махсус мухбири
Сурат муаллифи Б.ҚОДИРОВ


Последнее редактирование: 27/02/2020 15:07;   Просмотров: 742
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку