Коррупция бир неча минг йиллик тарихга эга. Ёзма манбаларда коррупция ҳақида эрамиздан аввалги Шумер подшолиги даврида эслатиб ўтилади.
Бироқ жамият ривожига хавф солувчи коррупциянинг олдини олиш, унга қарши курашиш Ер юзидаги барча давлатларда ҳамиша ва ҳамма замонда давом этмоқда.
Коррупция – шиддат билан илдамлаётган замоннинг глобал занглашидир. У бор жойда ўсиш ҳам, юксалиш ҳам бўлмайди. Қисқа қилиб айтганда, коррупция – нурли келажакка тўсиқдир. Бу иллатни таг-туби билан йўқотиш асосий ва муҳим вазифаларимиздан бири ҳисобланади.
Халқимизнинг том маънодаги адолат қарор топган жамиятда яшаши учун нафақат масъул шахслар, балки ҳар бир фуқаро ўз ҳиссасини қўшиши зарур. Бу фуқароларимизда коррупцияга, аниқроқ айтганда, ҳар қандай қонунбузарликка нисбатан муросасизлик кайфияти, маданияти шаклланишига ҳам боғлиқ. Чунки ҳар қандай қонунбузарликлар содир этилишига, кўпайишига кўп ҳолларда ўзимизнинг бефарқлигимиз, лоқайдлигимиз сабаб бўлиб келмоқда. Барчанинг якдиллиги, юрт тақдирига дахлдорлиги кучайиши ҳар қандай иллатнинг батамом барҳам топишига хизмат қилади.
Ушбу иллатга қарши кураш учун аввало жамиятда, унинг ҳар бир аъзосида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият юксалиши лозим.
Бу борада жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида Самарқанд вилояти божхона бошқармаси раҳбарияти, Коррупцияга қарши курашиш ва ўз хавфсизлик бўлими ҳамда Кадрлар бўлими томонидан ёш божхона ходимларнинг ота-оналари ва яқин қариндошлари иштирокида коррупция ҳолатларини содир этмаслик ва қонунчиликка қатъий риоя этиш юзасидан мунтазам равишда профилактик суҳбатлар ва йиғилишлар ўтказиб келинди.
Ушбу йиғилиш ва суҳбатлардан кўзланган асосий мақсад, коррупция иллатига аралашиб қолишини олдини олиш ва божхона ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида етарлича шарт-шароитлар яратилганлиги ҳақида тадбир иштирокчиларига етказишдан иборат.
Бундан ташқари ходимлар орасида интизом бузилиш ҳолатларини олдини олиш, ҳар бир ходим ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариши, тадбиркорлик субъектлари билан муомала қилиш маданияти ҳамда одоб-ахлоқ қоидалари талаблари юзасидан профилактика ва тарбиявий ишлар мунтазам равишда ўтказилиб келинмоқда.
Президентимиз таъкидлаганларидек, коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз. Биз коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак.
Шу туфайли, фуқаролардан божхона ходимлари томонидан бирон-бир қонунбузилиш ҳолатлари содир этилганида зудлик билан Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг 11-08 қисқа ҳамда Самарқанд вилояти божхона бошқармасининг (66) 233-63-00 рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилишларини сўраб қоламиз.
Унутманг, ватанимизнинг эртанги келажаги учун барчамиз бирдек масъулмиз!
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.