унга қарши курашиш барчанинг иши
Коррупция - тараққиёт йўлига жиддий тўсиқ, жамоат ривожи, соҳалар юксалишига бевосита таҳдид туғдирадиган иллат. У дунёнинг аксарият мамлакатларида энг долзарб ва ўткир масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Коррупция чегара танламайди, жамият ҳаётининг барча жабҳаларида илдиз отиб, умуминсоний қадриятларни, эркинлик ва демократия негизларини емирмоҳда, жамиятнинг маънавий-ахлоқий асосларига салбий таъсир кўрсатмоқда. Айнан ушбу иллат туфайли фуқароларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига ишончи сусаяди, мамлакатларнинг иҳтисодий тараққиёти орқага кетади. Шу боис ҳам ҳеч бир жамият коррупция илдизига болта урмасдан бурун барқарор ривожланиш сари қадам ташлаб олмаслиги ҳаётий ҳақиқатдир.
Қайд этиш лозимки, коррупция - аниқланиши, юзага чиқарилишига кўра, нисбатан қийин жиноят саналади. Мисол учун, ўғрилик содир этилганда, ўзганинг мол-мулки ноҳонуний ва яширин равишда талон-тарож қилинади. Жиноят факти шундоқ кўриниб туради - мулкдор мулкидан ажралган, унга мулкини қайтариш лозим ва бу вазиятда ўғрини топиш керак, холос. Аммо пора олиш ва беришда жиноий ҳаракат факти яширин, яққол кўринмайди. Пора берувчи ўз манфаати йўлида ва ишини осон битириш учун мулк ва маблағидан жиноий мақсадда фойдаланади. Пора олувчи эса жамиятда ўрнатилган қонун ва тартибни бузади, ғайриқонуний бойлик орттириб, нафсини қондиради. Ҳар икки жиноий фаолият иштирокчиси ҳам ўз жиноятининг маълум бўлмаслигидан манфаатдор бўлади. Шунинг учун бугунги кунда дунёнинг барча мамлакатлари ана шу яширин, аниқланиши ва юзага чиқариши мушкул бўлган жиноий фаолиятдан азият чекмоқда. Коррупцияга Қарши фақат қонун ва ҳуқуқ тарғиботи воситасида курашиш камлик ҳилади. Жамиятда коррупция ҳолатининг кучайишига инсон маънавий таназзули ҳам сабаб бўлади. Чунки, қонунларга беписандлик, пора олиш ва бериш, хизмат ва туҳфалар эвазига кимгадир раҳнамолик қилиш, хизмат лавозимларига ошна-оғайнигарчилик орқали эришиш, истеъдод, ишга лаёқат, ишчанлик ва малака каби факторлардан кўз юмиш - бу инсонлар маънавияти ва тарбиясида адолат, ҳақиқат, ҳалол, ҳаром, гуноҳ, увол сингари ҳислар ва тушунчалар хиралашиб бораётганлигидан далолат беради. Муқаддас динимизда ҳам порахўрлик, юлғичлик қаттиқ қораланган. Бировнинг ҳақидан ҳазар ҳилиш жоизлиги, жиноятга албатта, жазо муқаррарлиги таъкидланган.
Бугун мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш чораларини кучайтириш, уни таг-томири билан йўқотиш, бу борадаги ҳуқуқий асосларни янада мустаҳкамлашга жиддий аҳамият берилмоҳда.
Хусусан, муҳтарам Юртбошимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқида бунга яна бир бор эътибор қаратиб, "Коррупцияга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қанчалик ҳаракат қилмасин, халқимиз бу жирканч иллатга муросасиз бўлмас экан, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатмас экан, бу балога қарши самарали курашни ташкил эта олмаймиз. Бу иллат билан нафаҳат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, балки ҳар бир жамоа жиддий курашиши керак. Шунинг учун ҳар бир давлат идорасида жамоатчилик томонидан назорат қилинадиган коррупцияга қарши курашиш бўйича ўз ички дастурлари бўлиши шарт" деб алоҳида таъкидладилар.
Гулноза АҲРОРОВА,
туман молия бўлими бош юрист - консульти
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.