Оқолтин туманида кўп қаватли уйларнинг қурилишида 1,5 млрд сўм бюджет маблағлари талон-торож қилинди. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Оқолтин туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ ИК Сирдарё вилояти филиали ва “S.S.” МЧЖ мансабдор шахслари ўзаро тил бириктириб, Оқолтин тумани “Кўркам диёр” массивида 1 та кўп қаватли уй-жойнинг қурилганлиги ҳақидаги ҳужжатларга ҳақиқатда бажарилмаган 949 млн сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини қўшиб ёзиш орқали бюджет маблағлари талон-торож қилинганлиги аниқланган.
Шу каби, “Y.N” МЧЖ томонидан массивдаги 1 та кўп қаватли уй-жойнинг қурилганлиги ҳақидаги ҳужжатларга ҳақиқатда бажарилмаган 586 млн сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини қўшиб ёзиш орқали бюджет маблағлари талон-торож қилинганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ ИК Сирдарё вилояти филиали мансабдор шахслари ва жамият раҳбарларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.