Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

КОНСТИТУЦИЯ – АСОСИЙ ҚОНУН

Инсон пайдо бўлгандан буён яратувчанлик ишқи билан яшайди. У нимани ўйламасин, ундан мақсад яшаш тарзини яхшилашга қаратилган интилиш бўлган. Жумладан, у томондан ҳаётда инсонга хос умргузаронлик қилиш учун маълум тартиб-қоидалар ишлаб чиқилганки, унга амал қилиш орқали адолатли давлат яратиш ва халқнинг фаровон ҳаёт кечириши мумкинлиги қатъий белгилаб қўйилган. Яшаш учун қўлланма бўлган бу манба конституция бўлиб, бу атама Қадим Римдаёқ маълум бўлган.

Конституция (лотинча “Constitution” – тузилиш, тузук) – давлатнинг асосий қонуни бўлиб, у давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шакллантирилиш тартиби, сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва шахснинг ўзаро муносабатлари, шунингдек, суд тизимини ҳамда давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларини белгилаб беради.
Ўтмишда Ўрта Осиё халқларининг ҳаёти асосан шариат қонунлари асосида бошқарилган бўлса-да, Амир Темур даврига келиб Соҳибқирон томонидан яратилган “Тузуклар” Шарқ ва Осиё мамлакатлари цивилизациясига хос алоҳида шаклдаги конституциявий ҳужжат хусусиятига эга бўлди ва у Марказий Осиё минтақаси халқлари тақдирига кучли таъсир ўтказган.
Мамлакатимизда янги Конституция ҳақидаги илк фикрлар 1989 йили Ўзбекистонда “Ижтимоий фанлар” журналида, расман эса “Ўзбекистонга янги Конституция керак” деган ғоя 1990 йил 30 мартда Ўзбекистон Олий Кенгашининг биринчи сессиясида илгари сурилди. 1990 йил 24 мартда собиқ Иттифоқ республикалари ичида биринчи бўлиб Ўзбекистонда Президентлик бошқаруви жорий қилиниши ва мазкур сессияда мустақил Ўзбекистон давлатининг рамзларини ишлаб чиқиш бўйича Махсус комиссия тузилиши амалдаги асосий Қомусимизнинг тарихини бошлаб берди.
1990 йил 20 июнда Мустақиллик декларациясининг қабул қилиниши ва 1990 йил 21 июнда асосий қонун ишлаб чиқиш бўйича Республикамизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов бошчилигида 64 кишидан иборат Конституциявий комиссия тузилишини Қомусимиз яратилиши тарихи йўлида қўйилган иккинчи қадам дейиш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг яратилиш жараёни бугунги кунда қонунчилик жараёни учун катта сабоқ мактаби бўлди. Чунки, Конституция лойиҳасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик кенгаши каби нуфузли халқаро ташкилотлар ва АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция каби демократик давлатлар мутахассисларининг синчков экспертизасидан ўтгани, айниқса, Конституция лойиҳасининг умумхалқ муҳокамасига қўйилиб, жуда бой материал тўплангани давлатимиз, жамиятимиз ва ҳар бир инсон саъй-ҳаракатларини, уларнинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб ва чегаралаб берувчи қомус яратилишига олиб келдики, бу ҳар қандай ҳужжат ҳар томонлама ўйланиб, реал ҳаётга мослаб тузилса мукаммалик даражасига етади деган ақидани тасдиқлади. Буни яна асосий қонунимизни ишлаб чиқишда Шарқ ва Ғарб, Жануб ва Шимолнинг 97 та мамлакати тўплаган илғор конституциявий тажриба ҳисобга олингани билан ҳам изоҳлаш мумкин.
Асосий Қонунимиз муқаддимаси бошқа аксарият давлатлар Конституцияларида учрамайдиган қуйидаги сўзлар билан бошланади: “Ўзбекистон халқи инсон ҳуқуқларига ва давлат суверенитети ғояларига содиқлигини тантанали равишда эълон қилиб, ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятни англаган ҳолда, ўзбек давлатчилиги ривожининг тарихий тажрибасига таяниб, демократик ижтимоий адолатга садоқатини намоён қилиб, халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидалари устунлигини тан олган ҳолда республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилиб, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишни кўзлаб, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш мақсадида, ўзининг мухтор вакиллари сиймосида Ўзбекистон Республикасининг мазкур Конституциясини қабул қилади”
Бош қомусимиз халқаро ҳуқуқ нормаларига мос келса-да, у миллий ҳуқуқимизнинг асосий манбаи бўлиб, аждодларимизнинг бой меросига ва халқимизнинг урф-одатлари, сиёсий ва ҳуқуқий тажрибаларига асослангани билан бошқа коституциялардан фарқ қилади. Масалан, Конституциямизда шахснинг ёши, миллати, ирқи, ижтимоий аҳволи билан боғлиқ ҳеч қандай чеклашлар йўқ. Масалан, бошқа мамлакатларнинг фуқароликка эга бўлиш тўғрисидаги қонунчилигида кузатишимиз мумкин бўлган тил билиш ва ўтроқлик негизлари борасида ҳам чеклашлар йўқ, бундан қатъий назар, тенг фуқаролик ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилган.
Конституция – ҳуқуқий билимлар алифбоси, ҳуқуқни билиш эса Конституцияни ўрганишдан бошланади ва ҳар қандай ҳуқуқий фуқаролик жамиятининг пойдевори - Конституция ҳисобланади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 20 июнь куни имзолаган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма беш йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойиш ҳам, Ўзбекистон Конституциясининг ҳаётдаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб этиш, фуқаролар, айниқса, ёшлар қалбида қонунга ҳурмат, Ватанга меҳр ва садоқат туйғусини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш ҳамда Асосий Қонун қабул қилинганининг йигирма беш йиллик санасини кенг нишонлаш мақсадида қабул қилинди.
Конституциямиз вақт ўтган сари ўз нуфузини, халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини мустаҳкамлаб бормоқда. Бизнинг мақсадимиз эса унинг жамиятдаги нуфузи ва аҳамиятини, мазмун ва моҳиятини фуқароларнинг, айниқса ёш авлоднинг онг-идрокига чуқурроқ сингдиришдир.
Зеро, ўз оиласидаги тартиб-қоидаларга амал қиладиган, уни ҳурмат қиладиган фарзанд бошқаларнинг ҳам мана шундай талаб-тартибларига риоя этишлари лозимлигини англайди, уларни ҳурмат қила билади. Шу маънода Конституциямиз барчамиз учун асосий мезон бўлиши, унинг қоидалари ҳаётимизнинг асосий қоидалари ва мақсадларига айланиши даркор.
Ҳуқуқий таълим-тарбия дастлаб оилада шаклланади. Боланинг шаклланиши, жамиятда ўз ўрнини топиши ҳамда маънавий баркамол инсон бўлиб вояга етишида оила асосий пойдевор ҳисобланади. Болада ҳуқуқий таълим ва тарбияни шакллантиришнинг кейинги босқичлари мактабгача таълим ва умумий ўрта таълим муассасаларида, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ва олий таълим даргоҳларида амалга оширилади.
Фуқароларнинг интеллектуал ва маънавий салоҳияти, ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш орқали Ўзбекистон ривожланган демократик давлатлар қаторидан жой олиши мумкин. Юртимизда аҳоли, айниқса, ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини ошириш энг устувор вазифа қилиб қўйилгани ҳам шундан.

Тошпўлат ЮСУПОВ


Дата добавления: 01/09/2017 15:15;   Просмотров: 1291
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку