Комсток қурти cўрувчи ҳашаротлар оиласига мансуб бўлиб, хавфли ички карантин ҳашароти саналади. Уни деярли мевали ва мевасиз дарахтсимон ўсимликлар ҳамда ўтсимон ўсимликларда учратиш мумкин. Мевали дарахтлардан анор, олма, нок, шафтоли, шунингдек, тутларни қаттиқ зарарлайди. Унинг урғочисининг танаси узунлиги 3-4 мм, тухум қўйиш даврида 5-6 мм га етади. Танаси оқ мумсимон парда билан қопланган, четларида 17 жуфт мумсимон ўсиқ, шу жумладан, тана узунлигининг ярмигача борадиган иккита дум ипи бор.
Кўзлари йирик, мўйловлари 8 бўлим-ли, эркаги 1,2-1,5 мм узунликда, қанотли, туси қизғиш, кўзлари қора, қизил доиралар билан ўралган. Мўйловлари 10 бўғимли. Урғочиси 600 га яқин тухум қўяди. Тухумининг катталиги 0,3 мм, овал шаклда. Дарахтлар ковагида, ўсимлик илдизларида, хазон орасида, девор ёриқларида тухумлик босқичида қишлайди ва бир йилда 3-4 марта авлод беради. Биологик жиҳатдан олиб қараганда кўп уруғли бўлгани боис унга қарши курашиш жуда қийин кечади. Бу қурт Ўзбекистонга бундан 75 йил олдин кириб келиб, кенг тарқалган. Зараркунанда асосан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ва кўчатлар орқали кенг тарқалади. Комсток қуртининг зараридан новдалар қинғир -қийшиқ бўлиб, барглар сарғаяди ва қуриб қолади, дарахт танаси, илдизлари, шохларида шиш ва ёриқлар ҳосил бўлади ва дарахтни умуман қувватдан кетказади. Комсток қурти тарқалган дарахт ва ўсимликларга циперфос, дурсбан, талстар, бензофосфат, моспилан, конфидор, циперметрин препаратлари билан ишлов берилади.
Унга қарши кураш чораларининг энг афзали бу биологик усулдир. Комсток қуртининг кушандаси бўлган псевдафикусни кўпайтириб, зарарланган ҳудудларга тарқатиш лозим. Агротехника тадбирларини ўз вақтида ўтказиш; бегона ўтлар, кузда хазонларни ва қуриган шох-шаббаларни йиғиштириб ёқиб ташлаш; экиладиган янги кўчатларни махсус хоналарда дезинфекция қилиш шарт.
А.РАҲИМОВ,
туман ўсимликлар карантин
инспекцияси агроном- инспектори
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.