Мамлакатимизда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ўсиши ва яхши ривожланиши учун ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ходимлари томонидан бегона ўтлар ва зараркунандаларга қарши курашишда муаян ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Ана шундай зараркунандалардан бири – Колорадо қўнғизи қишлоқ хўжалигига катта зарар етказадиган ўта хавфли карантин ҳашоратлардан биридир. Қуйида ана шу ҳашарот ва унга қарши курашиш чоралари ҳақида тўхталамиз. Колорадо қўнғизи олигафак, у фақат итузумдошлар оиласига мансуб ўсимликлар билан озиқланади. Булар ичида картошка энг афзал озуқа ҳисобланади. Кейинги ўринда бақлажон ва помидор туради. Личинка ва қўнғизи ўсимлик баргини еб зарарлайди. Ҳар туп картошка ўсимлигида 20-40 дона личинка ва қўнғиз мавжудлигида барглар 50-100 фоиз нобуд бўлиши мумкин. Бу эса ҳосилнинг кескин камайишига олиб келади.
Ўзбекистонда колорадо қўнғизи биринчи бор 1974 йилда Тошкент вилоятида аниқланган. Колорадо қўнғизлар дала шароитида 20-60 см. чуқурликда қишлаб қолади. Баҳорда ер сатҳи 14-15 0 С гача қизиши билан қўнғизлар учиб чиқа бошлайди. Қўшимча озиқлангандан сўнг ҳашаротлар урчийди ва ўртача қўнғизлар барг тагига тўп-тўп қилиб 12-80 тадан тухум қўяди. Ўртача бир урғочи қўнғиз 400-700 та, кўпи билан 2400 дона тухум қўйиши мумкин. Тухуми 5-17 кун ривожлангандан кейин личинка чиқади ва ўсимлик билан озиқланиб 16-34 кун ичида тўрт марта пўст ташлайди. Личинкалари ерга тушиб, 5-15 см чуқурликда ғумбакка айланади. Ғумбак ривожланиши 12-24 кун давом этади. Мамлакатимизда колорадо қўнғизининг совуққа чидамлилиги юқори эмас. Тажрибалардан маълум бўлишича 9-110С да 9 соат мобайнида 50-100 фоиз қўнғиз қирилади.
Зараркунанда мавжуд туман ва хўжаликлардан картошкани олиб кетишдан олдин маҳсулотни ҳашоратлардан тозалаб, барча карантин чораларини кўриш зарур. Агротехник тадбирларда ўсимликка юқори даражада ишлов бериш органо-минерал ўғитлар билан таъминлаб, унинг бардошлилигини ошириш, ҳосил йиғими олдидан пояни ўриб олиш, ҳосил олингандан сўнг даладаги картошка қолдиқларини териш ва ерни чуқур шудгорлаш ушбу зараркунандадан қутилишга хизмат қилади.
Колорадо қўнғизининг 50 дан ортиқ кушандалари мавжуд. Улар ичида полифанг олтин кўзлар, хонқизи, қандала, чумоли ва ўргимчаклар алоҳида ўрин тутади. Улар туфайли зараркунанда, асосан, нобуд бўлиши мумкин.
Кичик майдонларда экилган итузумдош ўсимликларни колорадо қўнғизидан ҳимоя қилиш учун унинг тухумини қўлда териб ташласа ҳам бўлади.
Фурқат АБДУҲАМИДОВ,
Абдуботир РАҲИМОВ,
ўсимликлар
карантини инспекторлари
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.