Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

КЕНГ УЙНИНГ КЕЛИНЧАГИ

Ушбу ном билан "Тошкент" Бадиий адабиёт нашриётида (1964 й) 60 минг нусхада чоп этилган нодир илмий асар таниқли тилшунос олимлар Ш.Шомақсудов ва С.Долимов қаламларига мансуб бўлиб, халқимиз ақл-шуури, ҳаётий тажриба-мушоҳадалари маҳсули бўлмиш ҳикматли иборалар шарҳига бағишланган. Китобнинг сўз бошисида таъкидланганидек "Иборалар мақол ёки халқ оғзакт ижодининг бошқа турлари каби алоҳида бир жанрдир. Бу жанр ҳам халқнинг тарихи, маиший ҳаётини, унда мавжуд бўлган воқеаларни, характерини ҳодисаларни, жамиятдаги айрим шахсларнинг хулқ-атворини акс эттиради. Ибораларда, мақолларда бўлганидек, умумлашган хулосалар ифода этилади, янги турмушдаги воқеаларга, айрим шахсларнинг хулқ-атворига нисбатан хулосалар чиқарилади".

Ҳа, халқ орасидаги сермаъно иборалар кундалик ҳаётимизда, айниқса кексалар, билимли ёшлар, уй бекалари, матбуот ва адабиёт вакиллари томонидан тез-тез тилга олиниб, давраю анжуманлар аҳлига хушнудлик бахш этмоқда. Қуйида адабий тилимиз жилоси, суҳбатларимиз шираси бўлган образли иборалардан намуналар эътиборингизга ҳавола этилмоқда.
Н.КАРИМОВ

АРПАНИНГ ИЧИДА КЕСАК БОР
Сирдош, дўст, самимий улфатларнинг орасига бегона киши аралашиб қолади. Сирдош дўстлар яйрашиб гаплаша олмайдилар. Улардан бири сир бой бериб қўймоқчи бўлганда, улфат аъзолари огоҳлантириб, бегона одамга ишора қилиб, "арпанинг ичида кесак бор" иборасини ишлатади.

АКАСИ КЕТДИМИ?
Қўлидан келадиган бир ишни қилиб беришни истамаган ёки чиқимдор бўлмайди-ю, гўё пули кетадигандек қаршилик кўрсатадиган одамга нисбатан "акаси кетадими?" ибораси ишлатилади.

БАҒРИ БУТУН
Шундай ота-оналар борки, ёки шундай кишилар бўладики, улар ҳамма нарсадан тўла-тўкис, ҳеч нарсадан камчилиги, нуқсони бўлмайди. Шундай ота-оналар ва шундай одамларга нисбатан "бағри бутун" ибораси ишлатилади. Ёзувчилар бундай иборалардан ўринли фойдаланиб, уни кенг маънода ишлатадилар.
Узоқ Шарқ қўшини бордир,
Шунинг учун тинчдир ул кўнгил.
Шунинг учун осойишта ул,
Шунинг учун бағри бутундир.
Ҳ.ОЛИМЖОН

БЕЛИ БАҚУВВАТ
Бу ибора икки маънода ишлатилади. Полвон, кучли, зўр одамларга бели бақувват дейдилар. Бу "бели бақувват" иборасининг тўғри маъносидир. Аммо халқ орасида бу ибора кўпроқ мажозий маънода ишлатилади. Давлатли, пули кўп, давлати зўр одамларга нисбатан "бели бақувват" дейилади.

БИР КЎЙЛАК ЭТ
Бу ибора етилган, семирган одамга нисбатан ишлатилади. Хусусан, ёш келин, бўйига етган соғлом қизларга нисбатан қўлланади.


Последнее редактирование: 08/01/2020 17:22;   Просмотров: 897
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку