Ҳамма ишга улгуриш замони келди. Айниқса, давр, жамият ва давлат талабларидан келиб чиқадиган ҳаётан зарур, долзарб вазифалар ижросини таъминлашда омилкорлик, шижоат, садоқат ҳамда масъулият билан ёндошиш талаб этилмоқда.
Шу йил 4 июль куни ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлаш, улар учун муносиб шароит яратиш, бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари Ёшлар куни арафасида қабул қилинган «Ёшлар - келажагимиз» Давлат дастури ижросининг реал ҳолати ва келгуси тезкор вазифалар хусусида очиқ ва аччиқ фикр юритди.
- Фарзанд тарбияси ва юриш-туришидан огоҳ бўлмасак, уларни илму ҳунарга ўргатмасак, кўзи меҳнатда қотмаса, муносиб иш топиб бермасак, уларни зарарли таъсирлардан ҳимоя қилиш қийин бўлади, - деди Президентимиз.
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қ.Қуронбоев бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам соҳа мутасаддилари, кенг жамоатчилик, ОАВ вакиллари иштирок этди.
Вилоятлар кесимида билдирилган таҳлилий-танқидий мулоҳазаларда ушбу Дастурнинг ҳар бир банди, ҳар бир йўналиши борасида тўхталиб ўтилди. Айниқса, ҳар бир маҳалла, ҳар бир олис қишлоқда уйма-уй юриб, ёшлар муаммоси, талаб - эҳтиёжини ўрганиш, иш, имтиёзли кредит, тадбиркорлик билан шуғулланишга, уй-жойга эҳтиёжини тегишли ташкилотлар билан ҳал этиб бериш, «Ёш китобхон» танловини юқори савияда ўтказиш, «Ҳафтада бир китоб» лойиҳасини амалга ошириш, ҳар бир туман ва шаҳарда «Ёшлар келажагимиз» жамғармаси филиалларини ташкил этиш аҳамияти таъкидлаб ўтилди. Жамғармада етарли миқдорда маблағ бўлади, фақат интилиш, иштиёқ ва аниқ бизнес лойиҳалар керак холос.
Жорий йил 12-14 июль кунлари юртимиз бўйлаб 10-30 ёшгача бўлган ўғил-қизлар ўртасида «Ёш китобхон» танлови ўтказилиши белгилаб олинди.
Замон сизга боқмоқда, азиз ёшлар, ҳаракатга тушинг, ўзингиз, ўзлигингизни намоён этинг!
Н.КАРИМОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.