Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

“Келажак пресс” ижодий уюшмаси ходимларининг СамарҚанд тумани аҲлига М У Р О Ж А А Т И

Ҳурматли тумандошлар!
Кам сонли бўлса-да, жамоамиз аъзолари ҳам кўпчилик ҳамюртларимиз қатори дам олиш кунлари пахтакорларга ёрдам бериш учун ҳашарга чиқяпти. Пахталари қийғос очилган далаларни кўриб, кишининг баҳри-дили очилади. Илгарилари пахта теримига мактаб ўқувчилари ҳамда ўрта ва олий таълим муассасаларида таҳсил оладиганлар жалб этиларди. Кейинчалик пахта ҳосилини териб олиш тўлиқ улар зиммасига юклатилгани кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Ўрта ёки катта ёшдаги кишиларнинг пахта теримида деярли кўзга ташланмагани ҳам рост. Лекин, мана бир неча йилдирки, пахта теримида мактаб ўқувчиларининг меҳнатидан фойдаланиш давлат томонидан ман этилди. Тўғри қарор – ривожланишни мақсад қилган ҳар бир мамлакатда болалар, энг аввало таълим олишлари шарт, қандай вазият бўлмасин, дарс қолдирилиши мумкин эмас.

Пахта техника экини. Агар уни қўлда териб олишни айтмаса, барча иш машиналар ёрдамида бажарилади. Шунинг учун пахта ҳосилини яратганга қадар, қишлоқ хўжалигининг бу соҳасига кўп ишчи кучи талаб этилмайди. Албатта келгусида теримни ҳам тўлиқ техника орқали амалга ошириш белгиланган. Лекин бугунги кунда далада яратилган ҳосилни териб олмаслик - увол ва гуноҳ. Пахтакор туманларнинг экин майдони кўп ва майдонга нисбатан аҳоли сони кам. Шундай экан, уларга ёрдам берилмаса, юртимизда етиштирилган пахта ҳосили ҳайф кетиши мумкин.
Туманимизда 77та маҳалла бўлса, уларда вақтинча ишламайдиган ва меҳнат билан банд бўлмаган одамлар анча топилади. Бундан ташқари уюшмаган ёшларда ҳам дам олиш кунларини пахта далаларида ўтказиб, пахтакорлар яратган ҳосилни териб олишда ўз ҳиссаларини қўшиш имконияти мавжуд. Энг асосийси, уларнинг бу савобли ишга иштирок этишлари моддий эҳтиёжларини қисман қоплашга ҳам қўл келади. Айни вақтда пахтакор фермерлар томонидан ҳашарчиларнинг пахта теримида иштирок этиши учун барча шароитлар яратилган ва терилган пахта учун ҳақ тўланмоқда.
Азиз тумандошлар!
Халқимизнинг қадимий қадриятларидан бири бу ҳашардир ва унинг туб замирида аждодларимизнинг инсонийлик, меҳр-оқибат, ўзаро ҳамжиҳатлик, юртга муҳаббат каби эзгу фазилатлари мужассам. Шундай экан, ушбу анъанани давом эттириб, миллатимизга хос бўлган удумни улуғлаб, пахтакорларга ёрдам қўлини чўзайлик. Зеро, бугунги кунда пахта мамлакатимиз иқтисодиётини янада ривожлантириш, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришда асосий хомашё бўлиб турибди. Бир пайтлар олис юртларга арзон-гаровга олиб кетилган пахтамиз, эндиликда мамлакатимизнинг ўзида қайта ишланиб, арзон ва сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётгани барчамизни фахрлантиради.
Барчани пахта теримига - ҳашарга чорлаймиз!

(Мурожаатнома жамоа ходимларининг 2017 йил 18 октябрдаги йиғилишида маъқулланган).


Дата добавления: 20/10/2017 13:13;   Просмотров: 1250
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку