Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

КЕКСАЛАРГА МУРУВВАТЛИ БЎЛИШ ёш авлоднинг бурчидир

Барчамизни оқ ювиб, оқ тараган, она юртимизнинг оғир юкини, унинг қувонч ва ташвишини умр бўйи елкасида кўтариб келган мўътабар кексаларни рози қилиб, дуоларини олайлик. Ислом Каримов

Ҳеч эътибор берганмисиз, ўрта ёшдаги нотаниш кишилар суҳбатлашиб қолишса, гап орасида, албатта “Ота-онангиз борми?”, дея савол бериб қолишади. “Ҳа”, деса, “Бой экансиз” дейди, жавобдан руҳланиб. Дарҳақиқат, ота-она энг катта бойлик. Қаерда кексалар бўлса, ўша ерда хайру барака бор, деб бежизга айтишмайди. Зеро, шу ўринда мутафаккир шоир Алишер Навоийнинг қуйидаги ўгитларини келтириш айни муддао: “Ота-онани ҳурмат қилиш фарзандлар учун мажбуриятдир. Бу иккисига хизматни бирдек қил, хизматинг қанча ортиқ бўлса ҳам, кам деб бил. Отанг олдида бошинг-ни фидо қилиб, унинг боши учун бутун жисмингни садқа қилсанг арзийди. Икки дунёинг обод бўлишини истасанг, шу икки одамнинг розилигини ол! Туну кунга нур бериб турган бирисини ой, бирисини қуёш бил, улар чизган чизиқдан ташқарига бир қадам ҳам чиқма. Ҳамма хизматни сен одоб билан бажар, “адаб” сўзидаги “дол” каби қоматингни хам қил.”
Бутун жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таснифига кўра, 60 ёшдан 74 ёшгача бўлган аҳоли – кексалар, 75 ёшдан 89 ёшгача бўлган аҳоли – қариялар, 90 ва ундан ортиқ ёшдагилар узоқ умр кўрувчилар ҳисобланади. Юртимиз аҳолиси 32 миллиондан ошди. Шундан ёши олтмишдан ўтганлар тўққиз фоиз атрофида. Японияда бу кўрсаткич 17 фоизни ташкил этади. Демак, биз қуёш чиқар юрт вакилларидан анча “камбағалмиз”. Қарияларнинг юксак даражада эъзозланишини япон фильмларида кўп кўрганмиз, асарларида ҳам уларга кўрсатилган ҳурмат-эътибор бадиий буёқларда ёрқин тасвирланган, ўқиб таъсирланганмиз, ҳавасимиз келган. Нуронийлар манфаатини кўзлаб тузилган давлат дастурларининг ижроси мисли кўрилмаган ижобий натижаларга олиб келди. Буни биргина мисол сифатида Мустақиллик йилларида халқимизнинг ўртача ёши 1990 йилдаги 67 ёшдан 73,5 ёшга, аёллар ўртасида эса 75,8 ёшга етгани билан изоҳлаш мумкин. Умуман, мамлакатимизда кексаларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш Конституциямизнинг 39 ва 45-моддалари, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори ва фармонлари билан юксак даражада кафолатланган. Мақсад битта: қариялар қадр-ланишга муносиб, кексалар эъзозланиши ке- рак. Шу ўринда кўпчилик кексалар ва нуронийларни қувонтирган Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йил охирида қабул қилинган “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бўлди. Мазкур ҳужжат, асосан кекса ёшдаги фуқароларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими самарадорлигини янада ошириш, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаолроқ иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, катта авлоднинг жамият, оила ва маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, шунингдек ёш авлодни халқимизнинг кўп асрлик анъаналарини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш ишидаги ролини оширишга қаратилган.
Бугунги дориломон кунларда умргузаронлик қилаётган фахрийларни ҳурмат қилиш, эъзозлаш, уларга эътибор қаратиш барчамизнинг фарзандлик бурчимиздир. Шундай бўлса-да, бош қомусимизнинг 66-моддасида “Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамғўрлик қилишга мажбурдирлар”, деб кексаларни, ота-онани ҳурмат қилиш, уларга ғамхўрлик кўрсатиш фарзандлар учун мажбурийлиги белгилаб қўйилган. Шундай экан барчамизнинг ёдимизда бўлсин: кексаларни эъзозлаганлар кексайганда ҳурмат топадилар.

Хуршид НУРУЛЛАЕВ


Дата добавления: 17/02/2017 11:28;   Просмотров: 1467
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку