Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

КЎЧАДАГИ "БОЗОРЧИЛАР"

уларнинг фаолиятига қачон чек қўйилади?

Сўнгги йилларда Хожа Аҳрори Валий қўрғонида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Жумладан, йўллар кенгайтирилиб, текис ва равон ҳолатга келтирилди. Эски деҳқон бозори бузилиб, ўрнида аҳолига қулайлик яратиш мақсадида автобекат ва унинг атрофида эса замонавий дўконлар қад ростлади. Икки томонлама катта йўл ёқасида барпо этилган турли савдо дўконлари, дорихона, сервис ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қишлоқ кўркига кўрк бағишлади.
Қисқача айтганда Хожа Аҳрори Валий маскани қиёфаси тубдан ўзгариб, замонга мос обод гўшага айлантирилди. Бироқ, ҳар тўкисда бир айб деганларидек, бугун бу ердаги баъзи нохуш манзаралар киши дилини хира қилади. Булар ўша собиқ деҳқон бозори "деҳқон"ларининг шундоқ катта йўл ёқасида (туман туғруқхонаси ортида) ва савдо дўконлари олдидаги йўлакларда "сунъий бозорчалар" ташкил этиб, ўзбошимчалик билан савдо-сотиқ қилаётганликларидир. Бу ҳолат, аввало, автотранспорт ва йўловчилар ҳаракатланишига халақит берса, иккинчидан, санитария-гигиена қоидаларига ҳам тўғри келмайди. Таассуфки, мазкур ҳолат туманимизга ташриф буюраётган меҳмонлар, айниқса, чет эллик сайёҳларда ҳам ёмон таассурот қолдирмоқда.
Дарҳақиқат, савдо-сотиқ билан шуғулланиш истагидаги тадбиркорлар учун 1,5-2 км нарида "Ёғоч бозор" ва "ВНИК" деб аталувчи шифохона орасида янги деҳқон бозори қурилган. У ерда савдо расталари ва барча шароитлар муҳайё. Бироқ шунга қарамасдан бу "тадбиркорлар"нинг ўзбошимчалигидан таъбингиз хира тортади.
Улар билан суҳбатлашдик, аксариятининг важлари бир хил: янги бозорда харидор йўқ. Ҳозирда харидорлар бу ерга ўрганиб қолишган. Шу боис бизга шу ерда шароит яратиб беришсин. Мутасаддилар эса "Бунга ҳеч қандай ҳожат йўқ. Бу ҳақда бозор маъмурияти кўп бор бош қотиришган. Чунки, юқорида қайд этилган янги бозорда ҳар ҳафта жума кунлари одам гавжум бўлиб, савдо-сотиқ авжига чиқади"...
- Бу ерда савдо қилаётганларнинг бирортасида ҳам савдо фаолияти билан шуғулланиш учун тегишли ҳужжат ёки рухсатнома йўқ, - дейди, туман ДСИнинг ҳудуддаги инспектори О.Эргашев. - Деярли ҳар куни уларни огоҳлантириш ва савдосини тўхтатиш билан овора бўляпмиз. Бу борада туман ДСЭНМ ходимларининг ҳам саъй-ҳаракатлари зое кетяпти.
Хўш, масалага ечим борми? Уни ижобий ҳал этиш, ғайриқонуний савдо билан шуғулланувчиларнинг фаолиятини тартибга солиш бўйича нима қилиш мумкин? Бу борада таҳририятимиз масъул давлат идораларидан тегишли жавоб кутиб қолади.

Зоҳир ҲАСАНЗОДА
Тошпўлат ЮСУПОВ


Последнее редактирование: 26/04/2019 15:26;   Просмотров: 818
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку