Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

КАСАБА УЮШМАСИ ҚУМИТАСИ ЁКИ ХОДИМЛАРНИНГ БОШҚА ВАКИЛЛИК ОРГАНИ РОЗИЛИГИНИ ОЛИШ

Иш берувчининг ташаббусига кўра ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишни ходимларнинг вакиллик органи билан келишиб олиш шарт, башарти бу жамоа шартномаси ёки жамоа келишуви (МК 101- модда) да кўзда тутилган бўлса. Яъни, агар тармоққа оид ёки ҳудудий жамоа келишуви иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишга вакиллик органининг олдиндан розилигини олишни кўзда тутса, мазкур ташкилотнинг жамоа шартномасида айтиб ўтилган - ўтилмаганлигидан қатъи назар бундай розилик олиниши керак.

Чунки, ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш бўйича вакиллик органининг йиғилишида ходимнинг ўзи иштирок этганлиги факти ушбу босқичнинг яна бир муҳим жиҳати ҳисобланади. Амалдаги меҳнат қонунчилиги ходимнинг ҳозир бўлишининг мажбурийлигини кўзда тутмайди. Лекин жамоа шартномаси ёки жамоа келишуви бундай нормани сақлаши мумкин. Бунинг устига, мазкур банд Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси томонидан ишлаб чиқилган жамоа шартномаси намунасида мавжуд, демакки, ижро этиш тавсия қилинган.
Касаба уюшмаси қўмитасининг ходимни ишдан бўшатиш масаласи кўриб чиқиладиган мажлиси хусусида ходимни юқорида кўрсатилган усуллар билан огоҳлантириш мумкин. Агар лозим даражада огоҳлантирилган ходим йиғилишга узрли сабабларсиз келмаган бўлса, йиғилишни кўчириш учун асос йўқ. Бироқ, агар ходим бетоб бўлса ёки унинг йиғилишда ҳозир бўлмаслиги учун бошқа узрли сабаблар бўлса, йиғилишни бошқа вақтга кўчириш мақсадга мувофиқ бўлади.
БуйруҒни расмийлаштириш
Меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқ ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахс томонидан имзоланади. Яъни ходимларни ишга қабул қилиш ва бўшатиш бўйича ваколатлар унга тегишли ҳужжатлар - устав, низом, ишончнома ва бошқалар билан унинг заммасига юклатилган бўлиши даркор.
Охирги иш куни меҳнат шартномаси бекор қилган кун ҳисобланади. Аммо кўпинча кадрлар хизматлари ходимлари ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқни "олдиндан" расмийлаштиришади, бу эса баъзан қатор муаммоларни юзага келтиради.
Масалан, ишдан бўшатишда иш берувчи ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақидаги буйруқ нусхасини бермаган. Орадан 2 ой ўтгандан кейин ходим ишга тиклаш тўғрисида судга даъво аризасини тақдим этган, чунки у ишдан бўшатилишига рози эмас. Суд процессида иш берувчи тараф даъвогарнинг судга мурожаат этиш муддати ўтиб кетгани боис (ходимга буйруқ нусхаси топширилган кундан бошлаб 1 ой, МК 270 - модда) даъво аризасини кўриб чиқишни рад этишни сўраб илтимоснома билан мурожаат этган. Бироқ суд ходимнинг буйруқ нусхасини олмаганини белгилаб, илтимосномани рад этган.
МеҲнат дафтарчасини бериш
Шунингдек, ишдан бўшатиш кунида иш берувчи унга меҳнат дафтарчасини топшириши шарт. Жуда кўп ҳолларда иш берувчилар ходимга меҳнат дафтарчасини ўз вақтида топширишмайди, буни қуйидаги сабаблар билан асослайдилар: "ходим айланма варақни тўлдирмаган", "моддий жавобгар ходим унга ишониб топширилган қийматликларни қабул қилиш- топширишни расмийлаштирмаган" ва ҳоказо. Ҳеч қандай сабаб, жумладан юқорида келтирилган сабаблар ходим ишдан бўшатилгандан кейин унга меҳнат дафтарчасини беришни кечиктиришга асос бўлолмайди ва у ўз вақтида топширилмаганлиги сабабли мажбурий прогулни тўлашга сабаб бўлади.
Иш берувчилар йўл қўядиган яна бир хато - меҳнат дафтарчасига ишдан бўшатиш тўғрисидаги қайдни, моддани ёки меҳнат шартномаси бекор қилиниши сабабини кўрсатган ҳолда киритишдир. Масалан, "Ўз меҳнат мажбуриятларини мунтазам бузганлиги муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинди". Бундай хато ходимнинг меҳнат дафтарчаси мазмунини бузиши шубҳасиз ҳамда кейинчалик бошқа иш берувчиларга ишга жойлашишида тўсиқ бўлиши мумкин. Шунинг учун меҳнат шартномаси бекор қилинади деб қайд этишни ўзи кифоядир.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, иш берувчининг ташаббуси билан ходимни ишдан бўшатаётганда қуйидаги қоидаларга қатъий риоя қилиш зарур:
- фақат МКнинг 100-моддасида белгиланган асослар бўйича ишдан бўшатиш;
- ходимни ишдан бўшатилиши ҳақида МКнинг 102-моддасида талаб этилганидек, олдиндан огоҳлантириш;
- жамоа шартномаси ёки келишувида кўзда тутилган тақдирда ишдан бўшатиш учун вакиллик органининг розилигини олиш.
- меҳнат шартномаси бекор қилинган кунда: буйруқни расмийлаштириш, унинг нусхасини ходимга меҳнат дафтарчаси билан топшириш.
Ишдан бўшатиш асосларини меҳнат дафтарчасида қайд этмаслик.

Фазлиддин ЮЛДОШЕВ,
туман бандликка кўмаклашиш
Маркази давлат Меҳнат ҳуқуқ инспектори


Дата добавления: 12/07/2019 10:29;   Просмотров: 826
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку